Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:38

Асака ҳокими Шоввозов "намунали уйлар" харидорларини ёлғончига чиқарди


Асакада қурилаётган уйлар ҳам бошқа минтақалардаги каби сифати билан ажралиб турмайди.
Асакада қурилаётган уйлар ҳам бошқа минтақалардаги каби сифати билан ажралиб турмайди.

Асака тумани ҳокими Тоҳиржон Шоввозов “намунали уйларни” маҳаллий тадбиркорларга "алдаб ўтқизгани" билан боғлиқ воқеа ривожланмоқда. Озодликка маълум бўлишича, ўтган ҳафта ҳокимга алданиб қолган асакаликлар воқеаси ёритилиши ортидан Шоввозов шикоятчиларни чақиртириб, ер бериш ваъдалари устидан чиқишини ваъда қилган. Лекин бу ваъадалари ҳам ёлғон бўлиб чиқди, дейишмоқда Озодликка мурожаат қилган асакаликлар. Шоввозовнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда шикоятчиларни ёлғончига чиқарди.

Ваъдасини бажаришни ваъда қилди

Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Тоҳиржон Шоввозов давлат қураётган “намунали”, деб аталувчи уйларни маҳаллий тадбиркорларга “алдов йўли билан” ўтқизгани тўғрисида Озодлик 18 март куни хабар қилган эди.

Ҳокимнинг давлат дастури доирасида қурилаётган уйларга ер қўшиб бериш ваъдасига алданиб қолганини айтган асакаликлар чоршанба куни яна Озодликка мурожаат қилишди. Шоввозовдан норози 50дан ошиқ асакалик номидан гапирган “намунали уй” харидорининг айтишича, Озодлик мақоласидан кейин ҳоким уларнинг ҳар бирини чақиртириб суҳбатлашган. Сешанба куни эса Андижон вилоят ҳокимлигидан келган мулозим иштирокида бу масалага бағишланган мажлис ўтказилган.

“Шоввозов шанба куниёқ ҳаммани бирма-бир чақиртириб, суҳбатлашди. Энсаси қотиб бўлса-да, сохта табассум билан мулойим гапирди. Наврўз билан табриклаб, шошилмай туришимизни сўради. Муаммони ҳал қиламиз, ваъда қилинган ерни, албатта, берамиз, бироз чидаб туринг, деб яна алдади. Анваржон деган туман кадастри бошлиғига буларга ажратиладиган ерларни кўрсатинг, деб топшириқ берган ҳам бўлди, ўзича. Ўшандан кейин ҳаммада яна умид пайдо бўлди. Лекин Андижон вилоят ҳокими намунавий уй-жой масаласи бўйича вакилини юборди. 22 март куни 19:00да Низомиддин исмли бу вакил, мажлис ўтказди. У вилоят ҳокимлигининг иқтисодиёт бошқармаси мутахассиси экан. У асосан оралиқ тўлов ҳақида гапирди. Низомиддиндан ҳоким ваъда қилган ер масаласини сўрадик. У эса бунақа гапдан хабари йўқлигини, уйларга ер қўшиб берилишини биринчи марта эшитиб турганини айтди. Яъни Шоввозов бошиданоқ бизни алдаган бўлиб чиқяпти”, дейди ўзини Асака ҳокими алдови қурбони, деб билувчи суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, ҳозирда ҳокимнинг ваъдаларига ишониб, “намунали уйлар” учун 50 миллион сўмдан аванс тўлаб қўйган харидорларнинг ҳар биридан оралиқ тўлови сифатида яна 8 миллиондан 11 миллион сўмгача пул тўлаш талаб қилишяпти.

“Вилоят ҳокимлиги вакили Тошкентдан топшириқ бор 4 хоналик уйлар учун 11 миллион сўм, 3 хоналик уйлар учун 8 миллион сўм оралиқ тўлови тўланиши кераклиги хақида айтди. Уй олувчиларнинг кўпчилиги бундан норози бўлишди. Сабаби ҳоким ваъда қилган ерлардан дарак йўқлиги, бошида 50 миллион сўм тўланишида оралиқ тўлови бўлмаслигини айтишганини пеш қилишди. Аввал ҳоким лабзида турсин, кейин тўлаймиз дейишяпти”, дейди суҳбатдош.

