Линклар

АҚШ Конгресси биносида тўппончасини чиқарган шахс қўлга олинди


АҚШ Конгресси биноси бўлмиш Капитолийнинг сайёҳлар учун очиқ қисмида бир киши чўнтагидан тўппонча чиқаргани учун полиция уни ўққа тутди. Бунинг ортидан Оқ уй комплекси вақтинча ёпилди.

28 март куни кундузи бўлиб ўтган бу воқеа ўтган ҳафта Брюсселда юз берган портлашдан кейин таҳликада яшаётган катта шаҳарлардан бири Вашингтон аҳолиси кўнглига ғулғула солиб қўйди.

АҚШ Конгресси полициясининг етакчиси Мэтью Вердеросса бу ҳодисани террорист ҳужуми эмас, балки жиноят ўлароқ таърифлади.

Конгресснинг иккала палатаси жойлашган бинога киришни истовчи ҳар бир шахс текширувдан ўтади. Айбланувчи шахс текширув давомида тўппончасини чиқарган.

Натижада полиция ўққа тутган шахс кейинроқ касалхонага етказилган. Вердероссанинг маълум қилишича, унинг аҳволи ҳозир қандай эканлиги номаълум.

Воқеа давомида полиция ходимларидан ҳеч ким жароҳатланмаган. Фақат ҳодиса жойида бўлган бир аёл енгил жароҳат олган.

“Дастлабки қидирув натижасига кўра, айбланувчи аввал ҳам Конгресс биносига ташриф буюрган ва бу воқеа террор ҳужуми эмас, балки оддий жиноятдир”, деди Вердероса.

Кейинроқ Капитолийни полиция ўраб олди, Конгресс ўз ишини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.

Отишмалар тўғрисидаги илк янгиликлардан бир соат ўтгач, Вашингтон шаҳри полицияси ўз Twitter саҳифасида хавотирга ўрин йўқлиги ҳақида ёзди. 50 дақиқадан кейин эса Капитолий ва Оқ уй қайтадан очилди.

Капитолийда ўқ отилган пайтда Оқ уйда минглаган болалар ота-оналари билан Пасха байрамини нишонлаётган эди. Улар зудлик билан Оқ уйнинг ертўласига эвакуация қилинган.

Давлат ишчилари ва сайёҳлар билан гавжум Вашингтонга мазкур ҳафтада одатдагидан ҳам кўпроқ меҳмон келган. Минглаб болалар ва уларнинг ота-оналари гилос гуллашини кўриш ва Пасха байрамига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун шаҳарга ташриф буюришди.

Бундан ташқари, ҳафта якунида шаҳарда дунё бошлиқлари ядровий хавфсизликни муҳокама қилиш учун саммитга йиғилишади. Шу сабаб шаҳар ва федерал ҳукумат расмийлари аллақачон айрим кўчаларни ёпиб, Оқ уй атрофидаги туманларни кучайтирилган тарзда қўриқлай бошлаган эдилар.

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG