Линклар

logo-print

Россиянинг Ростов-Дон шаҳри аэропортида Дубайдан учиб келган йўловчи учоқ ҳалокатини ўрганаётган терговчилар аппарат бортидаги овоз ёзиб олувчи мосламаларнинг биридаги маълумотларни ўрганиб чиқди.

Бирлашган Араб Амирликларига қарашли FlyDubai ширкатининг йўловчи самолёти фожеаси сабабларини ўрганаётган терговчиларнинг билдиришича, учоқнинг қора қутиларидан биридаги маълумот зарар кўрмаган.

Россия давлатлараро авиация қўмитасининг директори Сергей Зайко 20 март куни қора қути учоқ ерга қулаб тушгунига қадар ишлаб тургани аниқланганини билдирди. 19 март куни қулаган учоқ бортидаги 62 кишининг ҳаммаси нобуд бўлди. Улар орасида Ўзбекистон фуқароси бўлгани ҳам аниқланди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эълон қилган рўйхатда унинг шахсини 47 яшар Ўзбекистон фуқароси Аллен Лариса Юрьевна дея эълон қилди. Ҳозирча Ўзбекистоннинг Россия ва Дубайдаги элчихоналари бу маълумотни изоҳлагани йўқ.

Аввалроқ қўмита самолётнинг маълумот ва овоз ёзиб олувчи мосламалари авария пайтида жиддий зарар кўрганини билдирган эди.

19 март кунги ҳодисада самолёт Ростов-Дон аэропортига қўнаётган пайтда ерга қулаб, парчаланиб кетган.

20 март куни терговчилар 55 йўловчи ва 7 экипаж аъзосининг барчаси самолёт қулаши биланоқ ҳалок бўлганини билдиришди.

Очилган жиноий иш доирасида фожеага техник хато, об-ҳаво ёки пилот хатоси сабаб бўлгани тўғрисидаги тахминлар ўрганилмоқда.

Расмийлар ҳалок бўлганлар шахсини уларнинг қариндошларидан олинган ДНК ёрдамида аниқлаш жараёнини бошлашган.

20 март куни аэропорт таъмирлаш ишлари учун ёпилди. Қулаган самолёт аэропорт учиш-қўниш йўлагида катта воронка қолдирган. Расмийлар 21 март куни аэропорт қайта очилишини айтишмоқда.

FlyDubai ширкатининг директори Ғоит ал-Ғоит 20 март куни аэропорт очилганидан кейин у ерга борадиган рейс қайта тикланишини эълон қилди.

Ғоит қулаган самолёт узоқ пайт аэропорт атрофида айланган бўлса-да, унда етарлича ёқилғи бўлганини билдирди. Директор фожеа содир бўлган пайтда аэропорт очиқ бўлганини айтиб, учувчиларнинг қўниш қарорини қўллашини қўшимча қилди.

Аммо DPA хабар агентлигига кўра, FlyDubai самолёти Ростов-Дон атрофида айланаётган пайтда Россиянинг “Аэрофлот” ширкати ҳамда “Чехия ҳаво йўллари”га тегишли икки учоқ – тахминан 250 км узоқроқдаги Краснодар аэпорортига жўнаб кетган.

XS
SM
MD
LG