Линклар

Драматургларнинг Гулнора Каримова жиноят иши доирасида музлатилган пули қайтарилмоқда


"Ўткан кунлар" спектакли ҳам давлат грантига саҳналаштирилган

"Ўткан кунлар" спектакли ҳам давлат грантига саҳналаштирилган

Ўзбекистон Бош прокуратураси талаби билан Гулнора Каримова жиноят иши доирасида ўнлаб драматургларнинг "Муаллифлар ва ижрочилар гильдияси"да музлатиб қўйилган гонорар пуллари эгаларига тўланадиган бўлди. Ўтган ҳафта ўзбек драматурглари 100 миллион сўмлик гонорарлари берилмаëтганидан ҳукумат расмийларига шикоят қилишган эди.

Гонорар бўйича қарзлар узилаяпти

Озодликнинг Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазирлигидаги манбасига кўра¸ “Ўзбекистон Миллий театри муаллифларга қарзини тўлаб бўлган¸ Муқимий театри эса янаги ой тўлашни бошлайди”.

Ўзбекистонлик 70 яшар драматург Исфандиëр (Искандар Кимсанович Маткаримов) ўтган ҳафта Ўзбекистон раҳбариятига очиқ хат билан чиқиб мамлакат театрларида саҳналаштирилган спектакллари учун қалам ҳақи ололмаëтганидан шикоят қилган эди.

Ўтган йилининг сентябрида ҳам драматург Исфандиëр “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари билан учрашув пайтида драматургларнинг қалам ҳақи музлатилгани масаласини кўтариб чиққан эди.

Драматург иддаосига кўра¸ уч йилдан бери қалам ҳақи ололмаган.

Озодликнинг Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазирлигидаги манбасига кўра¸ Искандар Кимсанович Маткаримовнинг қалам ҳақи Бош прокуратура кўрсатмаси билан музлатиб қўйилган:

“Муаллифлар ва ижрочилар гильдияси"даги Гулнора Каримовага яқин бўлган мулозимлар устидан очилган иш доирасида Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Республика Бош прокуратураси гилъдия ҳисоб рақамини музлатиб қўйди. Бу ҳисоб рақамида ўзбекистонлик драматурглар учун ўтказилган¸ хусусан Искандар Кимсанович Маткаримовнинг пуллари бор эди. Бундан икки йил олдин гильдия тугатилди. Жиноят иши якунланиб, гильдия ҳисобидаги қолдиқ пуллар молия вазирлиги ихтиëрига ўтди. Айни пайтда бу пуллар “Ўзбектеатр”га қайтарилиб, муаллифларга гонорар тўлаш бошланди"¸ деди манба.

Ўзбекистонлик драматург Жўрабек Рўзметов Озодлик билан суҳбатда гонорар муаммоси ҳал бўлганини айтади.

Суҳбатдошга кўра¸ Республикадаги 37 та театрда 2014 йили саҳналаштирилган спектакллар учун гонорар ва фоиз чегирмалари тўлаб бўлинган.

Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар гильдияси 2006 йилда Гулнора Каримова ташаббуси ва молиявий кўмаги билан ташкил топгани айтилади.

2013 йилда Гулнора Каримова сиëсий саҳнадан четлаштирилганидан кейин гильдия ҳам муаммога дуч келди. Дастлаб гильдия жойлашган биносидан ҳайдалди, кейинчалик ташкилот ёпиб қўйилди.

Ўзбек саҳналарида комедиялар сони камайган

Жўрабек Рўзметовнинг айтишича¸ шу кунларда Ўзбекистон саҳналарида комедия ўрнига жиддий асарлар қўйилаëтгани боис касса тушумлари камайиб ва бу ўз навбатида драматурглар учун ажратиладиган фоиз чегирмалари озайишига сабаб бўлган:

- Алишер Навоий ва Лайли-Мажнун каби жиддий асарлар қўйиляпти. Қарши театрида Шекспирнинг “Отелло” асари қўйилди. Урганч театрида Софоклнинг антик даврга оид “Антигона” асари қўйилди. Бу асарларга жиддий томошабинлар келади. Зал тўлиқ бўлмаса ҳам одамлар эстетик завқ олиб чиқади. Комедия асарларида зал тўлади¸ аммо шу кунларда кўпроқ жиддий асарларга эътибор кучайган,- дейди драматург Жўрабек Рўзметов.

Суҳбатдошга кўра Ўзбекистон театрларининг фақат чипта пулига куни қолмасдан давлат бюджетидан таъминланаëтгани ижобий омилдир:

- Фақат кассага қараб¸ одамларга ëқадиган комедия қўйиш ëки бир тарафлама тарғибот маскани бўлиш тўғри эмас. Театр бу санъатдир¸ санъат эса давлат мисолидаги улкан ҳомийга доимо муҳтож. 1998 йил 26 март куни қабул қилинган “Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги фармонга кўра театрлар давлат бюджетидан таъминланади. Шу боис “Падаркуш”¸ “Алишер Навоий”¸ Лайли-Мажнун” каби спектакллар саҳна юзини кўрди- дейди Халқаро театр кунида Озодлик билан суҳбатлашган драматург Жўрабек Рўзметов.

Суҳбатдошга кўра 102 ëшга кирган ўзбек театри авлодлар алмашиб навқиронлик касб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда миллий театр 1914 йили – Абдулла Авлоний “Турон” номи остида театр труппасини ташкил этганидан бошлаган эди.

XS
SM
MD
LG