Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:55

Покистон: Лаҳордаги террор ҳужумида камида 72 одам ҳалок бўлди


Портлаш Лахордаги Гулшани Иқбол истироҳат боғида насронийларнинг Пасха байрами нишонлана бошланган пайтда содир этилган.
Портлаш Лахордаги Гулшани Иқбол истироҳат боғида насронийларнинг Пасха байрами нишонлана бошланган пайтда содир этилган.

Покистоннинг Лахор шаҳрида якшанба куни худкуш ҳужум оқибатида камида 72 одам ҳалок бўлди, уч юзга яқин одам яраланди. Портлаш насронийлар Пасха байрамини нишонлаётган истироҳат боғида содир этилган. Ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг асосий қисми аёллар ҳамда болалар экани айтилмоқда.

Толибоннинг Покистондаги “Жамоатул Ахрор” деб аталувчи гуруҳи Лахор шаҳридаги портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олди. “Жамоатул Ахрор” гуруҳи вакили Аҳсануллоҳ Аҳсан Толибон бундан буён ҳам Покистондаги ҳукумат бинолари, мактаблар ва олийгоҳларда бу каби портлашларни уюштиришда давом этишини билдирди. Унга кўра, якшанба кунги портлаш Панжоб вилояти ва унинг пойтахти Лахорни ўзининг сиёсий таянчи деб билган Покистон бош вазири Навоз Шарифга берилган огоҳлантиришдир.

“Жамоатул Ахрор” гуруҳи 7 март куни Покистон шимоли-ғарбида камида 17 одам ҳаётини олиб кетган портлаш учун масъулиятни ҳам ўз зиммасига олганини билдирди.

Покистон: Лаҳордаги террор ҳужумида камида 72 одам ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00

Портлаш Лахордаги Гулшани Иқбол истироҳат боғида насронийларнинг Пасха байрами нишонлана бошланган пайтда содир этилган.

Покистон расмийлари Лахордаги террор ҳужумида ҳалок бўлган 72 ва яраланган 280 одамнинг асосий қисми аёллар ҳамда болалар эканини маълум қилди. Сўнгги хабарларга қараганда, худкуш ўзини истироҳат боғининг болалар ўйнаётган қисмида портлатгани оқибатида 29 бола ўлган.

Ҳалок бўлганларнинг қанчаси насроний динидаги одамлар экани ҳозирча номаълум. Бироқ Лахор полицияси расмийси Ҳайдар Ашраф худкуш ҳужумидан ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги мусулмон бўлганини айтмоқда. "Жамоатул Ахрор" эса террор ҳужуми мусулмонларга эмас, биринчи навбатда Пасха байрамини нишонлаётган насронийларга қарши қаратилганини маълум қилди.

Лахор соғлиқни сақлаш мутасаддилари яраланганлардан кўпчилигининг аҳволи ўта оғир эканини айтиб, ҳалок бўлганлар сони янада кўпайиши мумкинлигидан ташвишланмоқда.

Покистон бош вазири Нафоз Шариф террор ҳуружини қоралади ҳамда ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия билдирди. Вашингтон эса Лаҳордаги ҳужумни қоралаган ҳолда, террорчиликка қарши курашда Покистон билан ҳамкорлик қилишини билдирди. Покистон президенти Манмун Хуссайин террор ҳужумини мамлакатнинг кўп конфессияли жамиятида нафрат ва душманликни илдиз ортириш ҳаракати сифатида баҳолади.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Навоз Шариф билан телефон орқали суҳбатлашиб "Ҳиндистон халқи ушуб оғир дамларда Покистон билан елкама елка турган ҳамдард" эканини айтди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, Рим папаси ва бошқа давлат раҳбарлари ҳам террор ҳаракатини қоралаб чиқидилар.

Покистон ҳукумати террор ҳужумини уюштирганлар албатта қўлга олиниб, жазоланиши ҳақида билдирди.

"Биз бегуноҳ биродарларимиз, опа-сингилларимиз ва болаларимизни ўлдирган қотилларни жазога тортишимиз ҳамда бу ёввойи одамсифат маҳлуқларга бизнинг ҳаётимиз ҳамда эркинлигимизга тажовуз қилишларига йўл бермаслигимиз шарт", деб ёзди ижтимоий тармоқларда Покистон Мудофаа вазирлиги расмийси Асим Бажва.

Покистон ҳукумат кучлари 2014 йилда шимоли-ғарбий вилоятларда Ал Қоида каби террор ташкилотларига қарши амалиётларни кенг қамроқли равишда ўткиза бошлаганидан сўнг мамлакатда зўравонлик даражаси 2014 йилга нисбатан анча пасайгани кузатилади. Бироқ жанггарилар вақти-вақти билан Покистон шаҳарларида йирик террор ҳужумларини амалга оширишга муваффақ бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG