Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:01

Россия сиëсатчилари Брюсселдаги террор учун европаликларнинг ўзини айбламоқда


ЛДПР етакчиси ва Давлат Думасидаги Мудофаа масалалари бўйича қўмита аъзоси Владимир Жириновский марказий телеканаллардан биридаги чиқишида Бельгияда содир бўлган террорчилик ҳужумлари Россия фойдасига эканини гапирди. Думанинг 23 мартдаги йиғилишида эса миллатчи сиёсатчи Брюссель қурбонларининг рус депутатлари томонидан хотирланишига қарши чиқди.

Россия Давлат Думаси 23 март кунги ишини Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида содир бўлган портлашлар оқибатида нобуд бўлганлар хотирасига бир дақиқали сукут сақлаш билан бошлади.

Дума раиси талаби билан Россия халқ вакиллари қурбонлар хотираси учун ўрнидан турди.

Бироқ Либерал-демократик партиянинг (ЛДПР) кўп йиллик раҳнамоси Владимир Жириновский ўрнидан турмади ва бу ҳаракатини “ўзларига ўзлари портлаш уюштирганлар ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эмас”, дея изоҳлади:

- Мен келажакда ўзлари уюштирган террорчилик оқибатидаги қурбонлар хотирасига сукут сақламасликка чақираман, деди Жириновский.

Сиёсатчининг сиëсий одоб доирасига сиғмайдиган чиқишларига кўникиб қолган Дума депутатлари бу галги ҳаракатдан ҳайратга тушди:

- Ғарбда гуманизм ва ахлоқий қадриятлар тўғрисида кўп гапиришни хуш кўришади, аммо биз учун бу шунчаки сўзлар эмас. Шунинг учун ҳамдардлик ва таъзияларимиз – бу бизнинг халқаро террорчилик каби ёвузликка муносабатимиз ҳамда Европа хавфсизлиги бутунлигини англашимизни билдиради, деди Жириновский ҳаракатига муносабат билдирган Дума раиси Сергей Наришкин.

Шу йил февралида Давлат Думаси депутатлари бундан роса бир йил олдин Кремль девори остида отиб кетилган мамлакат собиқ вице-премьери ва Дума собиқ депутати Борис Немцов хотирасига сукут сақлашдан бош тортган эди.

Владимир Жириновский эса бундан бир кун олдин Бельгиядаги портлашда 34 кишининг ҳалок бўлгани ва 250 га яқин одамнинг яралангани “Россия фойдасига бўлгани” тўғрисида гапиришга улгурган эди. “Россия” телеканалидаги Владимир Соловьевнинг “Вечер” теледастурида ЛДПР етакчиси бу гапи билан ўз аудиториясини лол қолдирди:

- Сурия – Европа эмас. Ҳозирда террорчилик хуружлари Европада кетаяпти ва портлашлар бутун қитъага кўчади! Ва бу бизга фойдали! Улар ўлса ўлаверсин! Улар келиб биздан илтимос қилсин! деди студияда ўтирган сиёсатчи ва жамоат фаолларига қарата Жириновский.

22 март куни Брюсселда собир бўлган икки портлашга Россия бошқа расмийлари билдирган муносабат ҳам халқаро жамоатчиликни ҳайратда қолдирмоқда.

Алексей Пушков
Алексей Пушков

Ҳукуматнинг энг юқори лавозимли вакиллари террор хуружлари ортидан дарҳол таъзия билдирганига қарамасдан, Кремлга содиқ бўлган айрим сиёсатчилар мутлақо тескари муносабат қилди.

Жумладан, Халқаро масалалар бўйича Дума қўмита раҳбари Алексей Пушков “Твиттер” саҳифасида:

Столтенберг (НАТО директори- таҳр.) эсини йўқотиб “Россия таҳдиди” билан курашаётган ва Латвияда қўшин жойлаштираётган бир пайтда, бурнининг шундоққина тагида - Брюсселда одамларни портлатишмоқда”, деб ёзди.

Россия парламентининг бошқа вакиллари ҳам содир бўлган портлашларда “европаликларнинг ўзини” айблади.

Россия Компартияси раҳбари Геннадий Зюганов журналистларга “европаликлар мутаносиб сиёсатга эга эмаслиги ва Сэм амакига бош эгишга мажбур экани туфайли “қонли ўлпон” тўламоқда”, деб таъкидлади.

Унинг биринчи ёрдамчиси Иван Мельников ҳам ўз раҳбари баëнотини давом эттирди:

- Аввалига Европа лидерлари араб шарқида ўрнашган тинчликни АҚШ ёрдамида вайрон қилди, энди бўлса ўз халқлари тинчлигини таъминлай олмаяпти – на жисмоний, на демографик, деди Мельников.

Россия мутассадиларининг бу айбловларига мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қўшилди.

ТИВ матбуот котиби Мария Захарова: “Сайёрамизнинг бир қисмида террорчиларни қўллаб-қувватлаб улар бошқа жойларга кела олмайди, деб калта ўйлаш мумкин эмас”¸ деб баëнот берди.

Бельгия пойтахти Брюссель аэропорти ва метросида амалга оширилган террор хуружлари оқибатида ўлганлар сони 34 нафарга¸ яраланганлар эса¸ 200 га етди.

22 март кунги Брюсселдаги портлашлар учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG