Линклар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида ҳалокатга учраган Boeing-737-800 йўловчи ташувчи самолёт фожеаси юзасидан Россия президентига ҳамдардлик йўллади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

FlyDubai ширкатига қарашли самолёт 19 март куни тонгда Ростов-Дон аэропортига қўна бошлаган кезда ерга қулаб, парчаланиб кетди. Унинг бортидаги 62 кишининг ҳаммаси нобуд бўлди. Бугун шаҳарда мотам эълон қилинди.

20 март куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳалокат жойида қидирув-қутқарув ишлари якунланганини маълум қилди.

Йўловчиларнинг асосий қисми Россия фуқаролари экани, бортда бошқа давлатлардан 17 фуқаро, хусусан Ўзбекистондан бир фуқаро борлиги маълум қилинди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эълон қилган рўйхатда бу фуқаронинг Аллен Лариса Юрьевна экани маълум айтилди. Ҳозирча Ўзбекистоннинг Россия ва Дубайдаги элчихоналари бу маълумотни изоҳлагани йўқ.

Ҳалокатга об-ҳаво шароитининг ёмонлиги ва учувчилар томонидан йўл қўйилган эҳтимоли хато сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG