Линклар

Адабиёт бўйича Нобель мукофотини берувчи швед институти 27 йиллик сукутдан кейин британ ёзувчиси Салмон Рушдий бўйича Эрон эълон қилган фатвони қоралади. Швед академияси 24 март куни ўз вебсайтида эълон қилган билдирувда Эрон фатвоси ҳамда Рушдийни ўлдирган шахсга берилиши ваъда қилинган мукофот илк маротаба қораланиб, бу фатво халқаро қонунчиликнинг яққол бузилиши эканлиги айтилади.

Билдирувда яна фатво ўтган йили дунёнинг қудратли мамлакатлари ҳамда Эрон ўртасида мамлакатнинг ядровий дастури бўйича эришилган келишув ортидан “алоқаларнинг нормаллашишига бутунлай зиддир”, дейилади.

Академия директори Томас Риад Рушдий масаласи қайта кўриб чиқилишига Эрондаги 40 давлат нашрларида Рушдийнинг боши учун ваъда қилинган мукофотнинг $600 000 га кўпайтирилгани ҳақида хабар берилгани туртки бўлганини билдирди.

“Адабиётнинг сиёсий бошқарувдан озод бўлиши принципи цивилизация учун ўта муҳим ва у қасоскор ва цензура тарафдорлари ҳужумларидан ҳимоя қилиниши керак”, деди Риад.

“Адабий асар учун ўлим ҳукми чиқарилгани сўз эркинлигининг жиддий бузилишидан дарак беради”, дея сўзини давом эттирди директор. Швед академияси 1989 йил ҳам Рушдийни қўллашини, ҳам бетараф қолишни исташини айтиб, Эрон фатвоси бўйича бирор тарафнинг ёнини олишдан бош торган эди. Академиянинг мазкур масала бўйича сукут сақлашга қарор қилиши ортидан унинг бир неча аъзоси институтни тарк этган эди.

Рушдийнин Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги “Шайтон оятлари” номли китоби чоп этилганидан сўнг Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний 1989 йил ёзувчини Ислом динини таҳқирлаганликда айблаб, уни ўлдириш ҳақида фатво берган.

Рушдий ўзининг 2012 йил чоп этилган мемуарида бу фатвони “қора мусиқанинг илк нотаси”, деб атаган.

Ҳиндистонда тақводор бўлмаган мусулмонлар оиласида туғилган Рушдий атеистдир. Ёзувчи Эрон фатвоси ортидан яширин ҳаёт тарзини кечиришга мажуб бўлган.

Рушдийнинг таржимонлари ҳамда нашрчиларнинг жонига қасд қилинганидан кейин Британия ҳукумати Рушдийни полиция ҳимоясига олган.

Рушдийга 1999 йил Франциянинг Санъат ва адабиёт ордени берилган. 2007 йил Қиролича Елизаветта II Рушдийни адабиётга кўрсатган хизматлари учун рицарь-бакалавр унвонига кўтарган. 2008 йил эса The Times журнали ёзувчини 1945 йилдан кейинги йилларда ижод қилган эллик энг буюк британ ёзувчилари рўйхатида ўн учинчи ўринга қўйди.

2000 йилдан бери Рушдий АҚШда яшаб, у ердаги Эмори университетида ишлаб келмоқда.

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG