Линклар

logo-print

Покистон ҳукумати: Террор ҳужумини уюштирганлар албатта қўлга олинади


Покистон расмийлари якшанба куни Лаҳор шаҳрида 70 дан зиёд одам умрига зомин бўлиб, 300 га яқин одамни яралаган худкуш ҳужумни амалга оширганларни топишга ваъда қилди. Портлаш насронийлар Пасха байрамини нишонлаётган истироҳат боғида содир этилган.

Армия етакчиси Раҳил Шарифга кўра, мамлакат қуролли кучлари ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган террор гуруҳини қўлга олишга тайёрдир.

Шунингдек, ҳарбийлар 28 март куни Лаҳор шаҳрининг бир неча кўчасида рейдлар ўтказилгани ва бир неча гумонланувчи қўлга олгани ҳақида хабар қилди.

Покистон Мудофаа вазирлиги расмийси Асим Бажва Twitterда “Бир неча уюштирувчи ва террорчи қўлга олинди, кўпгина қурол-аслаҳа яширилган жой ҳам топилди”, деб ёзди. Унинг айтишича, террорчиларни қўлга олиш жараёни давом этмоқда.

27 март куни Лаҳордаги Гулшани Иқбол истироҳат боғининг болалар майдончаси яқинида юз берган портлаш учун масъулиятни Толибоннинг Покистондаги “Жамоатул-Аҳрор” гуруҳи ўз зиммасига олди.

“Жамоатул-Аҳрор” террор ҳужуми насронийларга қарши қаратилганини ва яна бундай ҳужумлар мактаб, коллеж, давлат ва ҳарбий муассасаларда уюштирилишини айтиб, таҳдид қилди.

Гуруҳга кўра, портлаш Панжоб вилояти ва унинг пойтахти Лаҳорни ўзининг сиёсий таянчи деб билган Покистон бош вазири Навоз Шарифга берилган огоҳлантиришдир.

28 март куни полицияҳалок бўлганлар сони 72 га етганини, уларнинг орасида 29 ёш бола борлигини билдирди. Оғир яраланганлар сони кўп бўлгани учун кейинги кунларда ўлганлар сони янада ортишини кутиш мумкин.

Лаҳор полицияси расмийси Ҳайдар Ашраф одам гавжум бўлган боғда ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги мусулмон бўлганини айтди.

Маҳаллий ҳукумат уч кунлик мотам эълон қилди, мамлакат бўйлаб давлат байроқлари ярим туширилди.

28 март куни мактаблар ва бозорлар ёпилиб, кўча ҳаракати сийраклашиб қолди.

Бош вазир офисидан олинган маълумотга кўра, Шариф касалхонага ташриф буюриб, яраланганларнинг ҳолидан хабар олди.

Олдинроқ Шариф террор ҳужумини қоралаб, ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия билдирган эди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Шариф билан телефон орқали суҳбатлашиб, “Ҳиндистон халқи ушбу оғир дамда покистонлик биродарлари билан бирга турадилар”, деди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун портлашни қоралаб, уни “ваҳший” террор ҳужуми, дея таърифлади.

Рим папаси ва бошқа давлат раҳбарлари ҳам террор ҳаракатини қоралаб чиқдилар.

Вашингтон эса Лаҳордаги ҳужумни қоралар экан, террорчиликка қарши курашда Покистон билан ҳамкорлик қилишини билдирди.

28 март куни жангариларнинг тарафдорлари ғалаён кўтармасликлари учун пойтахт Исломободда ҳукумат кучлари парламент ва бошқа стратегик жойларни қўриқлади.

“Жамоатул-Аҳрор” очиқчасига “Исломий давлат” жангари гуруҳини қўллайди. “Жамоатул-Аҳрор” бир йил аввал Лаҳордаги черковда содир бўлган икки портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган. Ўшанда камида 14 одам ҳалок бўлган эди.

Покистон ҳукумати кучлари 2014 йилда шимоли-ғарбий вилоятларда “Ал-Қоида” каби террор ташкилотларига қарши кенг қамровли амалиётларни бошлаганидан кейин мамлакатда зўравонлик даражаси 2014 йилга нисбатан анча пасайгани кузатилади. Бироқ жанггарилар вақти-вақти билан Покистон шаҳарларида йирик террор ҳужумларини амалга оширишга муваффақ бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG