Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:01

Сирдарёда газ портлаган уйдаги ёш оила 3 ойлик боласи билан оғир куйди


Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги М.Улуғбек кўчасида газ портлаган уйда яшаган ёш оила - 29 яшар эр, 27 яшар хотин ва 3 ойлик чақалоқ ўта оғир аҳволда реанимацияда қолмоқда. 18 мартга ўтар кечаси кутилмаганда берилган табиий газ портлаб, уларнинг уччаласи ҳам 80-90 фоизгача куйгани айтилмоқда. Туман ҳокимлиги бу оила фожеаси учун масъулларни жазолаш зарурлигини таъкидлади, аммо аниқ маълумот бермади.

Сирдарё тумани марказидаги М.Улуғбек кўчасида истиқомат қилувчи 29 яшар С.Р. (оила исми яқинлари талаби билан сир сақланмоқда. - таҳр) оиласидаги портлаш 18 мартга ўтар тунда содир бўлган.

Исмини сир сақлашни сўраган туманлик манбага кўра, тонгги соат 4 га яқин кутилмаганда газ келган:

"Соат 4да ҳамма ғафлат уйқусида ухлаётган бўладику, турса ис гази ҳаммаёқда. Уйнинг ҳамма хоналарини қоплаган ва нимадир қилишган-да, бирдан портлаб кетган. 29 яшар куёв бечоранинг териси 90 фоиз куйган, хотини 80 фоиздан ошиқ, 3 ойлик чақалоғи ҳам шунақа оғир куйган, деяпти дўхтирлар. Уччаласи ҳам ҳозир Тошкентдаги 16-шаҳар касалхонасида, реанимация бўлимида ётибди", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган манба.

​Унинг айтишича, С.Р.нинг бир оёғи йўқ, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган ва тунда протезини ечиб қўйгани учун оиласини вақтида қутқара олмаган:

"Эр ногирон, хотин 3 ойлик боласи билан уйда эди. Пенсияга кун кўришарди. Йигит ёлғиз бола, ота-онаси ҳам пенсияга қараб қолган. Фалокатдан кейин уларга энди маҳалла-куй ёрдам бераяпти. Томи осилиб қолган, хавфли, деб уйини бузишяпти ҳозир. Энди уччаласига ҳам плазма учун одамлар пул йиғаяпти. Дўхтирлар қолган дорилари биздан, деяпти экан раҳмат. Кўринг-да энди, саҳарлаб соат 4 да ҳам газ берадими булар?" деди Озодлик манбаси.

Манбага кўра, ҳозир мана шу савол ҳаммани қизиқтирмоқда. 19 март куни қарийб ёниб битган хонадонга туман ИИБ ходимлари келган ва суриштирув ўтказган, аммо шундан кейин қандай чоралар кўрилаётган С.Р. оиласи яқинларига номаълум қолмоқда.

"Сирдарётумангаз" корхонасининг ўзини таништирмаган ходими М.Улуғбек кўчасидаги хонадонда газ портлагани ва айни пайтда, ёш оила оғир аҳволда шифохонада қолаётганини тасдиқлади. Шунингдек, корхона мутасаддилари бу иш билан шуғулланаётганини ҳам айтди, бироқ бошқа маълумот бермади.

Сирдарё туман ҳокимлигининг бир неча мулозими билан боғланган мухбир бу идорадан ҳам жўяли жавоб ололмади.

Ҳокимиятнинг ўзини таништирмаган мулозими бундай ҳолларда жавобгар ким ва уларга қандай чора кўрилади, мазмунидаги саволга шундай жавоб берди:

"Ўша жабр кўрганларнинг ўзи судга ёки прокуратурага ариза киритса, ўшанда чора кўрилиши мумкин, тумангазигами-бошқасигами", деди ҳокимият мулозими.

"Сиз ҳокимият органи сифатида оғир аҳволда шифохонада қолаётган бу оила ҳақларини ҳимоя қилмайсизми? Газ огоҳлантиришсиз узилган ва саҳар соат 4да берилган, бунга ким жавобгар?" деган саволларга бу мулозим аниқ жавоб бермади:

"Бу энди юрист билан маслаҳатлашиладиган масала. Сиз эса ҳокимиятга келинг, телефонлик гапмас бу", деди Сирдарё туман ҳокимлигининг мутасаддиси.

Бу мулозим туман ҳокимлигининг айни масалага масъул қатор ходимлари телефон рақамларини берди. Жумладан, туман ҳокимининг ижтимоий, иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарлари, "Маҳалла" хайрия жамғармасининг туман бўлими раҳбариники, дея тақдим қилинган телефон рақамлари орқали боғланишга уринган мухбир бошқа бирорта жўяли жавоб ололмади. (Озодлик Сирдарё вилояти Сирдарё туманида содир бўлган бу мудҳиш фожеага оид тафсилотларга аниқлик киритишда давом этади.)

Озодлик суҳбатлашган маҳаллий терапевт шифокорлардан бири қиш мавсумида турли даражадаги куйиш билан шифохонага тушган беморларни даволагани, аммо бу қадар оғир куйганларига дуч келмаганини айтади:

"80-90 фоизлик куйиш жуда оғир куйиш. Энди куйишнинг даражасига боғлиқ. Агар енгил куйиш бўлса, масалан 1, 2- даражали бўлса 70 фоизгача куйган беморларнинг соғайганини кўрганман. Лекин, 70 дан ортиқ бўлса, одатан, куйиш даражаси камида 2 ёки 3 бўлади. Яъни, булар кийимда бўлган, кийим ёнган ва танага ёпишган бўлиши мумкин. Қолаверса, ҳозир кийим-бошлар ҳам синтетик матодан. Бу ҳолда куйиш даражаси ортаверади", деди маҳаллий шифокорлардан бири.

Шу кунларда нафақат Сирдарё, балки қўшни Жиззах вилоятида ҳам табиий газ узиб қўйилганидан Озодликка шикоятлар келмоқда. Одатан, бунинг акси бўларди - баҳор фасли келиши билан аҳолига берилаётган табиий газ ҳажмининг бироз ошиши кузатилар эди.

Жумладан, Жиззах вилоятидан боғланган тингловчилар шу йилнинг 8 мартида табиий газ узилгани ва шундан бери берилмаётганидан шикоят қилган. Аввалига вилоят, сўнгра республика газ таъминоти идорасига ишонч телефонлари орқали боғланган тингловчилар республикадан аҳолига бериладиган газни пасайтириш ҳақида кўрсатма берилгани ҳақида расмий жавоб олганини айтмоқдалар. Озодлик тингловчилардан олинган бу маълумотга ҳозирча бирор расмий изоҳ ололгани йўқ.

Ўзбекистонда аҳолига табиий газ етказиб беришдаги узилишлар сабаб нохуш ҳодисалар тез-тез содир бўлади.

Шу йилнинг январида Андижон шаҳридаги Бўстон маҳалласининг Ҳамид Олимжон кўчасида истиқомат қилган 82 яшар Нурматов ва унинг 79 яшар кампири 5 январь куни тонгда юз берган газ портлашидан ҳалок бўлди. Бўстон маҳалласида яшайдиган Озодлик манбасининг айтишича, кекса кампир ўша жойда, чол эса касалхонада жон берган.

Ўтган йилнинг март ойида Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг Чандир қишлоғида истиқомат қилган Ҳазратовлар оиласининг уч аъзоси – ота ва унинг икки қизи газ портлашидан нобуд бўлган эди.

2014 йилнинг февралида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани “Гўзалкент” поселкасидаги Қултон қишлоғида газ баллонида ишловчи қўлбола иситиш мосламаси портлаб кетиши оқибатида бир оиладан беш киши ҳалок бўлган эди.

2014 йилнинг февралида Фарғона вилоят Қўштепа тумани Ғиштмон фуқаролар йиғинида яшовчи Қодировлар уйида 2 февралга ўтар кечаси содир бўлган газ портлаши оқибатида бу хонадондагиларнинг ҳаммаси турли даража куйиш билан вилоят касалхонасига ëтқизилган ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG