Линклар

Ўзбекистон-Баҳрайн ўйинига чипталар 10 баробар қиммат сотилди


"Бунёдкор" стадиони олдида чипта кутаётган футбол ишқибозлари

"Бунёдкор" стадиони олдида чипта кутаётган футбол ишқибозлари

Ўзбекистон-Баҳрайн ўйини учун Тошкент чиптахоналаридан топилмаётган, аммо "қўл"га ўтиб кетган 15 минг сўмлик бир дона чипта нархи 150 минггача кўтарилди. Чипталар муаммоларидан чарчаган футбол ишқибозлари ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини бойкот қилишга чақиришди.

Чиптахона олдида сарғайган мухлислар

Ўзбекистон-Баҳрайн ўйинига чипталар 26 март куни соат 10дан бошлаб сотувга чиқарилиши айтилди. Ўша куни Озодликнинг мобил мухбири эрталабки соат саккиздан “Бунёдкор” стадиони чиптахонаси олдида навбатга турди. Мухбир чиптахона очилишини 2 соат эмас, балки 4 соат кутишига тўғри келганини айтади:

“Чиптахона соат 12ларда очилди. Фақат бешта кассадан биттасигина очилди. Навбатда турганлар жуда кўп эди. Нимагадир битта касса ишлади”, дейди навбати келишини кутиб чарчаган мобил мухбир.

Чиптахоналар олдидаги турнақатор навбатларни маҳаллий сайтлар ҳам кенг ёритди.

Марказий секторларга чипта сотилмади

Футбол ишқибози бўлган мобил мухбир ўйинни кўриш қулай бўлган марказий сектордан жой олиш илинжида бўлгани, бироқ бу нияти амалга ошмаганини айтади:

“Кассир марказий секторга чипта йўқлигини айтди. Фақат кўриш ноқулай бўлган жой яъни дарвозанинг орқасидангина жой борлигини айтишди. Битта чипта 15 минг сўм экан. Умуман чиптасиз қолишдан қўрқиб, дарвозанинг орқасига бўлса, ҳам чиптани олдим”, дейди футбол ишқибози.

Кимгадир фақат 3та, бошқа бировга 100та чипта сотилди

Мобил мухбирнинг айтишича, футбол ўйинини томоша қилиш истагида бўлган дўстларига ҳам чипта олмоқчи бўлган, бироқ кассир бир кишига учтадан ортиқ чипта сотилмаслигини билдирган:

“Ўз кўзим билан кўрдим: кимдир 50та, кимдир 100та чипта олди. Булар 2-3та одам эди. Бошқаларга 3тадан кўп чипта сотилмади”, дейди чиптахонадаги вазиятни ўз кўзи билан кўрган мобил мухбир.

Чипталар бир неча соатда “тугади”

Мобил мухбирнинг айтишича, ўша куни тушдан сўнг стадион чиптахоналарида чипта қолмагани билдирилган:

“Тушдан кейин бир танишим чипта оламан деб стадионга борганди, унга чипта сотиб бўлинди дейишган. Чипта фақат бир неча соатгина сотилди. Бу пайтда ҳамма чипта сотилиши мумкин эмас эди. Лекин кассирлар “чипта йўқ” деган гапни айтишган”, дейди Озодлик илтимосига кўра чипта сотилиши билан боғлиқ вазиятни шахсан кузатган мобил мухбир.

"Йўқ" чипта “қўл”да пайдо бўлди

Тошкентдаги футбол ишқибозларидан олинган маълумотга кўра, 27 мартдан бошлаб “Бунёдкор” стадионининг чиптахонаси ёнида олибсотарлар гуруҳи пайдо бўлган. Ишқибозлар “қўл”даги чипталарнинг нархлари аслидан бир неча баробар қимматлигини айтишди. Якшанба куни 15 минглик чипталар “қўл”да 80 мингдан сотилганига гувоҳ бўлгани ҳақида айтади тошкентлик ишқибозлардан бири.

29 март куни Озодлик илтимосига кўра, мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов "Бунёдкор" стадионига бориб, чипталар билан боғлиқ вазиятни ўрганди.

Ташановга кўра, ўйин олдидан чипталар нархи олибсотарлар қўлида 10 баробар қимматга сотилган:

- Бугун стадион чиптахоналарига одамларни қўймаяпти. Атрофлари ўраб олинган. Чипталар қўлга чиқиб кетган. 15 минг сўм деб нарх урилган чипталар 35000- 40000 ва 150000 сўмгача сотилаяпти. 150 минг сўмлик чиптани кўрдим. Бу энг яқин, марказий секторнинг энг пастидаги майдонга яқин, тренерларнинг орқасидаги жойлар экан,- дейди журналист Ташанов.

Чипта муаммоси боис ўйинларни бойкот қилишга чақириқлар

Чипталарнинг олибсотарларга ўтиб кетиш ҳолати ҳар бир ўйинда кузатилади.

Жумладан, 24 март куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон - Филиппин учрашувида ҳам чипталар “қўл”га ўтиб кетганидан шикоятлар кўп бўлди.

Ўша ўйинга ҳам чипта сотишга жуда оз муддат ажратилгани ва чекланган миқдорда чипта сотувга чиқарилгани натижасида олибсотарларнинг бозори чаққон бўлгани кузатилди.

Ҳатто футбол ишқибозлари бу ҳолатларни адолатсизлик ҳисоблаб, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини бойкот қилишга чақиришди.

"Оммавий бойкот қилиш керак. Токи чипталар кассаларда ўз нархида сотилиши таъминланмагунича, футболга бормаслик керак. Телевизорда кўрса ҳам бўлади ўйинни", дейишди Фейсбук ижтимоий тармоғидаги maslahat.uz гуруҳи аъзолари.

@eshonbova ҳам Твиттердаги саҳифаси орқали чипта муаммоси ҳал қилинмагунча футбол ўйинларига тушмасликка қарор қилгани ҳақида ёзди.

Расмийлар изоҳдан бош тортди

Футбол соҳаси мутахасисларидан олинган маълумотга кўра, чипталар чиқарилиши учун Ўзбекистон Терма жамоалар маркази масъул, “Бунёдкор” стадиони эса чипталар сотилишини зиммасига олган.

Ушбу икки ташкилот чипталар билан боғлиқ муаммолар учун асосий жавобгар сифатида кўрилмоқда.

Хўш, нимага чипталар сотувга чекланган миқдорда чиқарилади ва нима сабабдан олибсотарлар қўлига ўтиб кетади?

Озодлик ушбу саволларга на Терма жамоалар марказидан, на “Бунёдкор” стадиони маъмуриятидан жавоб ололди. Иккала ташкилот расмийлари ҳам бу ҳолатларни изоҳлашдан бош тортди.

“Қўл”даги чипталар- мутасаддиларнинг ўғирлиги намунаси”

Чипталарнинг олибсотарлар қўлига ўтиб кетиш жараёнини ўрганган журналист Ташанов, буни мутасадди шахсларнинг чўнтагига пул ишлаб қолиш ҳаракатлари ўлароқ изоҳлайди:

- Қўлга чиқиб кетишининг асосий сабаби – кассадагилар ва бевосита ўйин ташкилотчилари бунинг орқасидан фойда кўришидир. Агар касса орқали бўлса ҳамма пуллар давлат ҳисобига ва Футбол федерациясига кирим бўлади. Бундан улар шахсий фойда кўра олмайди. Шунинг учун бу ўғирликка ўхшаган нарса. Билетлар аввалдан сотиб олинади, тарқатиб юборилади ёки кассада ишловчилар, бевосита Футбол федерациясининг билет сотиш билан шуғулланадиган молия бўлимлари бевосита олибсотарлар билан келшиб қўяди. У ёққа билетлар сотиб бўлинди деган ҳисоботларни беришади ва одамларга сунъий оширилган нархдаги билетларни сотишади,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

"Ҳукуматнинг қўрқуви боис ишқибозларга чипта сотилмайди"

Футбол соҳасини кузатиб келадиган яна бир маҳаллий журналист таъкидича, чипталар эркин савдосини чеклаган ҳукумат футбол майдонига ҳақиқий ишқибозларни эмас, буйруққа бўйсунган ташкилот ва ҳокимликлар ходимларини киритиш билан ўз хавфсизлигини ўйлайди.

Журналистга кўра, ҳақиқий ишқибозлар ўрнига ҳокимлик ва давлатга қарашли турли идоралар вакилларига чипта тарқатилади. Уларга эса ўйинни тартиб сақлаган ҳолда, интизом билан ўтириб кузатиш масъулияти юкланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG