Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:21

Ўзбекистон томони Чаласартга киритган ҳарбийларини чиқарди


21 март куни эрталаб Тошкентда Наврўзга бағишланган расмий байрам тантаналари ўтиши билан Ўзбекистон томони ўзбек-қирғиз чегарасида баҳсли қолаётган Чаласарт бўлгасига киритган ҳарбийларининг асосий қисмини чақириб олди. Сўнгги маълумотга кўра, ҳозир чегаранинг бу қисмида икки томондан 8 нафардан чегарачи қолган. 18 март куни Ўзбекистон айни ҳудудга зирҳли ҳарбий техника жойлаштирган эди.

Қирғизистон Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати раиси Раимберди Дуйшенбиев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида якшанба куни кечқурун томонлар ўртасида ўтган музокараларда ҳарбийлар сонини қисқартиришга келишилганини билдирди:

- Чегаранинг тилга олинган Чаласарт участкасида ҳозир ҳам бизнинг ва ўзбекларнинг чегарачилари турибди. Кеча оқшом биз музокаралар ўтказдик ва натижада, аскарларни камайтиришга келишдик. Кеча оқшом чегара ўтказиш постида 20 нафардан ҳарбий бор эди. Мана бугун атиги 8 кишидан қолди.

Қирғизистон томони чегарадан ўзбек ҳарбийлари ва зирҳли техникаси олиб чиқилганини ўртадаги музокаралар натижасига боғламоқда.

Айни пайтда, Қирғизистон томони 18 март - Чаласарт баҳсли ҳудудига Ўзбекистоннинг 2 та БТР, 2 та юк ташувчи ҳарбий машина ва 40 га яқин аскар киритилганидан буён Тошкент бу ҳаракати сабабини очиқ ифода қилмаётир, деб келмоқда.

Қирғизистон томонига кўра, музокараларда иштирок этган ўзбекистонлик маҳаллий расмийлар Тошкентдан чегарага ҳарбий киритиш ва қатновни қисман чеклаш ҳақида буйруқ келганини айтиш билан чекланмоқдалар.

Аммо, 20 март куни Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасининг матбуотда қисқа бир баёноти тарқатилган ва унда чегарадаги назорат Наврўз байрами муносабати билан кучайтирилаётгани айтилган.

Дарвоқе, Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси номидан эълон қилинган баёнотда ҳарбий техника ва аскарлар чегаранинг Чаласарт баҳсли ҳудудига киритилганини ҳам инкор қилинган.

Қирғизистон томони эса ўзбек БТРлари айнан баҳсли ҳудудга киритилди ва бу икки давлат ўртасидаги келишувларга зид, деб таъкидлашда давом этмоқда.

Ўзбекистон ҳар йили Мустақиллик ва Наврўз байрамлари арафасида пойтахт ва давлат чегараларида назоратни кучайтиради.

Аммо, Қирғизистон чегарачилари баҳсли ҳудудга зирҳли ҳарбий техника киритилгани ва 40 яқин қуролланган ҳарбийнинг жойлаштириб қўйилганига илк бор гувоҳ бўлганини таъкидламоқда.

Ўзбекистон томонининг бу галги ҳаракати қирғиз матбуотида баъзи ваҳимали хабарлар, хусусан, "чегаранинг айни қисмида отишма бўлди" мазмунидаги овозаларнинг тарқалишига ҳам сабаб бўлди. Қирғизистон Давлат чегара хизмати бундай овозаларни инкор қилди.

Икки давлат ўртасида баҳсли қолаётган Чаласарт участкаси ва унга яқин Карвон-Олабуқа автойўлидаги чегара-ўтказиш пунктлари ҳануз кучайтирилган режимда қўриқланмоқда.

Эслатамиз, 18 март куни Қирғизистон томони Ўзбекистон чегарачилари эрталаб соат 7:40лар атрофида ўртада баҳсли бўлиб турган ҳудудга иккита бронетронспортёр, 2 та КамАЗ ва 40 га яқин ҳарбий киритгани ҳақида хабар тарқатган. Ўзбек ҳарбийлари баҳсли ҳудуд яқинидаги Карвон-Олабуқа йўлидан ўтувчи йўловчилар текширувини ҳам кучайтирган эди.

Бунга жавобан Қирғизистон томони ҳам айни миқдорда ҳарбий техникани ушбу чегара яқинига жойлаштирди. Хабар агентликларига кўра, Қирғизистон чегараолди ҳудудига йўллаган ҳарбийлар сони 200 атрофидадир.

XS
SM
MD
LG