Линклар

“Каражич Сараевони ўлдирган”


Радован Каражич ўзининг Паледаги (Югославия) қароргоҳида, 1993 йил январи.

Радован Каражич ўзининг Паледаги (Югославия) қароргоҳида, 1993 йил январи.

Босния сербларининг собиқ етакчиси Радован Каражични охирги марта 1992 йилнинг августида Лондонда бўлиб ўтган тинчлик конференциясида кўрганман. Ўша пайтда Oslobodjenje кундалик газетаси мухбири эдим. Конференция Европа Иттифоқининг уруш ҳали тўлиқ кучга кирмаган Болқон ярим оролида тинчлик ўрнатишга қаратилган уриниши эди.

Мақола-блог муаллифи Гордана Кнезевич.

Мақола-блог муаллифи Гордана Кнезевич.

Сараевога қайтиб келганимдан кейингина аслида нима бўлаётганини англаб етдим. Серблар бир қўли билан тинчлик ўрнатиб, иккинчиси билан уруш олиб бораётган экан. Содир бўлаётган вайронагарчилик ҳақида Лондонда ҳеч ким хабар топмаслиги учун Сараевода электр токи ҳам, телефон хизмати ҳам йўқ эди.

Бир ҳафта уруш зонаси ташида юрганимдан кейин бутунлай бошқа жойга қайтдим.

Сараевонинг мавритан услубига яқин стилда қурилган, дунёга ном таратган кутубхонаси ёқиб юборилган, у ерда сақланган 700 дан ошиқ қўлёзма бир умрга йўқотилган эди. Газетамизнинг 1980-йиллар бошида қурилган қўшалоқ биноси бир ҳафта давом этган ҳужумлар натижасида вайрон бўлган эди.

Oslobodjenje газетаси ходимлари орасида серблар, хорватлар, мусулмонлар, яҳудийлар бор эди. Урушдан аввал ҳамкасбларимнинг кўпи қайси миллатга мансуб эканлигини билмас эдим. Аммо буни тезда билиб олишга мажбур бўлдим.

Oslobodjenje газетасининг Каражич ҳужумига учрашига унинг Босниянинг бошқа ерларига ўхшаб кўп миллатли эканлиги сабаб бўлган. Каражич дунёсида эса ҳамжиҳат ҳаётнинг барча белгилари йўқ қилиниши керак эди.

Бино тепасида газета номи ҳам лотин, ҳам кирилл ҳарфларида ёзилгани бизни осон ўлжа қилиб қўйган эди. Айнан шу ёзувларга биринчи ўқ узишган.

Каражичга кўра, бизнинг “жиноятимиз” одамларни ажратмаганимиз, бирга туришни хоҳлаганимиз, газетамизни бир-биримизнинг миллатимизга эътибор бермай, биргаликда чоп этганимиз бўлган.

Бирданига болаларим “аралаш никоҳ” фарзандларига айланди. (Турмуш ўртоғим хорватдир.) Ўша пайтда 13 ёшда бўлган ўғлим укасига даҳшат билан: “Онамиз серб эканлигини биласанми?” деган эди.

Болаларимиз югослав ўлароқ улғайган эди ва бошқаларнинг миллати уларни қизиқтирмасди. Улар ҳатто ўз ота-оналарининг миллатига катта қизиқиш кўрсатишмаган эди. (Уларни “Монополия” ҳамда “Риск” ўйинлари кўпроқ қизиқтирарди.) Аммо ҳар кеч Каражични телевизорда кўрар эканлар, улар оналари зўравон айирмачилик тарофдори бўлмиш бу киши билан бир миллат вакили бўлишни истамас эдилар.

Чунки айнан серблар шаҳарни барбод қилаётган эди.

Деярли 1500 кун давом этган портлаш ва ўқ узишлар нафақат 14 минг киши умрига зомин бўлди, балки шаҳарнинг кўп миллатли тузилишига ҳам барҳам берди.

Каражичнинг буюк режаси “этник тозалаш” эди. Унга кўра, серблар Сербия Республикасига кетиши, хорватлар ғарбий Герцеговинада қолиши, мамлакат ўртаси эса мусулмонларга берилиши керак эди.

Мен омади чопганлардан бўлдим. Сараево қамали бутунлай кучга киришидан аввал AFP журналисти ёрдамида уч боламнинг иккисини шаҳардан чиқаришга муваффақ бўлдим. (Энг ёш фарзандим мен ва турмуш ўртоғим билан шаҳарда қолди.)

Ҳа, Сараево кутубхонаси кейинчалик халқаро ёрдам билан қайта тикланди, Oslobodjenje иморатини маҳаллий тадбиркор сотиб олиб, қайта таъмирлади. Ҳа, Сараевонинг катта қисми кейинчалик қайта тикланди, йўллар янгидан ётқизилди, кўприклар тузатилди. Аммо Сараевонинг ажойиб кўп миллатли руҳи ҳеч қачон қайта тикланмади.

Агар судья бўлганимда, Каражичга шаҳарни ўлдиргани учунгина бир умрлик қамоқ жазосини берган бўлар эдим.

XS
SM
MD
LG