Линклар

Брюссель ҳужумларидан кейин Европа аэропортлари исроилча хавфсизлик тизимига ўтадими?


Исроил расмийларининг билдиришича¸ Брюссель аэропортида уюштирилган террор хуружларидан сўнг Европа ҳукуматлари ўз ҳаво қўналғалари хавфсизлигини таъминлаш борасида исроиллик мутахассислардан маслаҳат сўрамоқда. Тел Авивнинг Бен-Гурион халқаро аэропорти дунëдаги энг хавфсиз аэропортлардан бири ҳисобланса-да¸ бу ердаги хавфсизлик чораларининг кўпчилик¸ хусусан¸ араблар учун ҳақоратли экани айтилади.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Эммануэл Наҳшоннинг маълум қилишича¸ Брюссель аэропортидаги портлашлардан сўнг Европа давлатлари Исроил аэропортларидаги хавфсизлик технологияларига жиддий қизиқиш кўрсатмоқда.

Исроилнинг асосий ҳаво эшиги бўлган Тел Авивдаги Бен Гурион аэропорти орқали бир йилда 16 миллион йўловчи саëҳат қилади.

70-йилларда ушбу аэропортда содир бўлган қатор отишма ва гаровга олишлардан сўнг Исроил ҳукумати кескин хавфсизлик чоралари жорий қилган.

Бугунга келиб¸ йўловчи регистрация залига киргунга қадар бир неча "қаватли" хавфсизлик текширувидан ўтказилади.

Бен-Гурион аэропортининг тўрт томони радар¸ хавфсизлик кучлари¸ видеокамералар¸ машина номерларини автоматик назоратдан ўтказиш системаси билан ўралганига қарамай¸ аэропорт ҳудудига кирувчи ҳар бир автомобиль махсус текширувдан ҳам ўтказилади.

Формалик ва формасиз хавфсизлик ходимлари терминалга олиб кирувчи ҳар бир эшикни 24 соат давомида кузатиб туради¸ очиқ ва махфий видеокамералар орқали қўшимча назорат системаси яратилган. Бу қатма-қат хавфсизлик чиғириғидан ўта билган йўловчи эса аэропорт ичкарисида аэропорт ва хавфсизлик ходимлари томонидан алоҳида ва узоқ суҳбатга тортилади – ҳар бир саëҳатчи қаердан келиб¸ қаерга кетаëтгани¸ ким экани¸ қаерда яшаб¸ нима иш қилиши ҳақидаги саволларга жавоб бериши¸ юкларини очиб кўрсатиши лозим бўлади.

Бен-Гурион аэропортининг хавфсизлик бўйича собиқ директори Пини Шифф Брюссель ҳужумлари Белгия хавфсизлик ва разведка тизимларидаги жиддий нуқсонларни намойиш қилганини билдирди.

“Агар уч қуролланган ҳужумчи Бен-Гурион аэропортига яқинлашмоқчи бўлса эди¸ улар аэропорт биносидан 11 километр масофада – машиналар учун кириш эшиги очиладиган жойдаëқ тўхтатилган бўларди”¸ деди исроиллик эксперт.

Исроиллик мутахассислар Европа давлатларига ўз тажрибасини тақдим этаëтган бир пайтда¸ араб саëҳатчилари¸ журналист ва Фаластинга тарафдор фаоллар¸ Бен-Гурион аэропортидаги хавфсизлик чораларининг ирқчиликка асосланганини танқид қилмоқдалар.

Исроил фуқароси бўлган араб адвокати Диана Бутту¸ ҳар гал Бен-Гурион орқали учар экан¸ хавфсизлик ходимлари ўзини камида икки соат давом этадиган сўроқ-жавобга тортишини айтади.

Исроил баробарида Канада фуқароси ҳам бўлган Бутту¸ исроиллик хавфсзилик ходимлари араб бўлгани учунгина ўзини ечинтириб¸ соч¸ қулоқ ва оғизларигача текшириши ва бундай ирқчиликни Исроилдан бошқа жойда кўрмаганини айтади.

“Агар Европа ҳам Исроилдаги каби хавфсизлик қоидаларини жорий қилиб¸ Исроил кетаëтган йўлдан кетишни бошласа¸ бу мутлақ ирқчиликка элтади”¸ дейди исроиллик араб ҳуқуқшунос.

XS
SM
MD
LG