Линклар

logo-print

Сурия ҳукумати кучлари Россия ҳаво ҳужумлари ёрдами билан Палмира тарихий шаҳрини “Исломий давлат” жангарилардан озод қилди. Сурия президенти Башар ал-Ассад бу ғалабани ўз армиясининг терроризмга қарши курашдаги муваффақиятини кўрсатувчи “муҳим ютуқ” ўлароқ олқишлади.

Палмиранинг озод қилиниши Сурия ва Ироқнинг йирик ҳудудларини эгаллаб олиб, 2014 йил халифалик эълон қилган “Исломий давлат” гуруҳи учун катта муваффақиятсизликдир.

Палмирани жангарилар 2015 йил босиб олган эди. Ассад кучлари уч ҳафта давом этган жанглардан кейин шаҳарни улардан тортиб олди.

Дамашқ шаҳрида Франция парламенти аъзолари билан учрашган Ассад “Палмира тарихий шаҳрининг бугун озод қилингани муҳим ютуқ бўлиб, Сурия армияси ва унинг ҳамкорлари терроризмга қарши олиб бораётган стратегиянинг муваффақиятини кўрсатади”, деди.

Ассад яна Сурия ва Ироқда Исломий давлатга қарши курашаётган глобал коалицияни танқид қилди. Сурия армиясининг ғалабаси “АҚШ етакчилигидаги 60дан зиёд мамлакат бирлашган коалиция терроризмга қарши курашга жиддий ёндашмаётганини кўрсатади”, деди президент Ассад.

Сурия телевидениеси армия ва у билан бирга курашаётган жангчилар Палмирани бутунлай қўлга олганини ва шаҳарни жангарилар ўрнатган бомбалардан тозалаётганини билдирди.

Лондондаги Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси берган маълумотга кўра, якшанба куни эрталаб шаҳарнинг шарқий қисмида отишма овозлари эшитилган, аммо “Исломий давлат” жангариларининг чекинаётгани кузатилган.

Шаҳарнинг қайтиб олиниши Ассад ҳукумати учун муҳим рамзий ҳамда стратегик ғалабадир. Кейинги ойларда ҳукумат кучлари Исломий давлат жангариларига ҳамда мухолифатчи гуруҳлар устидан мунтазам равишда ғалаба қозониб келмоқда.

“Исломий давлат” бошқарувидаги Раққа шаҳрини Палмира билан боғлаб турувчи йўл эндиликда армия назоратига ўтди. Бу эса жангарилар фақат шимолга, Ироқ чегараси томон чекина олади, дегани.

Сурия армиясининг Бош қўмондонлиги Палмира шаҳри Раққа ҳамда Дайр уз-Зур шаҳарларидаги “Исломий давлат” жангариларига қарши ҳарбий амалиётларни кенгайтириш нуқтасига айланишини билдирди.

Қўмондонлик террор гуруҳини бутунлай енгишдан аввал унга қарши курашни кучайтиришга ҳамда унинг таъминот йўлларини ёпишга ваъда берди.

Россия икки ҳафта аввал Суриядан ҳарбий кучларининг аксар қисмини олиб чиқиб кетаёганини билдирган бўлса ҳам, Палмира учун бўлиб ўтган жанг давомида Россия учоқлари ҳамда вертолётлари ўнлаб ҳужумни амалга оширди.

Россия хабар агентликларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги 27 март куни ўз кучлари охирги 24 соат ичида Палмира устида 40 марта учгани, 117 мўлжалга ҳужум қилгани ҳамда 80 дан ошиқ жангарини ўлдирганини билдирган.

Вазирлик охирги 24 соат ичида оташкесим 10 марта бузилганини, шундай бўлсада, умуман олганда унга амал қилинганини билдирган.

Кремль эса Россия президенти Владимир Путин Сурия президенти Башар ал-Ассадни Палмира шаҳрининг озод қилиниши билан табриклаганини эълон қилди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Дамашқ жангарилар Палмирадан сиқиб чиқарилгани ҳақида хабар берганидан кейин Путин Ассад билан телефон орқали суҳбатлашганини билдирди.

“РИА Новости” тарқатган хабарда айтилишича, Песков “Владимир Путин Сурия президенти билан суҳбатлашиб, ҳамкасбини Сурия кучлари томонидан Палмира шаҳрининг террористлардан озод қилиниши билан табриклаган ва мазкур ноёб тарихий шаҳарни дунё маданияти учун сақлаш муҳим эканлигини айтди”, деган.

Британиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари обсерваторияси директори Рами Абдулраҳмон Палмира жангида 400 нафар Исломий давлат жангариси ҳамда 180 нафар ҳукумат аскарлари ҳамда улар билан бирга курашган жангчилар ҳалок бўлганини билдирди.

Абдулраҳмон бу жангни “Исломий давлат” гуруҳи 2014 йилда халифалик эълон қилганидан бери бошдан кечирган энг катта мағлубият ўлароқ таърифлади.

Сурия ҳамда Ироқ ҳабий кучлари “Исломий давлат”нинг муҳим ҳарбий истеҳкомларини тортиб олиш учун ҳарбий амалиётларни бошлаганидан бери жангарилар босим остида қолмоқда.

Уч ой аввал жангарилар Рамади шаҳридан сиқиб чиқарилган эди. Бу эса Ироқ учун катта ғалаба бўлди. Жангарилар ўтган йили Ироқнинг Тикрит шаҳрини, февралда эса Суриянинг Ал-Шаддода шаҳрини қўлдан бой беришди.

24 март куни Ироқ армияси мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Мосул шаҳрини озод қилиш учун ҳарбий амалиёт бошлашини билдирди. Мосул 2014 йилнинг июнида жангарилар назоратига ўтган.

Палмиранинг жуда кўп қадимий обидалари, жумладан, 2000 йиллик тарихга эга Бел ибодатхонаси ҳамда Зафар аркаси жангарилар томонидан портлатиб юборилди. “Исломий давлат” бундай обидалар “бутпарастлик”ни тарғиб қилишини иддао қилиб келади.

ЮНЕСКО бу обидаларнинг вайрон қилинишини Халқаро жиноий судда кўриб чиқилиши мумкин бўлган уруш жинояти ўлароқ баҳолаб келади.

XS
SM
MD
LG