Линклар

Ангренда ўқитувчилар уйма-уй юриб, томорқани текширмоқда


Ўқитувчиларни "югур-етим" ишларига сафарбар этиш Ўзбекистонда оддий ҳол бўлиб қолган.

Ўқитувчиларни "югур-етим" ишларига сафарбар этиш Ўзбекистонда оддий ҳол бўлиб қолган.

Ангрендаги коллежлар ва мактаблар ўқитувчиларига янги жамоатчилик топшириғи юклатилди. Улар аҳоли ўз томорқасига қанақа ва қанча экин экмоқчи бўлганини рўйхат қилиб чиқишга сафарбар этилди. Ҳокимиятнинг "текин мардикорига" айланиб қолганини айтаётган ўқитувчиларга кўра, бундай қўшимча топшириқлар уларни асосий ишларидан чалғитмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар йўллаган коллеж ўқитувчиларидан бирининг ёзишича, бу топшириқ уларнинг асосий иши – ўқитувчилик қолиб, бошқа нарсалар билан шуғулланишга мажбур қилмоқда:

“Мен Ангрен шаҳар коллежларидан бирида ишлайман, педагогман. Гап шундаки, бизнинг раҳбариятимиз томонидан коллеж ҳудудидаги ерларда қандай полиз экинлари экиш кераклиги, бундан ташқари ўқувчиларимизнинг уйлари томорқаси қанча эканлиги ва қандай экинлар экилганлиги ҳақида билиб, рўйхат қилиб беришимиз сўралмоқда. Бу ишлар юқоридан келган топшириқ экан. Ахир шундоқ ҳам биз ўқитувчиларнинг қиладиган ишимиз тиқилиб ётибди. Нега ҳокимиятга тааллуқли ишларни биз текинга қилиб беришимиз керак экан?”, деб ёзади ўқитувчи.

Ангрен шаҳридаги коллежлардан бирининг исми сир қолишини сўраган директори барча коллежларга шундай топшириқ берилганини тасдиқлади:

“Тўғри бу гап. Барча коллежларга ҳокимият шундай топшириқ берган. Ҳар йили бўлади бундай топшириқлар”, деди коллеж директори.

Ангрен шаҳар ҳокимиятининг ўзини таништирмаган мулозими ўқитувчиларнинг аҳоли томорқасини ўрганишга сафарбар этилганини тасдиқлади:

“Ҳокимият қошида “Томорқа” штаби тузилган. Штабнинг вазифаси аҳолининг томорқаси неча сўтих эканлиги ва унда қандай экинлар экилганини мониторинг қилишдан иборат. Бу ишни амалга оширишда коллеж ва мактаб ўқитувчилари ёрдам беряпти”, деди ҳокимият мулозими.

Ангрен шаҳрига қўшни бўлган Оҳангарон туманидаги коллежлардан бирида ишлайдиган ўқитувчи ҳам муаллимлар ҳокимиятнинг топшириқларидан безиб қолганини айтади:

- Бизда ҳам худди шунга ўхшаш топшириқлар бўлди. Кўчалар, қишлоқлар ҳар бир ўқитувчига бўлиб берилди. Биз уйма-уй юриб аҳолининг нечта қўйи бор, нечта товуғи бор, нечта дарахти бор, неча сўтих ери бор, ҳаммасини ёзиб чиқиб топширишимиз керак экан. Биз қилган рўйхат қишлоқ ёки маҳалла фуқаролар йиғинларига топширилади, улар эса ҳокимиятга топширади экан, деди коллеж ўқитувчиси.

Ўзбекистонда давлат муассасалари ходимларининг ўз соҳаларига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб этилиши кенг тарқалган.

Айниқса, ўрта таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий тарзда қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жалб этиш ҳолати сурункали тус олган.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоси халқаро ташкилотлар тарафидан йиллардан бери танқид қилиб келинади. Лекин халқаро танқидлар кучайган сари Ўзбекистонда “беминнат хизматкор”га айланган ўқитувчию шифокорларни “қулдек” ишлатиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини кузатиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG