Линклар

АҚШ яқинда Ироқ шимолида кичик ҳарбий денгиз базасини очди. Бу эса “Исломий давлат” экстремистик гуруҳининг ғазабини келтирди. Firebase Bell деб аталувчи базада икки кун аввал АҚШ денгиз ҳарбийси ракета ҳужумига учраб ҳалок бўлган эди. Firebase Bell резидент Барак Обама тўрт йил аввал Ироқдан Америка ҳарбийларини олиб чиқиб кетганидан кейин очилган илк АҚШ базасидир.

Обама Ироққа йирик сонли қуруқлик қўшинларини юбориш ўрнига маҳаллий кучларга “Исломий давлат”га қарши курашда ёрдам беришини ваъда қилиб келади.

Аммо АҚШ армиясининг Ироқдаги ҳарбий аралашуви кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

Ўтган йилдан бери АҚШ Ироққа махсус кучларини юбориб келади. Ҳозир базадаги 26-экспедицион бўлимда 200 га яқин Америка аскари бор.

АҚШ армиясининг билдиришича, база тўлиқ ишлай бошлагунича унинг очилгани сир сақланиши режалаштирилган, аммо “Исломий давлат” бу ҳақда тезда хабар топган.

База ўз фаолиятини икки ҳафта авал жимгина бошлаган бўлсада, Эрон дастаклаётган шиа жангарилар у ҳақда дарҳол хабар топишди. “Исломий давлат”га қарши курашаётган бу жангарилар америкалик ҳарбийларнинг мамлакатдаги фаолиятига кескин қаршидир. Гуруҳ аъзолари АҚШнинг ҳарбий қўшинларини “мустамлакачи куч” деб билишини, уларга қарши курашишини билдирди.

“Исломий давлат” радикал гуруҳи 19 март куни “Катюша” ракеталари билан базага ҳужум қилди. Ҳужумда штаб-сержант Луи Кардин ҳалок бўлди, унинг ҳарбий бўлимидаги бир неча аскар жароҳат олди.

Кубага илк маротаба ташриф буюрган Обама 21 март куни журналистлар олдида чиқиш қилиб, Кардиннинг яқинларига ва қариндошларига ҳамдардлик билдирди.

“Бу ҳодиса мана шундай тарихий сафарни бошлаётганимизда ҳам эркинлигимиз ва хавфсизлигимиз учун ҳар кунини қурбон қилаётган АҚШ армияси аъзолари борлигини кўрсатади. Шундай экан, улардан миннатдорман”, деди президент.

“Исломий давлат” гуруҳи ва бошқа экстремистик кучларга қарши хорижий коалиция вакили полковник Стив Уоррен 21 март куни базага иккинчи марта ҳужум қилинганини, бу сафар базага кичик қуроллар билан ҳужум қилиш учун етарлича яқинлашган “Исломий давлат” жангарилари ҳужум қилганини, аммо ҳужм муваффақиятсиз бўлганини айтди.

Уоррен бу ҳужумда бирорта ҳам АҚШ ҳарбийси жароҳат олмаганини, лекин икки жангари ҳалок бўлганини билдирди. Пентагонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Уоррен: “Ўзимизни яхши ҳимоя қила олишимиз учун ҳарбий позициямизни яхшилаш устида ишлаяпмиз, десак бўлади,” деди.

Полковник база жанг фронтидан узоқда жойлашгани ва жангариларга қарши ҳужум уюштирмаётгани учун ҳарбий застава ўлароқ кўрилмаслиги кераклигини қўшимча қилди.

Уоррен Махмур шаҳри яқинида жойлашган Ироқ базасидаги АҚШ маслаҳатчиларини назарда тутиб, “Базадагиларнинг асосий мақсади, табиийки, америкаликларни ҳимоя қилишдир”, деди.

АҚШ ҳарбийларининг билдиришича, уларда ҳозирча Мосул шаҳрини озод қилиш учун ҳарбий артиллерия бўлимини ишга солиш режаси йўқ.

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG