Линклар

logo-print

Наврўз арафасида Мозори Шарифда генерал Дўстумнинг суратлари йиртиб ташланди


Суратда: Афғонистон вице-президенти генерал Абдурашид Дўстум.

Суратда: Афғонистон вице-президенти генерал Абдурашид Дўстум.

Наврўз арафасида Афғонистон шимолида жойлашган Мозори Шариф шаҳрида собиқ ҳарбий қўмондан, мамлакат вице-президенти, ўзбек генерали Абдул Рашид Дўстумнинг шаҳар кўчасига илинган суратлари йиртиб ташланди.

20 март куни бўлиб ўтган байрам тантаналари давомида Дўстумнинг шаҳар кўчаларига илинган бир неча сурати устига ҳақоратли сўзлар ёзилди, айримлари бутунлай йиртиб ташланди.

Бунинг оқибатида Балх вилоятининг пойтахти Мозори Шариф шаҳри расмийлари можаро келиб чиқиши олдини олиш мақсадида бу безориликни қоралаб, зарар кўрган суратлар ўрнига янгиларини илишни буюрди.

Суратлар зарар кўрганидан кейин бир неча соат ўтиб Дўстумнинг рақиби, собиқ ҳарбий қўмондон ҳамда Балх вилоятининг ҳозирги губернатори Атто Муҳаммад Нур ўз Facebook саҳифасида бу безорилик Балхда тартибсизлик келтириб чиқаришни истовчи шахслар иши эканлиги ҳақида ёзди.

Губернатор ўзининг “Ўта муҳим” деб номланган шарҳида аҳолини тартибсизликлар ва тўқнашувлар ҳақида огоҳлантирди.

21 март куни Наврўз байрами тадбирлари ўтказилар экан, мамлакат хавфсизлик хизмати ходимлари шаҳардаги йирик йўлларни тўсиб, юзлаб кишини Мозори Шарифга киритмади.

Аммо байрам эртаси Дўстумнинг ғазабланган юзлаб тарафдори намойишга чиқди ва маҳаллий ҳукуматни айбдорларни жазолаш учун етарлича чора кўрмасликда айблади. Айни дамда Нур тарафдорлари Дўстумни қўлловчиларга қарши намойиш ўтказди.

Миллати ўзбек бўлган Дўстум Афғонистоннинг шимоли-ғарбида катта таъсирга эга бўлиб, у мазкур ҳудудда ҳарбий ҳаракатларга етакчилик қилиб келади. Яқинда Дўстум рақиби Нур билан толибларга қарши ҳамкорликда курашишга келишган бўлсада, ўтмишда Дўстумнинг “Жунбуши миллий” партияси Нурнинг “Жамияти исломий” партияси билан бир неча марта тўқнашган.

Дўстум безориликларга ёки унинг ёнини олиб ўтказилган намойишларга муносабат билдирганича йўқ. Шундай бўлсада, Дўстум партияси расмийлари генерал суратлари нима сабабдан олиб ташланганини билишни истаган шахслар тинч намойишга чиққанини айтди.

Расмийлар эса “контр-намойиш” ўтказилгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, Нур тарафдорлари аслида Дўстум учун ўтказилган намойишни қўллаш учун кўчага чиқишганини айтди.

Бир неча соат давом этган намойишлар ўз якунига етганидан кейин Дўстумнинг янги суратлари қайта илинди.

XS
SM
MD
LG