Линклар

Ўшда чегарадаги вазият баҳонаси билан миллий низо қўзғашга уринганлар ушланди


Қирғизистоннинг жанубий пойтахтида қирғиз-ўзбек чегарасининг баҳсли ҳудудида вужудга келган вазиятни куч билан ҳал қилишга чақирганлик айблови билан икки новқатлик қўлга олинди.

20 март куни Youtube порталида автомобиль рулида ўтирган йигит юртдошларини Ахси туманига бориб, Ўзбекистон билан чегара масаласини куч билан ҳал қилишга чақиргани акс этмиш 1 дақиқали видеоролик ёйинланган.

- Ассалому алайкум, қирғиз халқим. Биз кечаги бўлган иш бўйича Ахсига кетяпмиз. Ахси ерини Ўзбекистон аскарлари босиб олган. Ўша воқеа бўлган ерга кетяпмиз. Тахминан 200 одам кетяпмиз. Олдида ва ортимизда ўшанча, машинада йигитлар бор. Биз, Худо хохласа, икки соат ичида етиб борамиз. Мен Новқат ёшлари, Новқат номидан гапираман. Биз нимага президентни, депутатларни кутамиз, биз ўз кучимиз билан Ўзбекистон аскарларини қувиб чиқарамиз. Халқим, ватаним деган қирғизнинг ватанпарвар йигитлари бўлса олға, Ахсида учрашамиз, - дейди видеода тасвирланган йигитлардан бири.

Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, қўлга олинган шахсларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг “Безорилик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган ва улар ҳозир вақтинча сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилибди.

- 18 март куни Ахси туманида юзага келган чегара масаласи бўйича бир қанча фуқаро нотўғри чақириқлар эълон қилинган видео материалларни тарқатаётгани тўғрисида бизга маълумот тушди ва Новқат туманининг 1986 йилда туғилган икки яшовчиси қўлга олинди. Улар 20 март куни Youtube сайтида: “Президентни кутгандан фойда йўқ, шунинг учун сартларни ўзимиз ҳайдаб чиқамиз”, деган чақириқ билан 59 секунтлик видео эълон қилган. Бу борада тезкор чоралар юритилиши натижасида Новқат туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан мазкур фуқаролар қўлга олиниб, “безорилик” моддаси бўйича жиноят иши очилди, - дейди Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашурбаев.

Милиция мулозимининг Озодликка маълум қилишича, қўлга олинган йигитлар чақириқни ўзлари ўйлаб топганлари, аслида ҳеч қаерга бормаганлари, видеони Новқатдан Қизилқияга кетаётган пайтда тасвирга олганларини айтишган.

- Видеода улар: “Биз Ахсига кетяпмиз, ортимизда ҳам 200га яқин ёш патриот йигитлар бор”, деган чақириқларни тарқатишган. Улар видеони атай ўйнаб тарқатганми ёки ортида чиндан ҳам қандайдир кучлар борми – ҳозир шуларни аниқлаш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда, - дейди Жениш Ашурбаев.

Аввалроқ милиция миллатлараро низо қўзғашга чақирган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.

Расмий маълумотларга кўра, шу йил 14 мартидан бошлаб Одноклассники ва Facebook ижтимоий тармоғининг айрим фойдаланувчилари ўз саҳифаларида миллий низо қўзғовчи видеоматериаллар эълон қилган.

Аввалига “Ўзганда қирғиз қизни ўзбек миллатига мансуб йигитлар ўлдириб қўйди” деган, кейин эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасвирга олинган видеони қўйиб, “Икки қирғиз мактаб ўқувчисини ўзбек миллатига мансуб одамлар калтаклаяпти” қабилида фитна қўзғовчи видеолар тарқатила бошлаган.

Жениш Ашурбаевга кўра, бундай видеоларни тарқатганлар ва ижтимоий тармоқда бу маълумотни перепост қилганлар ҳам жавобгарликка тортилади.

Чегарадаги вазият бўйича Новқатда қўлга олинган йигитларнинг видеоси Одноклассники тармоғида ҳам тарқатилган. Видео остида мингдан зиёд одам изоҳ қолдирган. Бу изоҳлар асосан икки миллат вакилларининг бир-бирига қарши турли таҳдид ва ҳақоратларидан иборат бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 18 март куни эрталабки соат 7.40 да Ахси туманининг Чаласарт бўлгасига, қирғиз-ўзбек чегарасининг баҳсли ҳудудига Ўзбекистон ҳарбийлари икки бронетранспортер ва қирққа яқин аскар киритганди. Бунга жавобан Қирғизистон ҳам худди шунча миқдорда аскар ва ҳарбий техника киритган.

21 март куни Ўзбекистон ва Қирғизистон баҳсли ҳудудга жалб қилинган чегарачилар сонини 8 нафардангача қисқартирган.

XS
SM
MD
LG