Линклар

Ушбу ҳафтада Ўзбекистонда катта тантаналар билан Наврўз байрамининг нишонлангани ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ушбу байрамни нишонлашга рухсат берувчи жума маърузаси ижтимоий тармоқларда баҳс бўлмоқда. Диний идора Наврўз Ўзбекистонда диний байрам эмас, балки баҳор фаслининг бошланишига бағишланган умумхалқ байрами бўлгани боис, нишонлаш мумкин, дея фатво берди.

Жума маърузаси: Наврўзнинг динга дахли йўқ

Диний идора расмий сайтида Наврўз байрамига бағишланган қаторқ мақолалар эълон қилинди ва уларда, жумладан, байрамга бағишлаб ўтказилган идора доирасидаги тадбирлар ҳам санаб ўтилди.

Тилга олинган байрам тадбирларидан бири идора ичидаги футбол жамоалари орасида Наврўз арафасида ўтказилган турнидир. Яна бир тадбир эса Бухородаги аёллар мадрасасида ўқиётган хотин-қизлар ўртасида ўтказилган кўрик-танловдир.

18 март куни - Наврўз байрами арафасида республика масжидларида ўқиш учун ҳозирланган Жума маърузасида эса, жумладан, шундай дейилди:

“...Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан инсон ер юзини обод қилиши ва унда чиройли ҳаёт кечириши учун лозим бўлган ҳаво, сув, қуёш ва тупроқни унга бўйсундирди... Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Кўраяпсизки, осмонларни устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди ва унда турли жондор(лар)ни тарқатиб қўйди. Яна Биз осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, (ерда) турли чиройли (ўсимликларни) ундириб қўйдик” (Луқмон, 10).

Бу байрам халқимиз Ислом дини билан шарафланишидан олдин ҳам бўлган, Исломдан кейин ҳам у дин таълимотларига ва мусулмон ақидасига зид бўлмагани учун ҳануз нишонлаб келинади... У ҳозир мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Таъкидлаш жоизки, Наврўз байрамининг дин ёки эътиқодга умуман дахли йўқ бўлиб, ушбу кун азал шарқ халқларида янгиланиш, яшариш байрами, деҳқончилик мавсумининг бошланиши, янги ҳаёт палласи сифатида кўрилган".

Баҳс: Исломда икки Ҳайитдан бошқа байрам йўқми?

Ўзбекистонда умумхалқ байрами сифатида расмий байрам тадбири билан нишонланадиган икки йирик санадан бири – Наврўздир. Яна бири эса Мустақиллик байрами.

Бу йил ҳам Наврўз катта танталар билан Тошкент марказида иншонланди ва ижтимоий тармоқларда бу байрамнинг Исломда тақиқланганини таъкидлаган ҳамда аксинча, буни диний аҳамиятга эга бўлмаган умумхалқ байрами сифатида нишонлаш керак, дегувчилар ичида баҳс яна қизиди.

Наврўз мумкинмас, дегувчилар асосан икки диний далилни илгари сурмоқдалар. Жумладан, улар Наврўзнинг оловга сиғинувчи оташпарастлар орасида кенг тарқалган йирик байрам бўлганини тилга олиб: "Ким бир халққа ўхшаса, бас у, улардан биридир!" деган ҳадисни келтирмоқдалар. Бундан ташқари, Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматга янада яхшироқ икки байрам - Рамазон ва Қурбон ҳайити берилганини айтгани ҳақидаги ҳадисни тилга олмоқдалар.

Аммо, баҳснинг қарши тарафидагилар, худди Мусулмонлар идораси таъкидлагани каби, Ўзбекистонда бу байрамни диний маросим эмас, балки баҳор фасли бошида деҳқончиликнинг бошланишига бағишланган анъанавий-миллий-ижтимоий бир маросим, деб баҳоламоқдалар. Яъни, Исломда икки Ҳайитдан бошқа байрам йўқ, дегувчиларга қарши фикр билдирувчи мусулмонлар ҳам кўп бўлмоқда.

Биз аввалига 31 миллион аҳоли истиқомат қилаётган мусулмон Ўзбекистонда диндорларга бош-қош бўлган диний идорадан Наврўзни нишонлашга оид келтирган асослари, далилларини сўрадик.

А.Мансур: Исломнинг бағрини торайтирмаслик керак

Озодлик саволларига жавоб берган шайх Абдулазиз Мансурдан ижтимоий тармоқларда Наврўзни нишонлаш мумкин эмас, деган аҳли илмлар илгари сураётган далилларга жавоб беришни ҳам сўрадик.

У киши Ўзбекистонда Наврўз байрамининг нишонланиши ва бунда диний идора иштирокини ёқлади ҳамда бунга ўз далил-изоҳларини келтирди.

Диний идора позициясига кўра, Наврўз байрамининг динга алоқаси йўқ ва Ўзбекистонда у баҳор фаслинининг бошланиши билан боғлиқ ижтимоий аҳамиятга эга бир байрамдир.

Бундан ташқари, бу байрам Ўзбекистонда расман умумхалқ байрами сифатида эълон қилинган ва давлат миқёсида нишонланади. Абдулазиз Мансур бунга қиёслаб Мустақиллик байрамини келтирди.

Қуйида у киши билан суҳбат ўрин олган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тинглашингиз мумкин:

Аммо, мусулмонларнинг Наврўз ва умуман, икки Ҳайитдан бошқа байрамларни нишонлаш мумкинки ёки йўқми, деган баҳс жиддий баҳслардан яна биридир.

Шу боис, келгусида бу мавзуда томонларни суҳбатга чорлаш нияти бор. Янгиликлар учун сайтимизни кузатиб боринг!

Айни пайтда, бу баҳсли мавзу хусусида сизда бирор муносабат бўлса ва хусусан, Диний идорадан олинган жавобга эътирозларингиз бўлса, марҳамат, бизга боғланинг:

WhatsApp + 420 724 971 539, + 420 602 612 713

VIBER + 420 602 612 713

SKYPE ozodskype, ozodlikonline, ozodovoz

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG