Линклар

Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ўз мамлакати келажаги учун дипломатия эмас, балки ракеталар муҳим эканлигини айтди.

Хоманаийнинг бу баёноти 30 март куни унинг расмий вебсайтида эълон қилинди. Аввалроқ ғарб мамлакатлари ҳукуматлари БМТ Хавфсизлик кенгашини Эрон яқинда ўтказган ракета синовлари учун жазолашга чақирган эди.

Вебсайтда Хоманаий “Келажак ракеталар эмас, музокараларда, деб ҳисоблайдиганлар ёки жоҳил, ёки сотқиндир”, дейилади.

Оятуллоҳнинг бу гапи собиқ президент Акбар Ҳошимий Рафсанжонийга қаратилган бўлиши мумкин. Рафсанжоний нисбатан мўътадил сиёсий иттифоқнинг етакчисидир. Ўтган ҳафтада у Twitterда “Эроннинг келажаги диалогдир, ракеталар эмас”, деб ёзган эди.

Хоманаий яна радикал Эрон Инқилобий гвардиясининг ракеталарни янада ривожлантириш режасини қўллашини изҳор қилди. Бу билан оятуллоҳ Эрондаги ракета синовлари юзасидан ташвишланаётган ғарб мамлакатларини писанд қилмаслигини кўрсатди.

“Агар Ислом Республикасида мудофаа кучи бўлмаганида, музокараларда кучсиз мамлакат таҳдидларига ҳам ён беришга мажбур бўлган бўларди”, деди у.

Хоманаий 2015 йилнинг июлида Теҳроннинг ядровий дастурини қисқартириш бўйича қудратли мамлакатлар билан эришилган келишувни имзолаган. Келишувга кўра, Эрон ўз ядровий дастурини қисқартиради, бунинг эвазига унга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинади. Аммо Хоманаий келишув ғарб билан дўстона алоқаларнинг тикланишига олиб келмаслигини, Теҳрон ўзининг ҳарбий моҳиятини кучайтиришда давом этишини таъкидлаб келади.

30 март куни БМТ бош котиби Бан Ки Мун Эроннинг ракета синовлари хавотирларга сабаб бўлганини, бирор санкция ёки чора кўришни БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳал қилиши керак эканлигини билдирди.

Эрон қудратли давлатлар – вето ҳуқуқига эга Россия, АҚШ, Хитой, Британия, Франция ҳамда Германия – билан ўзининг ядровий дастури бўйича келишувга эришганидан кейин БМТ Хавфсизлик кенгаши Теҳронни ядровий каллак таший оладиган ракеталарни синовдан ўтказмасликка чақирувчи резолюцияни имзолади.

Мазкур ҳафтада АҚШ, Франция, Британия ҳамда Германия ўртача масофага учувчи “Шаҳоб-3” ҳамда қисқа масофага учувчи “Қиём-1” ракеталари билан март бошида ўтказилган тестлар БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига зид эканлги ҳақида арзланди.

Мазкур тўрт мамлакат кенгашга юборган хатда Эроннинг синовлари “беқарорликка ҳамда провокацияга олиб келади, чунки бу ракеталар ядровий қурол таший олади”, дейилади.

Хатда Бан Ки Мун Эроннинг БМТ резолюцияларини бузувчи ҳар қандай ракета амалиётлари ҳақида тўлиқ ҳисибот беришга, кенгаш эса тегишли чораларни муҳокама қилишга чақирилди.

Эрон ўз ракеталари ядровий қурол ташимаслигини айтиб келади. Эрон Инқилобий гвардияси ўз синовлари мамлакатнинг ядровий бўлмаган ҳарбий кучини кўрсатишга қаратилганини билдирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Россия туфайли бу вазият бўйича чора кўра олмаяпти.

14 куни Эроннинг синовлари ҳақида сўз очилганда Россия синовлар 2015 йилги резолюцияга зид эмаслигини, чунки “чақирув” мажбурий талаб эмаслигини айтди.

30 март куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ядровий қуроллар тарқалишини олдини олиш ҳамда қурол назорати бўлими бошчиси Михаил Ульянов Эрон ҳаракатларини ҳимоя қилди.

Ульянов Эроннинг ракеталари ядровий каллак ташишини кўрсатувчи исбот йўқлигини айтди.

Россия Вашингтонда 31 март куни бошланадиган Ядровий хавфсизлик саммитига вакил юбормаслигини билдирди. Бу эса ғарб мамлакатларининг Эроннинг ракета синовларига қарши чора кўришини мушкуллаштиради.

Россия Эрон билан келишувни имзолаган, P5+1 деб аталувчи қудратли мамлакатлар ичида Вашингтон саммитида иштирок этмаётган ягона давлатдир. 2015 йилги келишув Эронни ўзининг ядровий дастурини қисқартиришга чақиради. Эвазига унга қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинади. Теҳрон ўз ядровий дастури тинчлик мақсадларини кўзлашини айтиб келсада, ғарб мамлакатлари Эрон аслида ядровий қурол устида ишлаётганидан хавотирда.

Вашингтон саммитида бошқа масалалар билан бир қаторда Эроннинг ўз мажбуриятларини бажараётгани ёки йўқлиги муҳокама қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG