Линклар

logo-print

Жиззахда ИШИДчига чиқарилган насроний Авакян устидан ҳукм ўз кучида қолдирилди


Жиззах вилояти судида ИШИДга алоқадорликда айбланиб, 7 йилга қамалган армани насроний Арамаис Авакян устидан ўтган аппеляция судида ҳукм ўз кучида қолдирилди. Судя февраль ойида Авакян билан бирга судланган 3 кишининг қуйи суд ҳукмидан норози бўлиб киритган шикоят аризасини қондирмади. Февралда жами 13 киши Пахтакор туманида ИШИДга хайрихоҳ террор гуруҳини тузиш ва ҳамюртларини "Исломий давлат"га йўллашга ҳозирлик кўришда айбланиб судланган, улардан 5 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Аппеляция маҳкамаси

22 март кунги маҳкамада армани фермер Арамаис Авакян билан бирга 5 йилдан 12 йилгача муддатларга қамалган яна 3 шахс - Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Олимовлар аризаси кўриб чиқилди.​

Авакаян иши устидан аппеляция маҳкамасини кузатиш учун Жиззахга борган инсон ҳуқуқ фаоллари ва дипломатик корпус вакиллари бу гал биринчи бор халқаро матбуот, хусусан, Арманистонда жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган маҳкамага киритилди.

Унда иштирок этган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, икки соат давом этган мажлисда ишда асосий фигурант бўлган 34 яшар Фурқат Жўраев ўзи ва шерикларига қўйилган айбларни инкор қилган:

- Фурқат Жўраев кўпроқ қийноқлар ҳақида гапирди: "Мени шерикларимга қарши кўрсатма бериш учун мажбурлашди, қийноққа солишди", деди. Кейин шимини кўтариб, оёқларидаги тиртиқларини кўрсатди судяга: "Мени қаманглар, буларни кўриб виждоним қийналяпти. уларни қўйиб юборинглар!" деди. Адвокатлар ҳам айбловлар исботини топмади, деб гапиришди. Лекин, суд ҳукмни ўз кучида қолдирди, - деди ҳуқуқ фаоли.

Унга кўра, судланувчиларнинг ҳимоячилари ажримдан норозилигини билдирган ва назорат тартибида юқори инстанцияларга мурожаат қилишини маълум қилган. Судланувчиларнинг яқинлари эса инсон ҳуқуқлари фаоллари ва хусусан, маҳкамада иштирок этган АҚШ элчихонаси дипломатларидан ҳуқуқий ёрдам беришни сўрашган.

Сафида армани насроний Арамаис Авакян бўлган гуруҳ устидан судловни кузатаётган ҳуқуқ фаоллари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, жумладан, Amnesty International ташкилоти айбловларнинг асоссиз экани ва исботини топмаганини таъкидлаб келмоқда.

Қуйида Суръат Икромов билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Айбловлар

Февраль ойида Жиззах вилоят судида битта жиноий гуруҳ сифатида судланган 13 шахсга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир йўла 7 моддаси асосида товламачиликдан тортиб, Конституцион тузумга тажовузу террорчиликка қадар айбловлар қўйилган.

Судланувчиларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 155-модда (терроризм), 159-модда (Ўзбекистон Конституцион тузумига тажовуз), 161-модда (қўпорувчилик), 166-модда (товламачилик), 169-модда (ўғирлик), 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 244-1-модда (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш), 244-2-модда (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосида айблов қўйилган.

19 февраль кунги ҳукм билан судга тортилган 13 кишидан 5 нафари 5 йилдан 12 йилгача, хусусан Арамаис Авакянга 7 йиллик қамоқ жазосини олди. Қолган судланувчилар 3 йилгача муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари ва жарима билан жазоланиб, суд залидан озод қилинди.

Ҳукм

Озодлик тасарруфига келиб тушган 44 саҳифалик ҳукмда судланувчиларнинг жиноятига исбот ўлароқ келтирилган далиллар - судланувчиларнинг яқинлари, адвокатлар ва ҳуқуқ фаоллари даъвосига кўра - асоссиздир.

Айниқса, 33 яшар армани насроний Арамаис Авакяннинг исломий экстремизмда айбланиши яқинларию ҳуқуқ фаолларини таажжубга солди.

Суд ҳукмида айтилишича, 2009 йилда Россияга ишлагани борган Фурқат Жўраев у ерда "Жиҳодчилар" экстремистик гуруҳига аъзо бўлган ва 2014 йилда юртига қайтгач, бу гуруҳга асос солган.

Ҳукм матнида жиноий гуруҳ аъзолари "жамоат шаклидаги жиноий тузилмасини ташкил этиб,.. фундаменталистик ғояларни Пахтакор тумани аҳолиси орасида тарғиб қилиб... жамоат аъзоларини "Ироқ ва Шом Ислом давлати" ("Исломий давлат" террор гуруҳи - таҳр.) халқаро террористик ва диний экстремистик ташкилотининг жангарилар тайёрлаш лагерларида махсус жанговор тайёргарликдан ўтиб,... келгусида Республика ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида Республика ҳудудидан чиқиб кетишга тайёргарлик кўрган"и таъкидланган.

Яъни, ҳукм мазмунидан судланувчилар оғир жиноятларни содир этишни "мақсад қилган" ва бунга "тайёргарлик кўрган".

Хусусан, ҳукмнинг Арамаис Авакянга оид қисмида юқоридаги жиноятларга қўшимча равишда: "Судланувчи А. Авакян ... Пахтакор тумани МХХ ва ИИБ идоралари ходимларини қириб юборишни режалаштирган", дея таъкидланган.

Диний экспертиза хулосаси

Бунга жиноятларга исбот ўлароқ келтирилган далиллар орасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилояти бўлими берган экспертлик хулосаси ҳам эътиборга молик.

Ҳукмда исбот ўлароқ судланувчиларнинг "Одноклассники" ижтимоий тармоғидаги саҳифалари ва уйларидан олинган диний-экстремистик мазмундаги адабиётлар диний экспертизага тақдим қилингани айтилган.

Адабиётлар сирасида, жумладан, "История одного боя", "Жайшул Хилофатдаги мужохидлар баёноти", "Аллоҳнинг қўрқмас шери" каби видеолавҳалар,.. "Қашқирлар", "Диний" аудиоёзувлари, Р.Камоловнинг "8-март" номли маърузаси аудиоёзуви, Х.Ҳамидов ўқиган маърузалар аудиоёзуви, "Мен ҳам намоз ўқийман", "Ислом ақидаси" каби китоблар мусодара қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилояти бўлими бу адабиётларни ("Мен ҳам намоз ўқийман", "Ислом ақидаси" каби китоблар бундан мустасно) "ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган... Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш тақиқланган" деб топган.

Хусусан, Х.Ҳамидов ўқиган маърузалар ҳақида "ўрнатилган тартибда тайёрланмагани сабабли... Республика ҳудудида тарқатишга рухсат берилган диний адабиётлар рўйхатига киритилмаган", деб изоҳ берилган.

Қийноқлар иддаоси

Қамоқ жазоларига ҳукм қилинган айрим судланувчиларнинг яқинлари судланувчиларга нисбатан босим ўтказилгани ва турли даражаларда қийноқлар қўлланилганидан Озодликка шикоят қилган.

Хусусан, ушбу ишда асосий фигурат ҳисобланган - 34 яшар Фурқат Жўраевнинг онаси Маҳтума Жўраева Озодлик билан суҳбатда ўғли ИШИДга аъзолигини бўйнига олиши учун тергов изоляторида қийноқларга солинганини даъво қилган эди.

Айни судловда иккинчи жиддий фигурант сифатида судланган Арамаис Авакяннинг яқинлари ҳам бошидан бери унга қўйилган айбловларнинг сохта эканидан, тергов жараёнида Авакянга нисбатан қийноқ қўллангани, оиласига эса маҳаллий ҳокимият органлари томонидан босим ўтказилганидан шикоят қилиб келадилар.

Авакян иши

Асли Озарбайжонда туғилган ва айни пайтда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги Наврўз маҳалласи, 26-уйда истиқомат қиладиган 33 яшар Авакян ҳибсга олингунига қадар фермерлик қилган.

У икки йил аввал Пахтакор туманида иккита ҳовуз очиб, у ерда балиқ хўжалигини ташкил қилган. Чиноз туманидан майда балиқ уруғларини келтириб, балиқ етиштириш билан шуғулланган.

Икки йил ичида балиқчилик хўжалиги кенгайиб, икки ҳовуздан йилига 70-80 тоннадан балиқ олина бошлаган пайтда туман ҳокими Ғофур Қаршибоев билан фермер ўртасида низо чиққан. Бироқ, ҳоким Ғофур Қаршибоев Озодлик билан суҳбатда тадбиркор билан низолашганию унга қамоққа ташлаш билан таҳдид қилганини рад этган эди.

Авакян муқаддам 2007 йилда Жиноят Кодексининг 165 ва 166-моддалари асосида товламачилик ҳамда талончиликда айбланиб, 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аммо, 19 февраль кунги ҳукм матнида келтирилишича, соғлиги ёмонлиги боис, жазони ижро этиши кечиктирилган ва кейинчалик амнистия акти қўлланиб, жазодан озод қилинган.

Армани насроний Авакянга исломий экстремистик ташкилотни тузиш ва ҳамюртларини унга даъват қилиш айби қўйилгани ҳамда оиласига босим ўтказилгани Арманистонда ҳам жиддий хавотирларга сабаб бўлди.

Арманистон Миллий мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси Элинар Варданян Ўзбекистон парламентининг ҳуқуқий масалалар билан шуғулланувчи комиссияси раисига жиззахлик фермер Арамис Авакяннинг тақдири юзасидан ташвиш билдириб, мурожаат қилди.

Ундан аввал эса Арманистон Омбудсмани ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбига Авакяннинг тақдири борасида ташвиш билдириб, хат йўллаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG