Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:45

Ўзбекистон БТР жойлаган ўзбек-қирғиз чегарасида вазият таранглигича қолмоқда


Ўзбекистон бир томонлама тартибда ёпган ва оғир техника билан қуролланган ҳарбийларини жойлаштирган ўзбек-қирғиз чегарасидаги Чаласарт баҳсли ҳудудида вазият кескинлигича қолмоқда. 20 март куни Қирғизистон томони ҳозирча аҳвол барқарор эканини маълум қилди. Жума куни Ўзбекистон кутилмаганда бу ҳудудга иккита БТР, 2 та ҳарбий машина ва 40га яқин аскарни жойлаштирди.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Раимберди Дуйшенбиевга кўра, бу икки давлат ўртасидаги чегарада айни тарзда содир бўлган илк инцидентдир.

18 март куни Ўзбекистон чегарачилари эрталаб соат 7:40лар атрофида Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган ҳудудга иккита бронетронспортёр, 2 та КамАЗ ва 40 га яқин ҳарбий киритди. Ҳарбийлар баҳсли ҳудуд яқинидаги Карвон-Олабуқа йўлидан ўтувчи йўловчилар текширувини ҳам кучайтирди.

Бунга жавобан Қирғизистон томони ҳам айни миқдорда ҳарбий техникани ушбу чегара яқинига жойлаштирди. Хабар агентликларига кўра, Қирғизистон чегараолди ҳудудига жойлаган ҳарбийлар сони 200 атрофидадир.

20 март куни Қирғизистон томони берган баёнотга кўра, сўнгги икки кун ичида чегараолдидаги вазият таранглигича, аммо барқарор қолмоқда.

Раимберди Дуйшенбиевга кўра, Ўзбекистоннинг воқеа жойидаги расмийлари ўзаро музокараларда юқоридан буйруқ келганини айтган, аммо аниқ сабаб келтирмаган.

Бироқ, Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси чегарадаги назорат пойтахтда Наврўз байрами нишонланиши муносабати билан кучайтирилгани ҳақида баёнот эълон қилди. Шунингдек, қўмита ҳарбий техника ва аскарлар чегаранинг Чаласарт баҳсли ҳудудига киритилганини ҳам инкор қилди.

Қирғизистон томони эса ўзбек БТРлари айнан баҳсли ҳудудда турибди, деб таъкидлашда давом этмоқда ва бунинг икки давлат ўртасидаги келишувларга зид эканини айтиб, ҳарбийларни бу ҳуддан олиб чиқишга чақирмоқда.

Айни пайтда Қирғизистон чегара хизмати расмийлари Ўзбекистон чегарачилари билан қирғиз расмийлари музокаралари давом этаётгани, қўшимча тафсилотлар музокаралар якунланганидан сўнг эълон қилинишини билдирган.

Қирғизистон ахборот агентликлари 18 март куни эрталаб соат 8 да Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасидаги “Маданият-автойўл” чегара пунктни бир томонлама ёпиб қўйганини хабар қилган.

Ўзбекистон Ўш ва Андижон чегарасидаги “Дўстлик-автойўл” чегара бекатидан Қирғизистон фуқароларининг ўтишига чеклов киритган. Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ҳудудидан қирғиз фуқаролари Қирғизистонга ўтказилаяпти, аммо Ўзбекистонга киритилмаяпти. Ўзбекистон фуқароларининг кириб-чиқишига эса ҳеч қандай чеклов қўйилмаган.

Ўз навбатида Қирғизистон “Баймак-автойўл”, “Кенсой-автойўл” ва “Қадамжой-автойўл” чегара бекатларидан Ўзбекистон фуқароларининг кириб-чиқишини тақиқлаб қўйган.

Қуйида ўзбек-қирғиз чегарасида 18 март кунги вазият акс этган видеони томоша қилишингиз мумкин:

Ўзбек-қирғиз чегарасига БТРлар ташланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:57 0:00

Ўзбекистон ҳукумати, одатдан, "Наврўз" ва Мустақиллик" байрамлари арафасида мамлакат чегараларида назоратни кучайтиради. Мамлакатга кириш постларига қўшимча кучлар ташланиб, чегарага блок постлар ўрнатилиши кузатилади. Аммо, қириғизистонлик чегарачилар байрам олдидан чегарадаги баҳсли ҳудудга оғир ҳарбий техника ташланганига илк бор гувоҳ бўлаётганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG