Линклар

Обама: Куба билан жиддий келишмовчиликлар бор, аммо келажакдан умидимиз катта


АҚШ президенти Барак Обама Куба раҳбари Раул Кастро билан, Гавана, Куба, 2016 йил 21 марти.

АҚШ президенти Барак Обама Куба раҳбари Раул Кастро билан, Гавана, Куба, 2016 йил 21 марти.

Кубага ташриф буюрган АҚШ раҳбари Барак Обама Куба билан алоқалар илиқлашганини олқишлади, аммо демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласида жиддий тафовутлар мавжудлигини ҳам қайд этди.

Куба Президенти Раул Кастро Вашингтоннинг савдо ва саёҳатга қўйилган тўсиқларни бекор қилишга қаратилган ҳаракатларини олқишлади. У АҚШни 55 йиллик иқтисодий эмбаргони бутунлай тугатишга чақирди.

Куба раҳбари, шунингдек, Обамадан АҚШ ижарага олган Гуантанамо қамоқхонаси жойлашган ерни Гаванага қайтаришни сўради.

Президент Обама Кастро билан қатор масалаларда, жумладан, демократия ва инсон ҳуқуқлари борасида очиқ мулоқот олиб борганини айтди.

"Ўртамиздаги жиддий тафовутлар давом этади. Аммо биз шуни деб алоқаларни тўхтатиб қўймаслигимиз керак. Президент Кастро конструктив ислоҳот ва музокаралар учун тайёр эканини билдирди", - деди Обама.

Сиёсий маҳбуслар ҳақида журналистлардан тушган саволга жавобан Кастро бизда бундай маҳбуслар йўқ, деди.

"Менга сиёсий маҳбусларнинг исмларини, рўйхатини беринг. Агар шундай маҳбуслар бўлса, бугуноқ озод қиламан", - деди у.

Президент Обама Куба-АҚШ алоқаларининг келажаги янада яхшироқ бўлишидан умид билдирди.

"Олдимиздаги йўл осон бўлмайди. Аммо қийинчиликларга қарамай, олға юришда давом этамиз. Биз келажакка эътибор қаратяпмиз. Агар шу йўлда давом этсак, Куба ва Америка халқига янада яхшироқ келажакни бера олишимизга ишончим комил", - деди АҚШ раҳбари.

Обама сўнгги 90 йилда Кубага ташриф буюрган илк АҚШ президенти бўлди.

У Кастро билан учрашув олдидан Гаванадаги Инқилоб майдонида миллий қаҳрамон Хосе Марти ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Шаҳар кўчалари Обамани кўришга чиққан аҳоли билан тўлди. Улар АҚШ раҳбарини хурсандчилик ва олқишлар билан кутиб олди.

Обама ташрифининг биринчи кунида Гавананинг тарихий, эски мавзесини айланди, маҳаллий собор кардинали билан учрашди.

Бундан ташқари, у Куба фуқаролик жамияти аъзолари ва инсон ҳуқуқлари фаоллари билан ҳам учрашиши режалаган.

Обама сафаридан олдин Гаванада бир неча диссидент ҳибсга олинган.

АҚШ раҳбари уч кунлик ташрифи давомида Куба халқига телевидение орқали мурожаат қилиши ҳамда икки давлат жамоалари ўртасида бўладиган кўргазмали бейсбол ўйинини томоша қилиши кутилмоқда.

АҚШ делегацияси таркибида Демократлар ва Республикачилар партияларидан бир неча қонунчи, йирик ширкатлар раҳбарлари ва таниқли кубалик-америкаликлар бор.

Amerika Ovozi материали

XS
SM
MD
LG