Линклар

Россия атлетларининг боши допинг жанжалидан чиқмаяпти


Сузиш бўйича тўрт карра жаҳон чемпиони россиялик Юлия Ефимова яқинда ман қилинган, бардошлиликни оширувчи мельдоний моддасини қабул қилгани аниқланди.

Сузиш бўйича тўрт карра жаҳон чемпиони россиялик Юлия Ефимова яқинда ман қилинган, бардошлиликни оширувчи мельдоний моддасини қабул қилгани аниқланди.

Россия спорт дунёсини допинг айбловлари ларзага солишда давом этмоқда. Четлатилган, медаллари тортиб олинган ҳамда ўз кўрсаткичларини яхшилаш учун ноқонуний моддалардан фойдаланганликда айбланаётган россиялик атлетлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Янги айблов ва хабарлар гирдобида қолган Россия допингга қарши кураш агентлиги (РУСАДА) 24 март куни россиялик сузувчилар допинг тестидан ўта олмаганини яширганини инкор этди.

РУСАДАнинг бу билдирувидан бир кун аввал Лондонда нашр этилувчи The Times газетаси россиялик сузувчилар мунтазам равишда ман этилган моддаларни истеъмол қилиб келаётгани ҳақида танқидий мақола ёзган эди.

The Times мақоласи ортидан Жаҳон допингга қарши кураш агентлиги (WADA) хабардаги иддаоларни кўриб чиқишини билдирди.

WADA президенти Крейг Риди: “Россия сузувчилари орасидаги уюштирилган допинг ҳақидаги бугунги хавотирли иддаолар кўриб чиқилиши зарурлигига шубга йўқ”, деди.

The Times ҳикоясида 2009 йил икки россиялик сузувчи эритропоэтин тестидан ўтмагани, лекин тест натижалари ҳақида Халқаро сузиш федерациясига (FINA) хабар қилинмагани айтилади.

23 март куни FINA россиялик сузувчиларни текширишга ҳамда Россияда бўлиб ўтаётган сузиш мусобақаларида допингга қарши курашга катта эътибор қаратилаётганини билдирди. Ташкилот россиялик сузувчилар мунтазам равишда допингдан фойданганини кўрсатувчи “аниқ далилларга”эга эмаслигини айтиб, The Times газетасини ўзида бор далиллар билан ўртоқлашишга чақирди.

2006 йилдан бери 40 дан ошиқ россиялик сузувчи допинг тестидан ўтмагани тасдиқланган. Шундай экан, Россия ўтган ўн йилликда ноқонуний моддалардан фойдаланиш бўйича олтин медаль соҳибидир, десак бўлади.

Ўтган ҳафтада допинг тестидан ўтмаган россиялик сузувчилар сони яна биттага кўпайди. Сузиш бўйича тўрт карра жаҳон чемпиони Юлия Ефимова яқинда ман қилинган, бардошлиликни оширувчи мельдоний моддасини қабул қилгани аниқланди. Ёши 23 да бўлган Ефимова Россиянинг энг яхши сузувчиси ҳисобланади.

24 март куни маркази Швейцарияда бўлган Спорт арбитраж суди россиялик атлетлар 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган олимпиада ўйинларида қўлга киритган бир олтин, бир кумуш медални ҳамда 2011 йилги халқаро мусобақаларда олган икки биринчи ўринни қайтиб беришга мажбур бўлишини билдирди.

Спорт арбитраж суди умумий ҳисобда олти россиялик атлетга қарши санкциялар жорий қилди.

Россия расмийлари август ойида Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларигача Россия атлетларига қўйилган чекловлар Енгил атлетика федерацияларининг ассоциацияси (IAAF) томонидан бекор қилинишига эришиш учун курашиб келади. Спорт арбитраж судининг янги хабари Россия расмийларининг бу саъй-ҳаракатларига салбий таъсир кўрсатишини кутиш мумкин.

The Times хабарида яна допинг ишларида Россия атлетика федерациясининг тиббий комиссияси етакчиси Сергей Португаловнинг қўли борлиги айтилади. Португалов россиялик атлетлар допинг қабул олишида иштирок этгани учун бир умрга четлатилган.

WADA Россия сузувчилари допинг ишлатишида Португаловнинг қўли борлиги ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканлигини билдирди.

Допинг тестидан ўтмаган рус атлетлари орасида таниқли теннисчи Мария Шараповадан тортиб, деярли номаълум бўлган Александр Саможен каби ҳаваскор мерганлар бор. Шарапова мельдоний қабул қилганини тан олган. Саможен эса бир ҳафта аввал допинг тестидан ўта олмагани учун икки йилга четлатилди.

Россия кураш федерацияси етакчиси Михаил Мамиашвили 22 март куни икки россиялик курашчи, жумладан, жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган Евгений Салеев ҳам мельдоний тестида ижобий натижа кўрсатганини тасдиқлади.

Мамиашвили Россияда “ўнлаб” допинг ҳолатлари борлигини айтиб, бу ҳолни Россияда барча спорт турларини қамраб олган “эпидемия”, деб атади.

XS
SM
MD
LG