Линклар

Генерал Дўстим тарафдорлари намойишида бир одам нобуд бўлди


Генерал Дўстум тарафдорларининг норозилиги шимолдаги бошқа вилоятларга ҳам кўчмоқда.

Генерал Дўстум тарафдорларининг норозилиги шимолдаги бошқа вилоятларга ҳам кўчмоқда.

Афғонистоннинг Фарёб вилоятида мамлакат вице- президенти¸ ўзбек генерали Абдулрашид Дўстим тарафдорлари норозилик намойишига чиқди. Ўтган ҳафта охирида Мозори Шариф шаҳрида генерал Дўстумнинг портретлари йиртиб ташланганига қарши давом этаётган норозилик Фарёб вилоятининг Маймана шаҳрида пайшанба куни бир кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Фарёб вилояти пойтахти Маймана шаҳрида пайшанба куннинг биринчи ярмида Афғонистон вице-президенти, этник ўзбек генерали Абдулрашид Дўстимнинг минглаб тарафдори норозилик намойиши уюштирди.

Норозилар Наврўз байрами арафасида қўшни Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳрида кўчаларга илинган генерал Дўстимнинг портретлари йиритилиши учун маъсул шахсларни аниқлаб, жавобгарликка тортишни талаб қилишди.

Айни пайтда¸ Майманада Дўстимнинг кўп йиллик рақиби, Балх вилоятининг этник тожик ҳокими Атта Муҳаммад Нур тарафдорлари ҳам намойишга чиқди. Икки рақиб томон ўртасидаги намойиш зўравонликларга айланиб кетиши оқибатида талафотлар бўлгани хабар қилинмоқда.

Маймана шаҳрида 24 март куни намойиш давом этаётган пайтда бир гуруҳ қуролланган шахс оломонга яқинлашиб, осмонга қарата ўт очган. Бунинг ортидан юзага чиққан саросима оқибатида одамларга қарата ҳам ўт очилгани ва натижада бир киши ҳалок бўлиб, бир неча намойишчининг жароҳатлангани айтилмоқда.

Ҳозирча расмийлар қайси тарафнинг ўт очганига оид изоҳ бергани йўқ.

Миллий Исломий ҳаракат партиясининг ёшлар қаноти раиси Канишко Туркистоний

Миллий Исломий ҳаракат партиясининг ёшлар қаноти раиси Канишко Туркистоний

Абдулрашид Дўстим етакчилигидаги Жунбуши ислом партиясининг ёшлар қаноти раиси Канишко Туркистоний Озодлик билан суҳбатда қуролланган гуруҳ Балх вилояти ҳокими Атта Муҳаммад Нурнинг намойишни тарқатиш топшириғини бажараётган одамлардан иборат бўлганини иддао қилди:

- Атто Муҳаммад Нурнинг буйруғи билан унинг Балхдаги тарафдорлари келиб, одамлар орасига кириб, норозилик намойишини бузиб юборишди ва тарқатиб юборишга ҳаракат қилишди. Ёшларимиз босимларга қарамасдан кўчага чиқиб, норозилик уюштираётган пайтда, олдиндан режаланган ҳаракат билан қуроллилар уларга қарата ўт очди. Натижада бир киши ҳалок бўлди, тўрт киши жароҳат олди,- дейди Дўстим партиясининг ёшлар қаноти раиси Канишко Туркистоний

Унинг айтишича, Наврўз арафасида Мозори Шарифда Дўстимнинг портретлари йиртиб ташланганидан кейин ўзбек генералининг тарафдорларига бу борада норозилик уюштирмаслик борасида босимлар бўлган. Шунга қарамасдан¸ бу каби норозиликлар аҳолисининг катта қисмини ўзбек ва туркманлар ташкил этувчи бошқа шимолий вилоятларга ҳам кўчган, дейди Туркистоний.

20 март куни Мозори Шарифда генерал Дўстимнинг шаҳар кўчаларига илинган бир неча портрети устига ҳақоратли сўзлар ёзилди, айримлари йиртиб ташланди.

Балх вилояти маркази Мозори Шариф расмийлари можаро келиб чиқиши олдини олиш мақсадида бу безориликни қоралаб, зарар кўрган суратлар ўрнига янгиларини илишни буюрди.

Ҳодисадан бир неча соат ўтиб Дўстимнинг кўп йиллик рақиби, собиқ ҳарбий қўмондон ҳамда Балх вилояти ҳокими Атто Муҳаммад Нур ўз Facebook саҳифасида безориликни қоралаб, баёнот тарқатди. Этник тожик ҳоким бу ҳаракатлар ортида Балхдаги вазиятни изидан чиқаришни истовчи кучлар турганини баён қилди.

Афғонистон шимол-ғарбида энг нуфузли сиëсатчилардан бири ҳисобланган этнгик ўзбек генерали Дўстимнинг ҳозирда мамлакат ташқарисида экани айтилмоқда. Яқинда Дўстим билан Нур толибларга қарши курашда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олганига қарамасдан¸ ўзбек генерали етакчилигидаги Жунбуши ислом партияси ва тожик ҳокимнинг Жамияти Исломий партияси ўртасида кўп йиллик зиддият сақланиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG