Линклар

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги таранглик туфайли икки мамлакат ўртасидаги кўплаб чегара масканларининг ёпилиши қўшни мамлакатдан уйланган қирғизистонлик ва ўзбекистонликларни яна мушкул аҳволга солиб қўйди. Ота-онасини кўриш учун қўшни мамлакатга ўтган келинларга оилаларига қовушиш учун 500 километрга яқин масофани босиб ўтиш шарт қилиб қўйилмоқда.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Новкен туманида жойлашган Қўқонлик қишлоғига келин бўлиб тушган ва ота-онасини кўриш учун туғилган юртига кетган 15 чоғли ўзбекистонлик аёл ярим ойдан буён турмуш ўртоқлари ва фарзандларининг ёнига қайта олмаяпти. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган мазкур қишлоқ турғуни Назирахонга (исми ўзгартирилган – таҳр.) кўра, Ўзбекистонга келин бўлиб тушган ва Қирғизистонга келган 3 аёл ҳам ҳозирда қўшни давлатдаги болаларининг олдига кетолмаяпти.

- Маҳалламизда 15 га яқин келин Ўзбекистонга ота-онасининг уйига ўтибкетган. Икки ойлик регистрация муддати тугаганидан кейин “кирди-чиқди” қилиш учун ўтиб кетиб, 18 мартда чегара ёпилганидан бери уйларига қайтиб ўтолмаяпти. Бу ёқда турмуш ўртоғи, фарзандлари қолишган. Чегарадан ўтказмаяпти, таможняга келса, “ёпиқ” деб, қайтариб юбораяпти экан. Авваллари никоҳ гувоҳномасини кўрсатиб, ўтиб юришган. Қирғизистон фуқаролари бўлган қизлар ҳам Ўзбекистонга келин бўлиб тушган. Улардан ҳам 3 нафар қиз ўтган. Уларнинг ҳам болалари, турмуш ўртоғи Ўзбекистонда қолган. Улар ҳам у ёққа ўтолмаяпти, уларни ҳам ўтказмаяпти, - дейди Қўқонлик қишлоғида яшайдиган Назирахон.

Эслатиб ўтамиз, 18 март куни Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритганидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги чегара-ўтказиш масканлари ёпиб қўйилган. Қўшни давлатлар расмийлари музокараларидан сўнг 26 март куни ўзбек чегарачилари Чаласартни тарк этганига қарамай, икки мамлакат ўртасидаги чегара масканларининг аксарияти, шу жумладан, новкенликлар ўтиб юрган “Маданият” ва “Кенгсой” масканлари ёпиқлигича қолмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаева 2010 йилдаги қонли воқеалардан кейин Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 15 та чегара-ўтказиш пунктидан фақат 8-9 таси фаолият кўрсатиб келгани, улардан ҳам одамлар Ўзбекистон томонидан бир томонлама киритилган чекловлар билан ўтказилганини айтади.

- Ҳозирги пайтда ишлаётган ўтказиш пунктларига келсак, булар “Қизилқия-автодорожний” ва “Қадамжой-автодорожний” масканларидир. Бу масканлар 18 мартдаги воқеалардан кейин ёпилганди. 26 мартдан уларни очганмиз. Афсуски, ҳозир фуқароларнинг фақат шу ўтказиш пунктлари орқали ўтишларига тўғри келади. Қирғизистонга қайтаётган бизнинг фуқароларимиз яна “Дўстлик” чегара-ўтказиш пункти орқали ҳам қайтишлари мумкин. Чиқишда эса фақат Қизилқия ва Қадамжой орқали чиқилади, - дейди Гулмира Бўрубаева.

“Маданият” чегара-ўтказиш пункти ҳақида гапираркан, Қирғизистон Чегара хизмати расмийси бу маскан Ўзбекистон томонидан реконструкция баҳонасида бир томонлама ёпиб қўйилганини айтиб, унинг очилиши бўйича ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаат қилишимизни тавсия қилди.

Саволимизга жавоб излаб Тошкентга – Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасига қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган, аммо ўзини таништирмаган қўмита ходимининг жавоби қисқа бўлди.

- Ҳозирча бу борада ҳеч қанақа маълумот йўқ. [Чегара] қачон очилишини аниқ айтишолмаяпти, балки яқин орада очишар. Шундай экан, ҳозирча сизга бирор нарса деёлмаймиз, - деди Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ходими.

Шу тариқа, чегара-ўтказиш масканларини очиш масаласи ҳал бўлгунига қадар Ўзбекистондан Қирғизистонга ёки Қирғизистондан Ўзбекистонга келин бўлиб тушган аёллар яқинларига қовушиш учун 500 километргача йўл босиб, айланма йўлдан юришларига тўғри келади. Бу йўл харажати эса, Қўқонлик қишлоғида истиқомат қилувчи Назирахоннинг айтишича, кўпчиликнинг ҳамёнига оғирлик қилмоқда.

Суҳбатдошимизга кўра, чегарадан ўтиш ва миграцион қайд билан боғлиқ қийинчиликлар туфайли чегара яқинидаги қишлоқларда яшайдиган одамлар кейинги йилларда қўшни давлат қишлоғидан қиз олиб, қиз бермайдиган бўлган.

Ўзбекистондан Қирғизистонга ёки Қирғизистондан Ўзбекистонга келин бўлиб тушган аёллар муаммолари ҳақида Озодликнинг қирғиз хизмати томонидан тайёрланган фильм билан қуйида таниша оласиз:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG