Линклар

Ҳибсга олинган собиқ ҳоким тергов пайтида юрак хуружига учрагани айтилмоқда


Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Усмонов

Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Усмонов

Бир биридан мустақил манбалардан келаётган хабарларга кўра, МХХ ертўласидаги сўроқ ва юзлаштирув чоғида Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими 59 яшар Аҳмад Усмонов юрак хуружига учраб касалхонага ëтқизилган.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси ва собиқ ҳукумат мулозимининг айтишича¸ “хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик, кадрлар танлашда таниш-билишчиликка йўл қўйганлик ва порахўрлик"да гумонланиб тергов қилинаëтган Усмонов юраги билан боғлиқ муаммо оқибатида касалхонада муолажа олаëтгтанлиги айтди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг айтишича¸ ҳибсга олинган Усмонов "саккиз соатлаб давом этган интенсив сўроқ пайтида микроинсульт бўлиб ҳушидан кетган".

“Гвардейский кўчасидаги подвалда сўроқ берганида юраги бежо урган. Докторлар микроинсульт дейишган. Воқеа ўтган ҳафта бошида бўлди. "Очний ставка пайтида хушдан кетди", дейишди. Андижон шаҳар собиқ ҳокими Нурилло Алимов унга қарши очний ставкада показание берганида юрак хуружи бошланди. Терговда қийноқ бўлмаган чунки сўроқни МХХнинг иқтисодий жиноятлар бўйича терговчилари олиб боряпти”, дейди Озодлик манбаси.

Нурилло Алимов 2015 йилнинг апрелида иқтисодий жиноятларда айбланиб, Андижон ҳокими лавозимидан четлатилгани ва ҳибсга олингани тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар қилган.

Айни пайтда, ҳибсга олинган "собиқ ҳоким тергов пайтида ўлди" деган гап-сўзлар ҳам пайдо бўлган. Лекин бу миш-мишларни Озодлик манбалари тасдиқлашмади. "Аҳмад Усмонов юрак касали билан касалхонага ётқизилган", дея билдирди яна бир манба.

Собиқ ҳоким устидан бораётган терговдан хабардор ўзбекистонлик собиқ мулозимнинг Озодликка айтишича, Аҳмад Усмонов устидан жиноят иши феврал ўртасида очилган:

"Уй қамоғига яқин тарзда ўтиради, дея Усмоновнинг яқинлари умид қилиб ўтирувди. Лекин якшанба (20 февраль) кечқурун келиб, уйидан тўғри Гвардейскийга олиб кетишганича қайтмаган. Яқинларига вақтинча ҳибсга олиш, деб айтилган. Максимум 48 соат бўлади вақтинча ҳибсга олиш. Кейин барибир қўйворишмади. Хозир ëпиқ стационарда постинфаркт диагноз билан даволаняпти", дейди Усмоновни яқиндан таниган собиқ мулозим.

"Гитлер"нинг тор-мор қилиниши

4 феврал куни Тошкент вилоят кенгаши депутатларининг навбатдан ташқари сессияси чоғида ишдан олинган халқ орасида "Гитлер" деб ном чиқарган собиқ ҳоким бир вақтнинг ўзида сенаторликдан ҳам четлатилган эди.

Бунинг ортидан Ўзбекистон расмий матбуотида собиқ ҳокимни “қоралаш маъракаси” давом этди.

Расмий газеталар президент Ислом Каримов Аҳмад Усмоновни "одамларнинг ишончини оқламагани" ва янги иш ўринлари яратмагани учун танқид қилганини иқтибослар билан эслатишди:

"Ҳамкасбларнинг ишончини йўқотгандан кейин қайта қўлга киритиш жуда қийин. Бунга уриниш бефойда. Агар бир марта одамларнинг ишончини йўқотсанг, минг марта кечирим сўрасанг ҳам бу уларнинг юрагида қолишини эсингдан чиқармаслигинг керак", деди президент.

Генерал-губернатор "Гитлер"

Асли самарқандлик 59 ёшли Аҳмад Усмонов милиция генерали рутбасига эга бўлган ягона вилоят ҳокими эди.

Усмонов 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ва 2010 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

У 2004 йилда Наманганда генерал унвонини олган биринчи вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган.

Бунгача Жиззахда туман милицияси бошлиғи бўлиб ишлаган Усмоновнинг Бош вазир Шавкат Мирзиёевга яқинлиги айтилади.

Усмонов 2005 йил майидаги қонли воқеалардан кўп ўтмай, Андижон вилоят ҳокимлигига тайинланган.

Унинг 2006 йил октябридан 2013 йил апрелига қадар давом этган ҳокимлиги даврида Усмонов вилоятни қаттиққўллик билан бошқаргани кузатилган. Озодлик манбалари Аҳмаджон Усмоновнинг жуда ҳам зўравон ҳоким бўлганини, унинг раҳбарлиги даврида қама-қамалар авж олганини айтадилар. Узметроном нашрининг ёзишича, Усмонов Андижонга ҳокимлик қилган пайтида унга “Гитлер” лақабини беришган.

Аҳмад Усмонов охирги 3 ой ичида лавозимидан четлатилган иккинчи вилоят ҳокимидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG