Линклар

Озодликнинг навбатдаги Баҳс майдонида “Ўзбекистонда ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашарларига оддий ишчи-хизматчилар ва талабалар ўз ихтиёри билан жалб қилинаяптими ёки мажбурланаяпти?” мавзусида мунозара юритилади.

Наврўз байрами олдидан Ўзбекистон бўйлаб навбатдаги халқ ҳашари ўтказилди ва шу кунларда ҳам бу тадбир давом этмоқда. Шанбаликка борганидан оғринган қўшиқчи Манзура ҳақида eltuz.com рассоми ҳажв ҳам қилди.

Аслида шанбаликларни ҳам ҳашар дейишади. Совет даврида байрамлар олдидан, айниқса, Ленин туғилган кун ва 1 май арафасида шанбаликлар ўтказилган.

Шанбалик - жамоа бўлиб оммавий ва ихтиëрий равишда бирор ижтимоий фойдали ишни бажариш.

Совет даврида бўлгани каби мустақил Ўзбекистонда ҳам шанбаликлар ихтиëрий эмас.

Масалан, ўтган ҳафта тошкентлик мулозима одамларни чор-атрофни тозалатишга олиб чиқмагани учун шаҳар расмийлари босимига учради.

Баъзилар ҳашарни советлардан қолган мажбурий меҳнатнинг сарқити бўлган салбий ҳолат дейишади.

Яна баъзилар эса "ҳашар - элга ярашар" дея бу тадбирга ижобий ранг беришади.

BahsOnline дастурида "Ҳашар эзгу одатми ëки иллат?" деган савол жавобини қидирдик.

Маҳаллий матбуот бу ҳашарларнинг “азалий қадрият ва эзгу анъаналарга амал қилинган ҳолда” ўтказилгани ҳақида ёзди.

Бироқ бу тадбирларда иштирок этган ўқитувчи, шифокор ва талабаларнинг айтишларича, маҳаллий ҳукумат “ҳашар” баҳона улардан текин ишчи кучи сифатида фойдаланишга ўрганиб қолди.

Ҳашар ибораси сўнгги пайтларда маҳаллий ҳoкимиятларнинг ўзлари қуриши шарт бўлган катта объектларига ҳам кўчиб ўта бошлади.

Ўзбекистонда муддатида қурилиши тугалланмай қолган стадион борми, бозорлар борми, коллежлар борми, намунавий уйлар борми - ҳаммасига “ҳашарчи”лар жалб қилина бошлади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, маҳаллий ҳoкимиятлар ўзбекларнинг “бир-бирига холисона ёрдам бериш” принципларига асосланган “ҳашар”ни суиистеъмол қилиб юборди ва уни мардикорликка тенглаштириб қўйди.

Бироқ ўзбекистонликлар орасида ҳукумат ўтказаётган “ҳашар”ларни қўллаб-қувватлайдиган, бу тадбирлар муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун жуда қулай вариант эканлигига ишонадиганлар ҳам кўплаб топилади.

Хўш, умумхалқ хайрия ҳашарларига одамлар ўз ихтиёрлари билан жалб қилиниши керакми ёки “кўпга келган тўй” сифатида ҳамма қатнашишга мажбурми?

Нега маҳаллий ҳoкимиятлар ўз зиммасида бўлган ишларни ҳам ҳашарчиларга юклаб қўймоқда?

“Кўпдан қуён қочиб қутулмас” иборасини бугун ҳукумат ўтказаётган ҳашарларга ташбеҳ қилса бўладими?

Шу ёки шунга ўхшаш саволлар сизни ҳам ўйлантираётган ва бу борада жамоатчиликка айтишни истаган фикр-мулоҳазаларингиз бўлса, марҳамат қилиб, баҳсимизга қўшилинг!

BahsOnline жонли мулоқотининг навбатдаги сони чоршанба, 23 март, Тошкент вақти билан соат 19:05 да!

Марҳамат, сиз ҳам боғланинг:

IMO +420 724 971 539
WhatsApp+ 420 724 971 539, + 420 602 612 713
VIBER + 420 602 612 713
SKYPE ozodskype, ozodlikonline, ozodovoz

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG