Линклар

logo-print

Россияда "Ўзбекистон Конституциявий тузуми"га тажовузда гумонланаётган ўзбекистонлик ҳибсга олинди


Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида қўлга олинган шахс "Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга қарши фитнада иштирок этишда" гумонланаётганини хабар қилди Россия матбуоти. Лекин айни хабарлардан 32 ёшли Ўзбекистон фуқароси бу мамлакат расмийлари диндорларга қўллайдиган моддалар бўйича айбланаётганини англаш мумкин. Исми ошкор этилмаётган маҳбус Ўзбекистондан келиши кутилаётган махсус хизмат ходимлари қўлига топширилиши мумкинлиги айтилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса бу йигит айбланаётган моддалар "сиёсий" экани ва улар асосида йилига ўнлаб муҳожир Россиядан Ўзбекистонга бериб юборилаётганига эътибор қаратмоқда.

"Президент Каримовга қарши фитна иштирокчиси"?

Ўзбекистонда халқаро қидирувга берилган яна бир ўзбек муҳожири Санкт-Петербургда ҳибсга олинди.

Озодликка маълум бўлишича, 2016 йилнинг 19 мартида соат 19:30ларда Колпинск шоссесида пост-патруль хизмати ходимлари ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини тўхтатади. Полиция базасидан текширилган 32 ёшли бу йигит Ўзбекистон Республикасининг Самарқанд вилоятидан экани ва ўз юртида махсус хизматлар томонидан Жиноят Кодексининг 159-моддаси 3-қисми, яъни, "Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш” ҳамда 2442- моддаси 1-қисми, яъни “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”да айбланаётгани маълум бўлади.

Муҳожир 2015 йилнинг 17 февралида сиртдан ҳибсга олингани ва халқаро қидирувга эълон қилингани айтилди. Озодлик сўровига жавобан исми ошкор қилинмаётган ўзбекистонлик Санкт Петербургнинг Пушкино туман полиция бўлимига олиб келингани тасдиқланди. Пушкино туман полиция бўлими вакиллари қочқиннинг Петербургда ушлангани тўғрисида Самарқандга хабар юборилгани, яқин орада уни олиб кетишга Тошкентдан махсус гуруҳ келишини билдиришди.

Самарқандлик муҳожир Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси асосида 20 йилгача, 2442 моддаси асосида эса 15 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлиги маълум.

"Сиёсий" моддалар

Хорижликнинг ушлангани тўғрисида хабар қилган маҳаллий оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистон президентини ўлдирмоқчи бўлган шахс ҳибс этилди”, “Петербургда давлат тўнтаришини уюштирган ўзбекистонлик ушланди”, “Ўзбекистонда президентга қарши фитна уюштирган мигрант қўлга олинди” каби сарлавҳалар остида кўплаб хабарлар пайдо бўлди.

Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам кейинги пайтларда айнан шу моддалар асосида Ўзбекистон ҳуқуқ-тертибот тизимлари томонидан қидирувга берилган ва Россия махфий хизматлари томонидан қўлга олинаётган муҳожирлар сони қўпаймоқда.

“Мемориал” ташкилоти вакили, Москвадаги “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ҳимояси тузилмаси бошлиғи Баҳром Ҳамроев кўп йиллардан бери айни моддалар асосида қидирувга берилаётган ўзбек муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бу йигит айбланаётган моддалар асосида йилига ўнлаб муҳожир Россиядан Ўзбекистонга бериб юборилаётганига эътибор қаратди.

У 159, 2441, 2442, 241, 155 каби Ўзбекистон Жиноят Кодекси моддаларини бемалол “сиёсий” деб аташ мумкин деган фикрда эканини билдирди:

- Бу моддаларни СССРдан аналог қилиб олинган. Ўзбекистонда 90-йиллар бошида диний ва сиёсий кучлар пайдо бўлганидан кейин 159, 244, 241 ва шунга ўхшаган бир нечта жиноий моддалар Ўзбекистонда қўлланила бошланди. Ўша ташкилотлар атрофидаги диний гуруҳларга ҳам – салафий, “Ҳизб ут-Таҳрир” ва бошқа, - 244, 241 моддаларни “чет эл билан алоқадор” деб, уларга тазйиқни кучайтириш ёки сиёсий йўлдан чиқариб юббориш мақсадида қўлланади. Норозилар, айрим ҳолларда, 223-модда – давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ёки 135-чи – одам савдоси айбловлар асосида ҳам жавобгарликка тортилади. Бу моддалар Ўзбекистонда сиёсий тузумга қаршилик кўрсатадиган ёки ҳукуматга мойил бўлмаганларни қатағон қилиш усулидир. Юридик жиҳатдан барча юристлар ва экспертлар бу моддаларни қўллаш барча халқаро ва ички қонунларга зид эканини тасдиқлаб берган. Ўзбекистон ҳукумати ўзини “демократик” деб атайди, аммо у қўллаётган моддалар ҳаммаси репрессив руҳдан келиб чиққан, дея фикр билдирди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Айни пайтда, халқаро ҳамжамият ҳам Ўзбекистон ҳукуматини мухолифат ва ўзгача фикрловчиларга нисбатан “давлат тўнтариши”, “фитна уюштириш” каби сохта айбловлар билан қамоқхоналарга ташлашига норозилик билдириб келади.

Халқаро ташкилотларнинг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистонда “сиёсий” моддалар асосида қамалган кўплаб сиёсий маҳбуслар мавжуд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG