Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:59

Ҳолландияда ўзбек журналисти Ризо Обид вафот этди


Замондош сайти асосчиси, ўзбекистонлик таниқли журналист Ризохўжа Обидов оғир хасталикдан сўнг Ҳолландиянинг Тиль шаҳридаги касалхонада 30 мартга ўтар кечаси 58 ёшида оламдан ўтди.

Бу ҳақда Озодликка Замондош сайти муҳаррири Анвар Каримов маълум қилди.

- [Ризохўжа ака] шу бугун кечаси ўтиб қолдилар. Голландия вақти билан соат 8 да больницадан майитларини беришади. Шунга ҳаракат қилиб, одам жўнатдик. Мен ҳам учиб кетаяпман, ҳозир рейс қидираяпман, - деди айни пайтда Киевда бўлган Анвар Каримов.

Унинг айтишича, Ризо Обид 3 ойлик оғир хасталикдан сўнг жон берган.

- Биринчи ташхис бўйича “касал йўқ” деб берганди. Иккинчи ташхис бўйича “саратон” деб берувди. Учинчи ташхис бўйича айтолмайману, лекин кимёвий-биологик экспертиза қилдирмоқчийдик. Ҳозир энди иккинчи ташхис бўйича “саратоннинг оғир шакли” бўляпти, - деди Анвар Каримов.

“Замондош”нинг бош муҳаррири мусибат ҳақида Ризо Обиднинг оила аъзоларига хабар қилингани, улар ҳам чуқур изтиробда экани, бироқ журналистнинг майитини Ўзбекистонга йўллаш имкони бўлмай қолиши эҳтимолдан ҳоли эмаслиги, шу сабабли у Ҳолландияда дафн этилиши мумкинлигини айтди.

Анвар Каримов Ризо Обид Ҳолландиядан сиёсий бошпана олиб яшагани билан бу мамлакатда фуқаролик олмаганини, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаганини ҳам қўшимча қилди.

Ризо Обид тахаллуси билан ижод қилган Ризохўжа Обидов 1958 йил 1 январида Наманганда туғилганди. Қатор маҳаллий ва халқаро нашрлар билан ҳамкорлик қилиб келган Ризо Обид 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонни тарк этган ва Ҳолландиядан бошпана олиб яшаётганди.

Озодликнинг Намангандаги собиқ мухбири Носир Зокир Ризо Обиднинг Ўзбекистондаги журналистик фаолияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

- 1991 йили Бирлик халқ ҳаракати рўйхатдан ўтиб, иш фаолиятини бошлаб, газета чиқара бошлаганда Ризохўжа бизнинг сафимизга қўшилмаган бўлса ҳам, газета чиқаришимизга ёрдам бериб юрганди. Орада йўқ бўлиб қолиб, 5-6 йилдан кейин қайтиб келди. Шу орада “Америка овози”дан Жаҳонгир Муҳаммад қўнғироқ қилиб, “Носир ака, бир мухбир топиб берсангиз, бирга ишласак”, деб қолди. Мен Ризохўжани таклиф қилдим. Ризо улар билан боғланиб, бир йилча жуда яхши ишлаб юрди. Кейин “Америка овози” билан келишмовчилик бўлиб, уни бўшатиб юборишди у ердан.

Андижон фожеаси бўлганда менинг уйимга келиб, шеър ўқиди ҳукумат сиёсатига тўғри келмайдиган. Энди мен мухбирман, уни [радиога] бердим. Шеър эфирда кетиб бўлганидан кейин бир кун келсам, уйга келибди. “Мен Попга кетаяпман, акам билан уйда ўтириб туринглар” деб кетиб, қайтиб келсам, йўқ. Бишкекдан қўнғироқ қиляпти: “Носир ака, мен ташқарига чиқиб кетдим”, деди. Кейин ўша шеър бўйича иккаламизнинг устимиздан жиноий иш қўзғалди. Хабарингиз бор, 2005 йил мен 6 ойга қамоққа олинганимда ўша статья ҳам қўшилди. Лекин кейинчалик “шериги ташқарида бўлгани учун қолдирилди” деб, умуман менинг бўйнимдан олиб ташланди бу айблов, - дейди Носир Зокир.

Бу орада Замондош сайти муҳаррири Анвар Каримов Ризохўжа Обидов касал бўлиб қолган пайтда дунёдан ўтиб кетгудек бўлса, катта-кичик барчадан узр ва розилик сўраб қўйишни унга васият қилганини айтади.

- Ризохўжа Обидов номларидан - ўзларининг васиятлари бўйича - барча инсонлардан, агар уларни хафа қилган бўлсак, ёки бирор инсоннинг кўнгли ранжиган бўлса, узр сўраймиз, - деди Анвар Каримов.

Жорий йил февралида ўзбекистонлик мустақил журналист, uznews.net веб-сайти муассиси Галима Бухарбаева zamondosh веб сайти устидан судга арз қилгани тўғрисида хабар тарқатди. Бухарбаева Ризо Обидовни ўзига ҳамда унинг uznews.net сайтига қарши информацион кампания уюштиришда айблаган.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Ризо Обид баъзи масалаларга ойдинлик киритган эди.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:31 0:00
Бевосита линк

.

XS
SM
MD
LG