Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:34

Афғонистон шарқида қўлга олинган ИШИДчилар орасида ўзбекистонликлар борлиги айтилмоқда


Афғонистонда ИШИД фаоллашиши ортидан бу мамлакатда ҳам ўзбекистонлик ИШИДчилар сони ошмоқда.
Афғонистонда ИШИД фаоллашиши ортидан бу мамлакатда ҳам ўзбекистонлик ИШИДчилар сони ошмоқда.

Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятида Ироқдаги “Исломий ҳаракат” экстремист гуруҳига қўшилмоқчи бўлган 15 хорижлик қўлга олинди. Расмйиларнинг билдиришича, улар орасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия фуқаролари бор.

ИШИДга қўшилмоқчи бўлган гуруҳ Афғонистон шарқидаги Покистонга чегарадош Нангарҳор вилоятида қўлга олингани тўғрисидаги хабарни мазкур вилоят полиция бошлиғи Фозил Аҳмад Шерзод тасдиқлади. Унинг айтишича, қўлга олинган 15 одам орасида аёллар ҳам бор.

“ИШИДга алоқадор кўплаб хориж фуқароларини, жумладан аёлларни қўлга олдик. Улар ҳаммаси бўлиб 15 киши. Ҳозирда улар полиция бош бошқармаси ихтиёрига топширилган ва тергов қилинмоқда. Уларга қарши террорчилик бўйича жиноят ишлари очилган”, деди полиция бошлиғи.

Бу хабарни изоҳлаган Нангарҳор вилояти ҳокими Салим Хон Қундузий мубирлар билан мулоқоти чоғида қўлга олинганлар орасида жумладан Ўзбекистон фуқаролари борлигини билдирди.

“Улар орасида Тожикистон, Ўзбекистон ва Чеченистон фуқаролари бор. Бундан ташқари бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси террорчи ва агар ниятларига етишганда эди нафақат бизга балки қўшни мамлакатларга ҳам таҳдид туғдирар эди”, деди вилоят ҳокими.

Қўлга олинганларнинг неча нафари ўзбекистонлик эканини расмийлар аниқлаштирмади.

Шу пайтгача Сурия ва Ироқдаги ИШИД сафларига қўшилиш ниятида бўлган марказий-осиёликлар бу минтақага асосан Туркия орқали йўл олаётган эди. Лекин сўнгги бир йил давомида ИШИД Афғонистонда ҳам фаоллашиши вазиятида бу мамлакатда Марказий Осиё мамлакатларидан, жумладан Ўзбекистондан борган жангарилар сони ортаётгани айтилмоқда.

Хусусан, Афғонистон ва Покистонда фаолият қилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари "Исломий давлат" гуруҳига байъат келтирган.

Сурия ва Ироқда катта ҳудудларни эгаллаб олган “Исломий давлат” экстремист гуруҳи сафларида минглаб марказий-осиёлик, жумладан ўзбекистонликларнинг борлиги тахмин этилади.

XS
SM
MD
LG