Линклар

logo-print

Ўзбекистон-Қирғизистон Чегара хизмати раҳбарлари 25 март куни ўзаро сарҳадларда юзага келган кескинликни юмшатишга қаратилган музокара бошладилар. Ўзбек томони ташаббуси билан белгиланган бу музокаралар икки қўшни ўртасида очиқ қолаëтган ягона Боткен вилоятидаги “Қизилқия” назорат-ўтказув пунктида бўлиб ўтмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби тарқатган баëнотга кўра¸ ўзаро сарҳадда ўтказилаëтган музокараларда Қирғизистон Давлат чегара хизмати раҳбари Раимберди Дуйшенбиев ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати қошидаги Чегара қўшинлари қўмондони Рустам Эминжонов иштирок этмоқда.

Қирғиз томони Тошкентнинг жавобини "мавҳум ва мужмал", деб баҳолади

Айни пайтда¸ Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани муносабати билан Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчиси маслаҳатлашувлар учун Бишкекка чақиртириб олинади.

Бу ҳақда 24 март куни Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги расмийси Нурлан Суярқулов маълум қилди.

Элчининг маслаҳатлашувлар учун чақиртириб олиниши халқаро дипломатияда жиддий норозилик аломатларидан бири сифатида кўрилади. Дипломатик тилда бу “қўшни мамлакат билан дипломатик алоқалар даражасининг пасайтирилиши”ни англатади, аммо “дипломатик алоқалар тўла узилиши”ни билдирмайди. “Элчини маслаҳатлашув учун чақиртириб олиниши” Бишкекнинг Тошкентда нималар бўлаётгани, Қирғизистон хавфсизлигига таҳдид бор ёки йўқлигини аниқлашга қаратилган ҳаракати ҳам бўлиши мумкин.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирилиги элчининг чақиртириб олинишига юқорида айтиб ўтилган омиллардан қай бири сабаб бўлганини очиқламаган.

Ўзбекистон 18 март куни икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига 2 БТР. 2 КамАз ва 40 аскар киритган эди. Шундан сўнг Қирғизистон томони Тошкентга норозилик нотаси жўнатган.

22 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нотага жавоб қайтарган. Жавобда Ўзбекистон Наврўз муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилиши доирасида Чаласартга аскар киритгани айтилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентнинг бу жавобини мавҳум ва мужмал, деб ҳисоблаб, 24 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига яна бир норозлик нотаси жўнатди

- Ўзбекистон биз жўнатган нотага аниқ жавоб қайтармагани ортидан қирғиз томони чегарадаги аниқланмаган Чаласарт ҳудудига ўзбек томони қуролли кучлар ва ҳарбий техника киритиш ҳуқуқига эга эмас эди, деган фикрида собит қолмоқда. Ўзбекистон бу ҳудуддаги постларни йўқ қилиб, аскарлари ва ҳарбий техникасини олиб чиқиб кетганидан сўнггина қирғиз томони ўзбек ҳамкасблари билан барча масалалар юзасидан конструктив музокараларни олиб боришга тайёр бўлади, - деди Нурлан Суярқулов.

Аликбек Жекшенкулов: Элчини чақиртириб олиш энг сўнгги чора

Айни пайтда Қирғизистон чегарадаги вазиятни ҳал қилишда кўмак сўраб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотларга мурожаат қилган.

Бишкек талаби билан Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доимий кенгаши бу масалани муҳокама қилиб, икки давлат ўртасидаги чегарада юзага келган вазиятдан ташвиш билдирган. Бироқ кенгаш қандай қарор қилгани ҳалигача номаълум қолмоқда.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенқулов ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазият халқаро ташкилотлар томонидан эмас, қирғиз ҳукумати томонидан ҳал этилиши лозим эди, деб ҳисоблайди:

- Халқаро ташкилотларга икки давлат ўртасидаги муносабатлар мутлақо издан чиққан пайтда мурожаат қилинади. Бу халқаро тажриба. Чегарадаги вазият юзасидан аввал ҳукумат юқори даражадаги сўзлашувларни ўтказиши шарт эди. Элчини чақиртириб олиш ҳам энг сўнгги чора бўлиши керак. Дипломатлар сўзлашувларни олиб боролмаётган бўлса, уларнинг ўрнига янги дипломатларни тайинлаш керак. Нота жўнатиб, вазиятни янада кескинлаштиришдан ҳеч кимга наф бўлмайди, -деди Аликбек Жекшенқулов.

Қирғизистон ҳукумати: Ўзбекистон Бишкекка босим ўтказишга ҳаракат қилаяпти

24 март куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев агар Ўзбекистон баҳсли ҳудуддан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмаса, Тошкентда июнь ойида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишига бормаслигини билдирган эди.

Қирғизистон ҳукумати чегарада юзага келган вазиятни Ўзбекистоннинг Ўртатўқай сув омбори масаласида Бишкекка таъсир кўрсатиш ҳаракати сифатида баҳоламоқда. Ўзбекистонда бу объект Касонсой сув омбори деб аталади. Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича махсус вакили Курбанбай Искандеров пайшанба куни матбуотга бу ҳақда билдирар экан, Тошкент Бишкекдан Ўртатўқай сув омборини таъмирлашга рухсат сўрагани, аммо Бишкек бунга рухсат бермаганини айтди. Мана шу воқеа ортидан Ўзбекистон Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскарларини олиб кирган.

Ўзбекистонда Касонсой, Қирғизистонда Ўртатўқай деб аталувчи сув омбори Ўзбекистон томонидан ишлатилиб келинади. Қирғизистон бу ҳудудни ўзига қарашли деб билади. Сув омбори эса икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолаётган объект ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG