Линклар

EgyptAir ширкатига қарашли учоқни гаровга олган шахс Қибриснинг Ларнаки аэропортида расмийларга таслим бўлди. Бу ҳақда Қибрис Ташқи ишлар вазирлиги Твиттердаги ўз саҳифаси орқали хабар тарқатди. “Ҳаммаси битди. Гаровчи ҳибсга олинди”, деб ёзишди қибрислик дипломатлар.

Учоқдагиларни гаровга олишдан мақсади ноаниқлигича қолаётган шахс Airbus 320 учоғидан қўлларини кўтариб чиққан.

Сешанба куни Airbus 320 учувчиси йўловчилардан бири ўзини портлатиб юбориш билан таҳдид қилиб, Мисрнинг Александрия шаҳридан Қоҳирага учаётган самолёт йўналишини Қибрисга буришни талаб қилгани ҳақида хабар қилганди. Расмий маълумотларга кўра, самолёт бортида 81 йўловчи, шу жумладан, 20 нафар хорижлик ва 15 нафар экипаж аъзоси бўлган.

Қибрис ташқи ишлар вазири Янис Кассолидис гаровчи таслим бўлганидан кейин унинг белидаги худкушлик камари сохта бўлиб чиққанини маълум қилди.

Қибрис президенти эса: “Учоқнинг гаровга олиниши террорчилик билан боғлиқ эмас”, дея баёнот берди.

Айрим маълумотларга кўра, EgyptAir учоғини гаровга олган шахс Қибрисдан сиёсий бошпана сўраган.

XS
SM
MD
LG