Линклар

logo-print

Ноябрги сайловда Клинтон ва Трампнинг беллашиши эҳтимоли баланд


АҚШ президенти лавозимига номзодлар Дональд Трамп (ч) ва Ҳиллари Клинтон (ў).

АҚШ президенти лавозимига номзодлар Дональд Трамп (ч) ва Ҳиллари Клинтон (ў).

Ўтган ҳафта АҚШнинг бир неча штатида бўлиб ўтган партиявий йиғинларда аксарият республикачилар Доналд Трамп, демократлар эса Ҳиллари Клинтонни 8 ноябрь президент сайловларида партиядан ягона номзод бўлишига овоз берди. Икки арбоб ҳозирдан бир-бирини нишонга ола бошлаган.

Президентликка Республикачилар партиясидан етакчи номзод Доналд Трамп сўнгги ғалабасини тарафдорлари билан биргаликда Флоридадаги ўзига тегишли ҳашаматли бир курортда нишонлади.

Трамп, шунингдек, демократлардан асосий номзод Ҳиллари Клинтонни танқид қилишга киришиб, Инстаграм ижтимоий тармоғида унга қарши реклама чиқарди.

Сўнгги ғалабаларидан илҳомланган тадбиркор, шунингдек, республикачиларни бирлаштиришга уринмоқда.

“Партиямизни бирлаштиришимиз керак. Ҳозирги воқеалар тарихий аҳамиятга эга, Республикачилар партияси бутун дунё эътиборини ўзига тортмоқда”, - дейди у.

Трампнинг партиядошлари орасида икки арбоб – сенатор Тед Круз ва Огайо штати губернатори Жон Кейсик - президент бўлиш умидидан воз кечганича йўқ. Кейсикнинг Огайода 15 мартда эришган ғалабаси унинг кампаниясига янги туртки берди.

Трампнинг партияни бирлаштириш истаги осонликча рўёбга чиқмайди, дейди сиёсатшунос Жон Форте.

“Агар партия раҳбарияти унинг ягона номзод бўлиш даъвосини тан олса, айримлар Трампга мослашишга ҳаракат қилади, бошқалар эса йўқ. Аммо партияни бирлаштириш анъанавий сайловолди жараёнга қараганда қийинроқ кечади”, - дейди таҳлилчи.

Клинтоннинг сўнгги ғалабалари, айниқса Флорида ва Огайодаги ютуғи, эътиборни Трампга қаратишга имкон бермоқда.

"Президентликка номзоднинг 12 миллион иммигрантни ҳамда мусулмонларни АҚШга киритмаслик керак, деган сўзларини эшитдик. Унинг қийноқларни оқлаганига гувоҳ бўлдик. Бу унинг номзод сифатида кучидан далолат бермайди, аксинча фикрларининг нотўғри экани далолатидир”, - деди Клинтон Трамп ҳақида.

Клинтоннинг ғалабалари Трампга республикачиларни бирлаштиришга имкон беради, дейди Америка университетидан Алан Лихтман.

“Аксарият республикачилар чин дилдан бўлмаса-да, Трампни қўллаб-қувватлайди. Бу уларга Трамп маъқул дегани эмас, улар шунчаки Клинтонни ёмон кўради. Демак, Клинтон Республикачилар партиясини вақтинча бўлса-да бирлаштира оладиган ягона омил”, - дейди сиёсатшунос.

Ҳар иккала партия ягона номзодни июл ойида бўлиб ўтадиган миллий съездда танлайди. Бироқ ҳозирданоқ пойганинг сўнгги босқичида Клинтон ва Трампнинг беллашиши ойдинлашмоқда.

Amerika Ovozi материали

XS
SM
MD
LG