"Итнинг кейинги оёғи"

Андижон вилояти ҳокимлигидаги манбамиз Озодлик мақоласи ортидан Асакада “намунали уйлар” можароси катталашаётгани тўғрисида хабари борлигини айтади. 18 март куни Шоввозов "намунали уйларни" алдаб сотгани тўғрисидаги мақола эълон қилинганидан кейин, вилоят ҳокими Шухрат Абдураҳмонов Шоввозовга қўнғироқ қилиб, дакки берганини айтади манбамиз.

“Озодликнинг мақоласидан сўнг, 19 март, шанба куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Қўшақбаевич телефон қилиб, роса сўкибди Шоввозовни. Кеча Асакада бу масалада уй олувчилар билан мажлис ўтказилди. Вилоят ҳокими ҳам телефон орқали қатнашиб, ҳамманинг ичида яна ҳокимни обориб-обкеган. Хуллас, 31 март куни вилоят ҳокими Тошкентга сенат йиғилишига бориши керак. У ерда намунали уйлар масаласи ҳам кўтарилади, Андижон орқада қоляпти бу масалада. Кўрсаткичлар айнан Асака билан Пахтаобод тумани ҳисобига ортда қоляпти. Уйни сотолмаганинг етмасдан, Асака “итнинг кейинги оёғи” бўлиб қолаётгани етмасдан, шалтоқларинг билан интернетга ҳам чиқиб кетдинг, деб ҳақорат қилган Шуҳрат Қўшақбаевич”, дейди Анджион вилояти ҳокимлигидаги Озодлик манбаси.

Уй олвчилар номидан Озодлик билан гаплашган асакалик суҳбатдошимизга кўра, сешанба кунги мажлисдан кейин ҳоким Шоввозов шанба кунги ваъдаларини яна эсдан чиқарган. “Ҳозир ҳоким унинг олдига ваъда қилинган ер масаласида келганларни қабул қилмаяпти”, дейди асакалик.

"Ўзлари ёлғончи!"

Озодлик мухбири бу айбловларни изоҳласа, асакаси кетиб қолмас, деган ўй билан яна Асака ҳокимининг ўзи билан боғланди. Тоҳиржон Насретдинович Шоввозов уни “ёлғончилик”да айблаётган асакаликларнинг ўзларини “ёлғончи”га чиқарди.

“Сизга шикоят қилганнинг исми шарифи ким? Менга ўшаларнинг рўйхатини беринг. (Кейин гаплашамиз.) Сизга ёлғон гапиряпти улар”, дея гўшакни қўйиб қўйди Шоввозов.

Президент Ислом Каримов ғояси билан 2009 йилдан бери Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида қурилаётган “намунали уйлар” ўзбекистонликлар учун долзарб муаммога айланган.

Асакада қурилаётган уйлар ҳам бошқа минтақалардаги каби сифати билан ажралиб турмайди. Шу сабабдан ҳар бири қарийб 200 миллион сўм турадиган бу уйлар харидоргир эмас. Асака туман ҳокими потенциал харидорларни қизиқтириш учун ҳар бир “намунали уй”га бонус сифатида ер қўшиб беришни ваъда қилган, лекин 50 миллион сўмдан аванс тўлаб бўлинганидан кейин ваъдасини бузди, дейишмоқда асакаликлар.

Бундан ташқари Озодлик “намунали уйлар”ни қуриш ишларининг сифатсизлиги, давлат дастурига ажратилган маблағларнинг жойларда талон-торож қилиниши, уйларни қуриш ишларига талаба ва ўқитувчилар каби малакасиз иш кучининг жалб этилиши, харажатлар ўқитувчи ва шифокорлар ҳисобидан қопланишидан келиб чиқадиган муаммоларни кўп марта ёритган.

Ҳукумат расмийлари мазкур лойиҳага оид камчиликлар, жумладан маблағларнинг мақсадсиз ўзлаштирилаётгани ва уйларнинг сифати пастлигини тан олинган.

XS
SM
MD
LG