Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

Ўзбек ҳарбийлари Чаласартни тўлиқ тарк этди, Олабуқадаги блокпост олинди


Ўзбекистон қирғиз-ўзбек чегарасида баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудида қолаётган оз сонли ҳарбий ва техникасини ҳам тўлиқ олиб чиқди. Қирғизистон чегарани қўриқлаш хизмати ўзаро музокаралар ортидан ўзбек томони 26 март куни бу ҳудудни тўлиқ тарк этгани, Олабуқа-Кербен йўлига ўрнатилган блокпост ҳам олинганини билдирди. Қирғиз томони музокаранинг ўзбек томони ташаббуси билан 25 март куни ўтказилганини айтмоқда.

Ўзбекистон қирғиз-ўзбек чегарасидаги баҳсли ҳудуддан қўшинини ортга олиши Тошкент ва Бишкек ўртасида бир ҳафта давом этган кескинликка барҳам берди.

18 март куни икки мамлакат ўртасида баҳсли саналган Қирғизистоннинг Олабуқа ва Ўзбекистоннинг Чортоқ туманлари ўртасидаги баҳсли ҳудудга ўзбекистон ҳарбийлари киритилиб, янги чегара назорат нуқтаси ўрнатганликлари тўғрисида хабар берилганди.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Чегара Қўмитаси 21 март Наврўз байрами муносабати билан мамлакат чегараларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини билдирганди

Қирғизистон томонида эса бу амал норозиликларга сабаб бўлди.

24 март куни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев агар Ўзбекистон баҳсли ҳудуддан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмаса, Тошкентда июнь ойида ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишига бормаслигини билдирган эди.

Қирғизистон ҳукумати чегарада юзага келган вазиятни Ўзбекистоннинг Ўртатўқай сув омбори масаласида Бишкекка таъсир кўрсатиш ҳаракати сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистонда бу объект Касонсой сув омбори деб аталади. Қирғизистон ҳукуматининг чегараларни аниқлаш бўйича махсус вакили Курбанбай Искандеров пайшанба куни матбуотга бу ҳақда билдирар экан, Тошкент Бишкекдан Ўртатўқай сув омборини таъмирлашга рухсат сўрагани, аммо Бишкек бунга рухсат бермаганини айтди.

Мана шу воқеа ортидан Ўзбекистон Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскарларини олиб кирган.

Ўзбекистонда Касонсой, Қирғизистонда Ўртатўқай деб аталувчи сув омбори Ўзбекистон томонидан ишлатилиб келинади. Қирғизистон бу ҳудудни ўзига қарашли деб билади.

Сув омбори эса икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолаётган объект ҳисобланади.

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг умумий узунлиги 1300 километрдан зиёдроқ бўлиб, унинг кўпгина қисми бахсли бўлиб қолаётир.

XS
SM
MD
LG