Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:33

Ўзбекистон ҳибсхона ва қамоқхоналарига қийноқларга қарши откритка юбориш ойлиги бормоқда


Жаслиққа юбориш учун ëзилган откритка матни.
Жаслиққа юбориш учун ëзилган откритка матни.

Халқаро Амнистия Ўзбекистонда кенг қўлланилаëтган қийноқларга қарши янги акция бошлади. “Ëлғонлар ва сирлардан тўйдик!” деб номланган бу акция давомида Ўзбекистондаги қийноқ марказлари деб кўрилувчи Жаслиқ қамоқхонаси¸ Тоштурма ва МХХнинг Гвардейский кўчасидаги изолятори манзилига “Биз бу ерда қийноқлар қўлланилаëтганини биламиз. Қийноқларни тўхтатинг!” деб ëзилган откриткалар жўнатилмоқда.

Қийноқчиларга откриткалар...

Маркази Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилоти расмий саҳифасида бошланган янги акция мақсади¸ “мамлакатнинг амалда ëпиқлигига қарамай¸ халқаро ҳамжамият Ўзбекистон тергов изоляторлари ва қамоқхоналарида бўлаëтганларни яқиндан кузатиб келаëтганини кўрсатишдир”.

“Қийноқ қўллашдан мақсад оддий – одамларни иқрорномага қўл қўйишга мажбурлаш. Натижа кундек аëн – ана шундай иқрорномалар асосида Ўзбекистон ҳакамлари айблов ҳукмлари чиқариб келмоқда. Дастлабки тергов ақл бовар қилмас шавқатсизликка айланади: электрошок ва калтаклашлар¸ зўрлик ва сексуал ҳақоратлар ишга солинади”¸ дейилади Халқаро Амнистия ташкилотининг “Ëлғонлар ва сирлардан тўйдик!” деб номланган янги акцияси муносабати билан эълон қилинган баëнотда.

МХХ ҳибсхонасига аталган откритка.
МХХ ҳибсхонасига аталган откритка.

20 йилдан бери Ўзбекистондаги қийноқлар манзарасини ëритишга уриниб келаëтган Халқаро Амнистия ўз тадқиқотлари ва гувоҳлик кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда¸ Ички Ишлар вазирлигига қарашли Тоштурма¸ МХХнинг Юнусободдаги тергов изолятори ва Жаслиқ қамоқхонасини мамлакатдаги шавқатсиз қийноқ марказлари деб топган.

“Бу муассасалар деворлари орқасида бўлаëтган нарсалар¸ ҳатто кўпни кўрган¸ тажрибали ҳуқуқ фаоллари ва адвокатларни ҳам даҳшатга солмоқда”¸ дейилади Халқаро Амнистоя баëнотида.

Янги акция қатнашчиларига¸ бир ой давомида айнан ана шу уч муассасанинг почта манзилига Халқаро Амнистия логотипи туширилган тайëр матнга имзо қўйиб¸ юбориш сўралади.

Қийноқлар - ўзбек ҳуқуқ тизимлари иш услубининг ажралмас қисми

Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида беш йил қўриқчи бўлиб ишлаган Қаюм Ортиқов 2009 йилда одам савдосида айбланиб¸ 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинган эди.

Қарийб икки ярим йил уйдирма айб билан қамоқда ушланиб¸ Британия фойдасига жосуслик айбига иқрор қилдириш учун шавқатсиз қийноқларга солинган Ортиқов¸ Озодлик билан суҳбатда бу қийноқлар қўлга олинган кундан бошланишини айтaди:

Тоштурма учун ëзилган откритка.
Тоштурма учун ëзилган откритка.

