Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:45

Терроризм ўчоғига айланган Брюссель коммунаси


Бунинг сабаби Париж ҳужумлари ҳам, Брюссель ҳужумлари ҳам Бельгия пойтахти яқинида жойлашган, 95 минг аҳолиси бор, қаровсиз Моленбек комуннасига олиб боради.

Париж ҳужумчиларининг учтаси Моленбекдан келиб чиққан, ҳужум уюштирувчиси Салоҳ Абдеслам 18 март куни қўлга олингунича, айнан шу ерда бир неча ой давмида беркиниб яшаган. Полиция ходимларининг айтишича, Брюссель ҳужумларида иштирок этган ака-ука Ҳалид ва Иброҳим ал-Бақравийлар ҳам Абдеслам ва унинг Моленбекда жойлашган тармоғига алоқадордирлар.

Қандай қилиб Моленбек қуролланган исломий жангариларнинг Европадаги марказга айланди? Бу бизга радикализм билан курашиш учун қандай сабоқлар ўргатади? Қуйида мазкур вазиятни келтириб чифарган беш сабаб келтирилган:

Узоқлашиш

Моленбек Брюссельнинг равнақли марказий қисмига жуда яқин жойлашган бўлсада, собиқ канал ҳудуди бўлмиш бу коммунада эски, арзон уйлар кўпдир. Шу сабаб Моленбекнинг айрим қисмлари асосан шимолий Африкадан келувчи мигрантларни ўзига жалб қилиб келади. Коммунанинг айрим қисмларида аҳолининг 80 фоизи мусулмон бўлиб, ишсизлик даражаси 30 фоизни ташкил қилади. Ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси эса тахминан 40 фоизга етади.

Муҳожирларнинг аввалги авлодлари Бельгиянинг автомобиль заводларида ҳамда кўмир конларида оддий ишларни осонликча топган. Лекин кейинги йилларда Бельгия иқтисодининг саноат иқтисодидан хизмат кўрсатиш иқтисодига ўтиши муҳожирларнинг болалари учун иш топишни мушкуллаштириб қўйди.

Радикализация, экстремизм ҳамда терроризм ҳақида кўплаб мақола ёзган бельгиялик Билал Беняич ноябрь ойида содир бўлган Париж ҳужумлари ортидан Foreign Policy журналига берган интервьюсида “Ҳам француз, ҳам нидерланд тилини билмайдиганлар ёки олий маълумоти бўлмаганлар учун завод, иш йўқ. Мусулмон ёшларнинг 60 фоизи нидерланд тилини билмайди ёки олий маълумотга эга эмас”, деган эди.

Беняичга кўра, Моленбекдаги узоқлашиш муаммосининг яна бир сабаби Бельгия томонидан 1970 йилларда Саудия Арабистони билан нефть бўйича яхшироқ келишувларга эришиш учун Форс кўрфази давлатларида таҳсил олган имомларга Брюсселдаги маҳаллий масжидларда маъруза ўқишга изн берилганидир.

Салафий имомлар Мағрибда амал қилинадиган исломга солиштирганда радикалроқ сунний исломни тарғиб қилган. Салафийлик ғоялари Бельгия жамиятига ассимиляция қила олмаётган ёшларга маъқул келган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Al Jazeera Беняич “салафий имомлар Бельгияда мусулмон оилаларда туғилган ёшларнинг бир неча авлодига катта таъсир кўрсатган”, дегани ҳақида хабар берган эди.

Бунга Париж ва Брюссель ҳужумлари исбот бўла олади. Бу икки ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи ўз бўйнига олди. Салафийликни тарғиб қилувчи бу радикал гуруҳ Моленбекдаги ва Бельгиянинг бошқа ерларидаги радикаллашган ёш мусулмонларни ёллаб келади.

Киши бошига ҳисоблайдиган бўлсак, Европа Иттифоқи мамлакатлари ичидан Бельгиядан энг кўп одам Сурияга жанг қилгани кетган. Брюсселда жойлашган Egmont илмий марказга кўра, 300 дан ошиқ бельгиялик Сурия ва Ироққа кетган.

Жиноий тўдалар ва экстремизм

Моленбек воқеаларидан олинадиган сабоқларнинг бири бу жамиятдан ажратиб қўйилган жиноий шахсларни исломий экстремизм ўз гирдобига тортишидир.

Бельгия федерал прокурори Фредерик Ван Лёв 23 март куни ака-ука Бақравийлар “бундан аввал терроризмга алоқаси бўлмаган бошқа оғир жиноиятларга қўл урганини” билдирди.

Абдесламнинг Моленбекдаги кичик ресторани эса полиция томонидан гиёҳванд моддалар тарқатиш жойи сифатида фаолият юритишда гумон қилиниб, ёпиб қўйилган.

Egmont марказининг катта илмий ходими Рик Кулсит “Ўзларига нисбатан совуқ муносабатда бўлган жамиятга қўшила олмаган одамлар ўз сафига қўшишга тайёр бошқа гуруҳларни излашади”, дейди. “Бу эса ўша одамларга жамиятга тегишлилик ва унинг бир қисми бўлиш туйғусини бера оладиган жиноий гуруҳлар ва террорист тармоқлари уларни ўз гирдобига тортади, дегани”.

Жиноий гуруҳларга қўшилиш террористларга яна бир муҳим имконият беради: террористлар шу йўл билан полицияга маълум бўлмаган, уларни беркиниш мумкин бўлган уйлар билан таъминловчи дўстлар тармоғини орттиришади.

Абдеслам ҳам Париж ҳужумларидан кейин айнан шу услубдан фойдаланган. Баъзилар уни “Исломий Давлат” экстремистлари томонидан Сурияга олиб чиқиб кетилган, деб ўйлаган, аслида эса у Моленбекда яшириниб юрган.

“Абдеслам гиёҳванд моддаларни сотиш ва майда ўғирликлар билан шуғилланадиган оила ва дўстлардан иборат тармоқ ёрдамида яшириниб юрган. Бу қўни-қўшни ва оиланинг қўллаши билан амалга ошган”, дейди Ван Лёв.

Лекин уларнинг бундай махфий тармоқларга таяниши жангарилар Моленбекдаги бу тармоқлардан бошқа тармоқларга ишомаслигини олмаслигини англатади. Аксар моленбекликлар Париж ва Брюссель ҳужумларидан даҳшатга тушган ва жангариларни қоралаб, ўз комунналарини терроризмга алоқадорлигини бутунлай рад этиб келадилар.

Қора бозор қуроллари

Моленбекда терроризм тармоқлари ўсиб боришига туртки бўлган яна бир омил у ерда қурол-аслаҳа сотиб олишнинг осонлигидир. Экспертларнинг айтишича, Париж ҳужумларида ишлатилган қуролларнинг аксари Бельгияда ноқонуний йўл билан сотиб олинган.

Брюсселдаги Itinera Institute илмий маркази директори Лео Нилз “Гап шундаки, охирги беш-ўн йил ичида Брюсселда ноқонуний қурол-аслаҳа сотадиган қора бозор юзага келди”, дейди. “Ҳужум қилиш ишқида юрган жангарилар учун Брюсселда йўл топиш осон”.

Қурол сотиб олиш бўйича Бельгия қонунлари ўтмишда ўта енгил бўлган. 2006 йилгача хоҳлаган одам ҳужжатини кўрсатиб, қурол сотиб олиш имкониятига эга бўлган. Ўша йили Антверпен шаҳрида ўнг қанот экстремист ўт очганидан сўнг қонунлар анча чеклаб қўйилган бўлса ҳам, Бельгия қурол бозори сифатида ном таратиб улгурган эди.

Бельгия полицияси асосий манбаси Болқон ороллари бўлган ноқонуний қурол сотиш бозорини тугатишга ҳаракат қилиб келади. Лекин буни амалга ошириш гиёҳванд моддалар бозорига барҳам бериш каби осон кечмаяпти.

Разведка муаммоси

Террорист тармоқларнинг бундай томир отишининг яна бир сабаби комуннадаги разведка хизмати ходимлари сонининг озлигидир.

Бельгиянинг разведка агентлиги атига 600 ишчига эга. Қўшни Недерландияда эса бу кўрсаткий уч баробарга кўп. Қолаверса,Бельгия қонунлари разведка хизматчиларининг ҳаракатларини чеклаб қўйган. Масалан, улар кечаси уйларни тинтув қила олмайдилар.

Брюсселнинг Озодлик университетида дарс берувчи сиёсат фанлари номзоди, профессор Дейв Синардет “Ҳақиқат шундаки, Бельгиянинг разведка ҳизмати ҳали-ҳануз моддий жиҳатдан оз маблағга эга. Шуни ҳам такидлаб ўтиш керакки, Бельгияда сиёсий эътибор ва саъй-ҳаракатлар ҳар доим ҳам хавфсизликни таъминлашга қаратилмайди”, дейди.

Унинг айтишича, оммавий дебатлар кўп ҳолларда ўз-ўзини бошқарадиган уч жамоа – нидерланд тилида гаплашадиган фламандлар, французча гаплашадиганлар ҳамда немиc тилида гаплашадиганларга – бўлинган давлатни қандай қилиб бошқариш муаммосига бағишланади.

“Хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш ўрнига биз йиллаб вақтимиз ва кучимизни тил муаммоларини ҳал қилиш билан ўтказиб юбордик”, дейди Синардет.

Тузум камчиликлари

Икки расмий тилга эга Брюссель Бельгиянинг ўз-ўзини бошқариш тузумининг энг ёрқин мисолидир. Ошиқча децентраллашган давлат бошқаруви Моленбекка ўхшаган комунналарда радикаллашган инсонлар сони сезилмасдан кўпайиб кетганини англашимизга ёрдам беради.

Брюссель ҳар бири ўз мэрига эга 19 коммунага бўлинган бўлиб, уларнинг ҳар бирида ўз бошчисига эга бўлган олти полиция ҳудуди мавжуд. Бунинг натижасида вужудга келган бюрократия маълумот бўлишиб ҳамкорликда ишлашга тўсқинлик қилади.

The New York Times газетаси яқинда Брюссель мана шу ҳолат сабаб дуч келадиган муаммолар ҳақида мақола чоп этди. Мақолада Моленбекни текширадиган хавфсизлик аппаратининг камчиликлари, Брюсселга келиб-кетувчиларни текшириш тизимининг яхши ишламаслиги ва тергов олиб боришни мушкуллаштирувчи тил ва маданият билан боғлиқ фарқлар танқид қилинди.

(Чарльз Рекнагель мақоласини ўзбекчага Нодир Атаев ўгирди)

XS
SM
MD
LG