Линклар

Брюсселда 3 портлашга алоқадор кўрилган уч кишининг шахси аниқланди


Белгия полицияси пойтахтда портлашларни уюштирган ака-ука худкушлар шахсини аниқлади. 23 март куни хабар қилинишича, булар Холид ва Иброҳим ал-Бақравийлардир. Улар билан бирга бўлган учинчи шахс - 24 яшар Нажим Лашравий эса қидирилмоқда. 22 март куни Брюссел аэропорти ва метросида содир бўлган портлашларда 31 киши ўлди, 274 одам жароҳатланди.

22 март куни Брюсселнинг Завентум аэропортида иккита ва шаҳар метросида битта портлаш содир бўлди. "Исломий давлат" террор гуруҳи портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

23 март куни Белгия матбуоти портлашларни уюштирганлардан икки нафари ака-ука худкуш Холид ва Иброҳим ал-Бақравийлар эканини хабар қилди.

Полиция бу уч шахсидан бири - Иброҳим ал-Бақравийнинг аэропортда ўзини портлатлатгани ДНК анализи натижасида аниқланганини маълум қилди. Унинг укаси Холид ал-Бақравийнинг эса метро ичида ўзини портлатгани аниқланган.

Маҳаллий матбуот бераётган хабарларга кўра, ака-укалар аввалги жиноятлари билан полицияга яхши маълум бўлган. Хусусан, улардан бири полициячига ўқ отгани учун жазоланган. Бундан ташқари, икковлоннинг Париждаги террор ортидан Брюсселда ўтказилган рейдлар чоғида қочгани ҳам полицияга маълум бўлгани ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Аэропорт камераларида улар билан бирга акс этган учинчи шахс - 24 Нажим Лашравийнинг, маҳаллий матбуотга таяниб куннинг биринчи қисмида берилган хабарларда, 23 март куни шаҳарда қўлга олингани айтилган эди. Аммо, кейинчалик ушланган шахснинг Лашравий эмаслиги хабар қилинди. Ҳозирча полиция бу хабарларга бирор изоҳ бермади.

Маҳаллий матбуот берган маълумотларга кўра, бу шахс икки ой муқаддам бу шахс Салоҳ Абдеслам билан бирга Брюссел чегарасидаги камералардан бирига тушиб қолган. Бундан ташқари, маҳаллий матбуот Лашравийнинг Париждаги террор ҳужумлари пайтида портлатилган бомбаларни ясагани гумон қилинаётганини ёзмоқда.

​Террорни содир этган шахсларни аниқлашда такси ҳайдовчиси кўмаклашди. У 22 март куни уччовлонни аэропортга элтаркан, уларнинг ҳаракатларидан шубҳаланганини айтмоқда.

Кейинроқ, ҳужумлар ҳақидаги хабарларни олиши билан ҳайдовчи полиция билан боғланди ва уччовлонни олган манзилга олиб борди. У ердаги кавартирани тинтув қилган полиция портловчи мослама ҳамда "Исломий давлат"нинг байроғини топди.

Муҳими, бу квартирадан ўтган ҳафтада Моленбекда қўлга олинган шахс - Парижда ўтган йили кузда содир этилган террор ҳужумларига алоқадор кўрилаётган Салоҳ Абдесламнинг бармоқ излари топилди.

23 март куни олинган сўнгги маълумотларга кўра, айни пайтда полиция Брюсселдаги террор ҳужумларига алоқадор бўлиши мумкин бўлган бошқа шахсларни қидирмоқда.

Бельгия пойтахти Брюссель аэропортида 2 марта ҳамда метросида 1 марта амалга оширилган портлашлар қурбонлари сони 31 кишига етди, 274 одам яраланди. Белгия прокурори оғир жароҳатланганлар ҳисобига қурбонлар сонини ошиши мумкинлигини қайд этиб ўтди.

Бельгия Соғлиқни сақлаш вазирилигининг маълум қилишича, жароҳатланганлар орасида аҳволи оғирлар кўпчилик.

Чоршанбага ўтар кечаси шаҳарнинг тарихий марказида йиғилиб, нобуд бўлганлар хотирасига шам ёқди, гул қўйди, ярим тунда бир дақиқалик сукут эълон қилинди.

Бельгия ҳукумати террорчиликлар ортидан мамлакатда хавфсизлик чораларини кучайтирди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан Брюсселга қўшимча равишда 225 ҳарбий жалб қилинди.

АҚШ президенти Барак Обама бу ҳужумларни "бегуноҳ инсонларга нисбатан содир этилган жирканч ҳужумдир", деб атади.

XS
SM
MD
LG