- Қийноқлар Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг доимий кундалик дастурига киритилган. Тергов жараëни қийноқларсиз ўтказилмайди. Улар қийноқларни уч хил тарзда амалга оширишади. Энг даҳшатли¸ ноинсоний қийноқлар сиëсий маҳкумлар¸ диний экстремизмда айбланганлар ва жосусликда гумон қилинганларни қилмаган ишини бўйнига қўйиш учун қўлланилади. Бу қийноқлар тўхтовсиз¸ узоқ муддатда амалга оширилади. Иккинчи тоифа қийноқ қурбонлари бу молиявий жиноятчилар. Улар¸ қолаверса¸ ўғрилар шерикларини фош қилиб¸ ëзиб бермагунча қийноққа тортилади. Тергов давомида қолган тоифа гумонланувчиларга ҳам қўлланиладиган қийноқлар бор. Ҳар бир вақтинчалик тергов изоляторида қийноқ қўлланилади. Лекин энг даҳшатлилари Тоштурма ва Миллий хавфсизлик хизматининг Юнусобод районида қурилган янги турмаси ертўласида қўлланиладиган қийноқлардир. Бу жойлар яқинидан ўтган одамнинг юраги титрамай иложи йўқ¸ дейди Британия фойдасига жосуслик айбини бўйнига олдириш учун даҳшатли қийноқларга солинган Қаюм Ортиқов.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам Халқаро Амнистия ва собиқ маҳкумнинг Тоштурма¸ МХХ тергов изолятори ва Жаслиқнинг Ўзбекистондаги энг даҳшатли қийноқ марказлари экани ҳақидаги фикрини қўллайди. Айни пайтда у¸ қийноқлар кўлами фақат шу уч муассаса доирасида тугамаслигини таъкидлайди:

- Қашқадарë¸ Навоий ва Бухородаги қамоқхоналарда қийноқ қўллаш Тоштурма ëки МХХ изоляторида қўлланилаëтган қийноқлардан қолишмайди. Эътибор берсангиз¸ йиллардан бери ўлик энг кўп чиқаëтган қамоқхоналар Зарафшон ва Қизилтепадаги қамоқлардир. Авваллари Ички ишлар тергов излояторида шавқатсиз қийноқ қўлланилган бўлса¸ бугунга келиб¸ МХХ қийноқ қўллашда ИИВдан қолишмайди. МХХ ходимларининг тергов давомига аëвсиз қийноққа солишига оид кўрсатмалар кўпайиб бормоқда¸ дейди ҳуқуқ фаоли.

МХХ қийноқлари қурбони

Ўтган йилнинг 16 август куни савдо қоидаларини бузганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган бухоролик 44 яшар тадбиркор Илҳом Ибодов тергов изоляторидаги 28 кунлик тутқунликдан кейин уйига жасади қайтарилганлардан бири. Ибодов яқинлари унинг 28 кун давомида МХХ ходимлари қўллаган даҳшатли қийноқлар оқибатида ўлганини иддао қилмоқда:

- Оёқ тирноқларини ичига бигиз тиқилгани белгилари бор эди. Иккита почка, бел тарафи умуман кўкариб кетган, оёғида шилинган жойлари ҳам бор эди. Ҳозир саккиз йилга қамалган Раҳим акам ҳам унинг кўзи олдида Илҳом акамни қийнашганини айтиб берди. Илҳом акамни Раҳим акамни олдида, Раҳим акамни Илҳом акамнинг олдида қийнашган, - деди Озодлик билан суҳбатда Дилфуза Ибодова.

Ҳозирга қадар МХХ тергов изоляторида гўë юрак хуружидан ўлди¸ деб қайддан ўтказилган Илҳом Ибодов ўлими учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади.

Халқаро Амнистоя бир ой давомида ўтказаëтган акциядан кўзланган мақсадлардан бири ҳам айнан қийноқ қўллаëтганларни жазога тортишни талаб қилишдир.

Тоштурма¸ МХХ тергов изолятори ва Жаслиққа юбориш сўралаëтган откриткалар сўнггида бу муассаса раҳбарларидан “қийноқларни тўхтатиш ва қийноқ қўллаганларни адолат билан жавобгарликка тортиш; маҳбусларнинг оила аъзолари билан боғланишига, ҳуқуқ ҳимоячисига ва тиббий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш” сўралади.

XS
SM
MD
LG