Линклар

Латвия расмийлари 29 март куни Кремлпараст “Спутник” сайтини “тарғибот воситаси” деб атаб, мамлакат ҳудудида унга кириш йўлини тўсиб қўйди. Кремль эса буни дарҳол қоралади.

Латвияда маҳаллий доменларни рўйхатга олувчи ташкилот “Спутник”ни sputniknews.lv янгилик сайтига эгалик қилиш ҳуқуқидан айирди. Сайт бир неча ҳафта аввал Латвиянинг рус тилида сўзлашувчи халқи учун рус ва латиш тилларида мақола чоп этиш мақсадида очилган эди.

Латвия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Раймондс Жонсон AFP ахборот агентлигига берган интервьюсида “Биз Спутникни ишончли оммавий ахборот воситаси эмас, балки тарғибот воситаси, деб биламиз”, деган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Латвиянинг бу қарорини “ошкора цензура” деб атади ва “Россия оммавий ахборот воситалари профессионализм ва этиканинг энг юқори стандартларига амал қилишини” иддао қилди.

Вазирлик эълон қилган билдирувда Рига “Латвиядаги Россия оммавий ахборот воситаларига ҳужум қилишда давом этар экан, матбуот плюрализмини ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларини амалга оширмаётганини яна бир марта кўрсатди. Етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса атайин чора кўрмаяпти”, дейилади.

Латвия бундан аввал ҳам рус оммавий ахборот воситаларини блоклаган. Масалан, 2014 йил мамлакатда Россия давлат телевидениеси бир неча ой муддатга ёпилган эди.

Россиянинг Латвиядаги элчихонаси “Спутник”ка қарши кўрилган чорани “асоссиз” деб атади ва Латвияни Россияга қарши информацион уруш бошлаганликда айблади.

Латвияда маҳаллий доменларни рўйхатга олувчи ташкилот “Спутник” сайтини Латвия Ташқи ишлар вазирлигидан хавотир хати олганидан кейин ёпиб қўйган. Вазирлик “Спутник”нинг Украинадаги ҳодисаларни бир ёқлама ёритаётганини, мамлакатнинг ҳудудий бирлигини тан олмаётганини танқид қилди.

Вазирлик ҳодисаларни бундай ёритиш Европа Иттифоқи Россия Қримни 2014 йилда аннексия қилиб олгани учун жорий қилган санкцияларга зид бўлиши мумкинлигини айтди.

Жонсон AFP агентлигига берган интервьюсида sputniknews.lv сайтини рўйхатга олишда “Биз “Спутник” директори [Дмитрий] Киселёв Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилгани эътиборга олиниши кераклиги ҳақидаги фикримизни баён қилдик”, деди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG