Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:32

Россия суди украиналик учувчи Савченко қотилликка алоқадор деб ҳукм чиқарди


Ростов областининг Донецк шаҳар суди украиналик учувчи Надежда Савченко устидан ҳукмни эълон қилишни бошлади. 2 кун давомида ўқиладиган ҳукмни бошлар экан судя учувчи Украинанинг Луганск вилоятида россиялик журналистларнинг ўлдирилишида иштирок этган ва чегарани ноқнуний кесиб ўтган, деб топилганини айтди. Савченко ҳукмни тан олмаслигини билдирган.

21 март куни эрталаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган тартибда қўриқланаётган Донецк судида украиналик 34 яшар учувчи Надежда Савченко устидан чиқарилган ҳукм матни ўқиб эшиттирила бошлади.

Судя ҳукмнинг икки кун - 21 ва 22 март кунлари ўқилишини эълон қилган.

Маҳкаманинг бошидаёқ суд ҳайъати учувчига қўйилган асосий айбловларни тасдиқлагани ҳакам томонидан эълон қилинди:

"Савченко Надежда Викторовна нафрат ва душманлик мотивлари асосида аввалдан келишилган ҳолда бир гуруҳ шахс билан бирга Корнелюк ва Волошинларни ўлдиришда иштирок этган, деб топилди", деб эълон қилди суд ҳайъати раиси Леонид Степаненко.

Қуйида суд залидан тўғридан-тўғри трансляцияни томоша қилишингиз мумкин:

Шунингдек, судя "Савченко Луганск халқ республикаси ҳалқига нафрат ва душманлик кайфиятида бўлган", деб қайд этди. Судя учувчи Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтган, деб топилганини ҳам қўшимча қилди.

Айблов томони Надежда Савченкога 23 йиллик қамоқ жазосини сўраган. Степаненко учувчига қўйилган айбловларга асосли ва жиноятни тасдиқловчи исбот-далиллар тақдим этилди, деб билдирди.

​Надежда Савченконинг ўзи суд ҳукмни тан олмаслигини билдирган. Унинг адвокати Николай Полозов: "Надежда учун ҳукм муҳим эмас, у бу ҳукмнинг адолатга ҳеч бир алоқаси йўқ, деб ҳисоблайди. У ҳукмни тан олмайди ва шунинг учун, унинг устидан арз қилишни ҳам истамайди", деб маълум қилди.

Айни пайтда Савченко ўн кундан сўнг қуруқ очликни давом эттириш ниятини билдирган. Адвокатлари эса уни бу ниятидан қайтаришга уринмоқда.

Савченконинг айтишича, у 2014 йил июнда Украина шарқида россияпараст айирмачиларга қарши жангларда асир олиниб, Россияга ноқонуний тарзда ўғирлаб олиб кетилган.

Украиналик учувчи Надежда Савченкони “ноқонуний қўлга олиш ва унга нисбатан сохта айблов билан суд жараёнини уюштириш”да айбланган 46 одам рўйхатини тузди.

Украина президенти Петро Порошенко 17 март куни мазкур рўйхатни Брюсселда Европа Кенгаши ва Европа комиссиясига тақдим этиб, Европа Иттифоқидан рўйхатдаги шахсларга нисбатан санкциялар жорий этишни сўраган.

Рўйхатдаги 44 киши Россия, 2 киши Украина фуқаросидир.

АҚШ президенти Барак Обама ҳам Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида Россияда қамоққа олинган украиналик ҳарбий хизматчи Надежда Савченкони озод қилишга чақирган.

34 яшар учувчи аёлнинг тутқинликдаги кўргиликлари ва намойиш қилган матонати уни Украинада миллий қаҳрамон мақомига кўтарди.

XS
SM
MD
LG