Линклар

logo-print

Донбассда қўлга олинган россияликнинг адвокати ўлик холда топилди


Украина расмийлари 25 март куни Украина шарқида қўлга олинган рус фуқароси Александр Александров манфаатларини ҳимоя қилиб келган адвокат Юрий Грабовский ўлик холда топилганини билдиришди. Хабарда айтилишича, номаълум кимсалар адвокатни ўлдириб, Киев-Одесса автомобиль йўли ёқасида кўмиб кетган.

Бош харбий прокурор Анатолий Матиоснинг айтишича, қотилликка алоқадорликда гумонланиб икки шахс қўлга олинган. Хозирда гумонланувчилардан бири айбини тан олган ва ўлик кўмилган жойни полицияга кўрсатган.

Прокурорга кўра, Грабовскийни шу ойнинг бошида Киевда ўғирлаб кетишган. Уни охирги марта эса Одессада кўришган. Кейинроқ адвокатни пойтахтдан 150 км нарида жойлашган қишлоққа олиб бориб, отиб ўлдиришган.

Юрий Грабовский рус фуқороси Александр Александров манфаатларини химоя қилиб келаётган эди. Александр Александров ва Евгений Ерофеевлар ўтган йилнинг май ойида Луганск вилоятида украиналик ҳарбийлар тарафидан қўлга олинган эди.

Ўшанда улар Россия армиясининг амалдаги зобитлари эканликларига иқрор бўлишган.

Россия томони эса ҳар икки зобит 2014 йилнинг декабрь ойида истеъфога чиққанини билдирган. Россия Украина шарқидаги айирмачиларни қурол-аслаҳа ёки аскар билан таъминлаётганини инкор қилиб келади. Грабовский март ойида судга келмагани боис суд жараёни кейинга қолдирилган эди.

Шу ҳафта украиналик учувчи Надежда Савченко рус судида айбдор деб топилгандан сўнг Украина президенти Петро Порошенко рус зобитларини Савченкога алмаштириш истагини билдирган эди.

Матиос журналистларга Грабовскийнинг жасади гумонланувчилардан бири адвокатни ўлдириб, кўмганларини тан олганидан сўнг топилганини ва иккинчи гумонланувчи ҳам қўлга олингани айтди.

Прокурор қотиллик учун мотив нима бўлганини ва гумонланувчиларнинг исмини тилга олмади. Лекин уларнинг иккиси ҳам украина фуқороси эканини, уларнинг бирида махсус хизмат агентининг сохта гувоҳномаси топилганини билдирди.

Матиос шунингдек гумонланувчилар ишлари учун катта миқдорда пул олганларини ва қотиллик пайти учун алиби яратганларини айтиб ўтди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги 25 март куни Грабовский россиялик ҳарбийни ҳимоя қилишда ўйнаган роли учун Украинадаги Россияга қарши кайфият қурбони бўлганини айтиб, Украина расмийларини адвокатни ҳимоя қилиш учун етарлича чора кўрмасликда айблашди.

Вазирлик билдирувида “Огоҳлантиришларимизга қарамасдан Киев расмийлари [Грабовскийнинг] хавфсизлигини таъминлашни хоҳлашмади ва буни эплашмади”, дейилади.

Amnesty International ҳафта бошида Грабовскийнинг ғойиб бўлган ҳақида жар солди. Ташкилот адвокатга ва яна бир айбланувчининг ҳимоячисига уларнинг суд жараёнидаги роли учун “Украина расмийлари мунтазам равишда тазйиқ кўрсатиб келишини” билдирди.

25 март куни ташкилот Украинани тезкорлик билан Грабовскийни ўлдирган қотилларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Amnesty Internationalнинг тўнғич директори Анна Нейстат “Жиноий ҳимоя адвокатининг ўлдирилиши даҳшатли жиноят бўлиб, Украина расмийлари инсон ҳуқуқлари ҳамда адолатни бузишнинг бундай оғир ҳолини тузатиш учун тезкорлик билан барча тегишли чораларни кўриши керак”, деди.

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG