Линклар

logo-print

Қорақалпоғистонлик аёл: Эрим Туркманистон қамоғида ном-нишонсиз йўқолди...


Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшовчи аёл Туркманистонда 18 йилга қамалган эри тақдири номаълум бўлиб қолаётгани, Ашхобод ҳукумати унинг аҳволи, тирик ёки ўлгани ҳақида маълумот бермай келаётганини Озодликка айтди.

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшовчи 31 ёшли Жарқинай Озодлик билан суҳбатда беш йил аввал Туркманистонда чегарани ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб, 18 йилга қамалган эри Серикбой Дошоновнинг қаерда экани, ўлик ёки тирик эканини билиб беришни сўраб бормаган жойи қолмаганини айтади.

– Адвокат ҳам ёллаб кўрдик, Тошкентда президент аппаратидагилардан ҳам ёрдам сўрадик, "йўқ, Туркманистон билан ҳеч нарсани қилиб бўлмади”, дейишди. “Маридаги бир ўрмонга олиб бориб ташлаган, у ердан ўлиги чиқади”, дейишяпти. Борай десак, қаердалигини билмасак. Туркманистон бизга уни ўлик эканини ҳам, тирик эканини ҳам қаерда эканини ҳам айтмаяпти, - дейди Жарқинай.

33 ёшли Серикбой Дошанов 2011 йилда Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида туркман чегарачилари тарафидан қўлга олинган.

Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва контрабанда айбловлари билан у 18 йилга қамалган эди.

- Эрим Туркманистондан Қорақалпоғистонга бензин олиб келиб сотар эди. Тирикчилик-да. 2011 йилда чегарада ушланди. Туркманистон чегарачилари уни ушлаб, қамаворишди. Суриштириб билсак, 18 йил бериворишган экан. Олдинига Маридаги қамоқда дейишди. Туркманистондаги танишларимиз ёрдами билан уни қидирдик. У ерда йўқ. экан. "Овадон Тепа" қамоқхонасида, дейишди, у ерда ҳам йўқ. Беш йил аввал қамалган эрим ном-нишонсиз йўқолди. Майли жиноят қилибди, қамалибди, лекин қаердалигини оиласига айтишлари керакку, бизга у билан кўришиш ҳаққи берилиши керакку, ўлган бўлса бу ҳақда бизга айтишсин, - дейди Жарқинай.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Туркманистонда маҳбуслар аҳволи, тирик ёки ўлгани ҳақида оила аъзоларига маълумот берилмаслиги одатий холдир.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов Туркманистонда қамалган ўнлаб ўзбек фуқароларининг яқинлари уларнинг тақдири ҳақида билишмайди.

-Туркманистондан бирон маҳбус ҳақида маълумот олиб бўлмайди. Халқаро қонунчиликка кўра, ўз аслида Туркманистон ҳукумати шу қамалганларнинг оила аъзоларига улар билан кўришишга рухсат бериши керак. Халқаро ташкилотлар арлашиб, Ашхобод ҳукуматига босим қилиб бунга эришиш керак, - дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Халқаро ташкилотлар туркман қамоқхоналарини бориб кўриш ва маҳбуслар ҳақида маълумот олиш деярли имконсиз эканини айтиб келишади.

АҚШдаги Crude Accountability инсон ҳуқуқлари гуруҳи Туркманистонда узоқ муддатга қамалган маҳбуслар тақдири хусусида хавотир билдириб, бир неча марта “Уларни тирик кўрсатинг” номли кампания ўтказган эди.

Ташкилот Туркманистонда ёпиқ маҳкамалар орқали узоқ муддатларга қамалган ўнлаб маҳбуслар ҳақидаги маълумотлар ошкор этилишини талаб қилиб чиққанди.

Лекин бу уринишлар шу пайтгача натижа бермаган.

Дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири бўлган Туркманистонда маҳбуслар ҳақида маълумот олиш имконсиз. Ҳуқуқ фаоллари Туркманистонда нафақат сиёсий маҳбуслар, балки хорижлик тутқунлар ҳақида ҳам унинг чет элдаги оила аъзоларига маълумот берилмаслиги одатий хол эканини айтишади.

XS
SM
MD
LG