Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Каримов Наврўз байрамида халқига таъзим бажо келтирди


Каримов рақсга тушмоқда
Каримов рақсга тушмоқда

Ўзбекистонда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган расмий тантана Тошкент марказидаги Алишер Навоий миллий боғида бўлиб ўтди. Маҳаллий вақт билан эрталаб соат 10:25да бошланиб, қарийб икки соат давом этган тантанани Ислом Каримов байрам нутқи билан очиб берди. Каримов нутқи ортидан бошланган гала-концертда Ўзбекистон санъати юлдузлари қўшиқлар айтиб, рақсга тушишди. Тошкент вақти билан соат 16дан кейин шаҳар марказига элтувчи йўллар очилди.

Ўзбекистонда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган расмий тантана одатга кўра Тошкент марказидаги Алишер Навоий миллий боғида бўлиб ўтди.

Расмий базм муносабати билан шаҳар марказига элтувчи автомобиль йўллари ва марказий метро бекатлари беркитилди. Алишер Навоий боғи атрофида хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилди.

Маҳаллий вақт билан эрталаб соат 10:25да бошланиб, қарийб икки соат давом этган тантанани Ислом Каримов байрам нутқи билан очиб берди.

Ислом Каримовнинг ўн тўрт дақиқадан кўпроқ давом этган нутқини боққа махсус таклифнома билан киритилган дипломатлар, ҳукумат амалдорлари, маҳалла фаоллари ва талабалар гулдурос қарсаклар билан бўлиб туришди.

Ислом Каримов ўз нутқида Яқин Шарқдаги воқеаларни тилга олмади, бироқ ўз таъбирида, “халқаро низоларни тинч йўллар билан” ҳал қилишга чақирди.

Агарки, бугунги кунда халқаро майдонда тобора авжига чиқаётган кескинлашув, можаро, тўқнашув, қарама-қаршиликлар ва қон тўкишларнинг олдини олиш, пайдо бўлаётган муаммоларни фақатгина тинчлик ва сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилишга қайтадиган бўлсак, халқимиз ибораси билан, ўзбек халқи ибораси билан айтганда, олам гулистон бўларди. Нима дейсизлар?” дея тантана иштирокчиларига мурожаат қилди Ислом Каримов.

Презиенти шунингдек Ўзбекистон халқига “энг аввало тинчлик ва омонлик” зарурлигини таъкидлади.

Қанчадан қанча синовларни бошидан ўтказган, яхшилик ва эзгуликни доимо юрагининг тўрида сақлаб келадиган, меҳр-оқибатли халқимиздан шарқона янги йил кириб келиши арафасида туриб, сизнинг эзгу ниятларингиз нималардан иборат, деб сўраса, халқимиз, ҳеч иккиланмасдан, “бизга тинчлик, бизга омонлик керак,” деб жавоб бериши муқаррар. Бунга ишончим комилдир!” деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти байрам тантанасига таклиф қилинган фаоллар тимсолида “Ўзбекистонни янада обод ва фаровон қилиш йўлида... барчани қойил қолдираётган, ёвуз кучларга ҳеч қачон бош эгмайдиган, ўз қадр-қимматини, мустақиллигини юксак баҳолайдиган бағри кенг халқимизни кўраман”, дея таъкидлади.

Ислом Каримов ўзбек халқига таъзим қилишини эҳтирос билан урғулади ва минбар четига ўтиб, қўлини кўксига қўйган ҳолда, ўтирганларга таъзим бажо келтирди.

Шу юксак минбардан туриб, шундай олийжаноб фазилатлар соҳиби бўлган халқимиз олдида таъзим қиламан!” деди Ислом Каримов.

Нутқи сўнгида Ислом Каримов мамлакат ёшларига қарата хитоб қилиб, Ўзбекистон тараққиёти йўлида уларни “доимо қўллаб-қувватлаш”га тайёр эканини эълон қилди.

Каримов нутқи ортидан бошланган гала концертда Ўзбекистон санъати юлдузлари қўшиқлар айтиб, рақсга тушишди.

Концерт якунида Ислом Каримов аввалига тантанага таклиф қилинган хорижий меҳмонларни қутлади, сўнгра саҳнага чиқиб, бир саф бўлиб турган ўнлаб санъаткорлар билан қўл бериб кўришди, баъзиларини бағрига босди.

Тошкент вақти билан соат 16дан кейин шаҳар марказига элтувчи йўллар очилди.

Бу Тошкент аҳли ва пойтахт меҳмонларига Наврўз байрамини қутлашга расман изн берилганини англатди.

XS
SM
MD
LG