Линклар

ЕХҲТ раиси: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш йўлига ўтиши лозим


Президент Ислом Каримов Германия ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк Вальтер Штайнмайерни (ўнгда) Оқсаройда қабул қилди.

Президент Ислом Каримов Германия ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк Вальтер Штайнмайерни (ўнгда) Оқсаройда қабул қилди.

Германия ташқи ишлар вазири ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон ҳукуматини “инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга” чақирди. Ғарб агентликларининг билдиришича, бу ҳақда у Тошкентда ҳукумат расмийлари билан учрашуви пайтида гапирган.

Берлин Ўзбекистондаги ички сиёсатни ошкора муҳокама қилишдан манфаатдор

Германия нашрлари Германия ташқи ишлар вазири ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк Вальтер Штайнмайер ўзбек расмийлари билан учрашуви чоғида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаргани ҳақида ёзди.

Хабарларда айтилишича, 30 март куни дастлаб Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, сўнгра эса Оқсаройда президент Ислом Каримов билан учрашган Франк Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон “инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш йўлига ўтиши лозим”, деб фикр билдирган.

Штайнмайер Абдулазиз Комилов билан учрашуви чоғида Ўзбекистон икки давлат муносабатлари тўлақонли ривожланишига ҳалақит бераётган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаши лозимлигини таъкидлаган.

“Берлин Ўзбекистон ички сиёсатидаги вазиятни очиқ ошкора муҳокама қилишдан манфаатдор”, деб айтган Штайнмайер Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан учрашуви чоғида.

Франк Вальтер Штайнмайер шундан сўнг Оқсарой резиденциясида президент Ислом Каримов билан музокаралар ўтказди. Музокараларда террорчилик ва эстермизмга қарши кураш масалалари муҳокама қилингани айтилмоқда.

Штайнмайер билан учрашувга фақат уч киши таклиф қилинди

Штайнмайер сафари доирасида Тошкентда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган эди. Учрашувда иштирок этган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, Штайнмайер билан тушлик устида суҳбат қуришга фақат уч киши таклиф қилинган.

-Фуқаролик жамиятидан мен бир ўзим бўлдим. Гёте институтдан бир вакил ва бизнес диоралардан бир вакил иштирок этди. Жами ўзбекистонлик уч киши бўлдик. Штайнмайернинг ўзи билан элчихона ходимлари ва унинг атрофидаги одамлар бўлиб 25-26 киши келди, -деди Шуҳрат Ғаниев.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, тушлик пайтида асосан Германиянинг Ўзбекистондаги лойиҳалари ва сармоялар самарадорлиги тўғрисида суҳбат бўлган.

-Гап асосан Германиянинг Ўзбекистондаги лойиҳалари ҳақида борди. Айниқса инвестиция ва бизнес соҳасидаги лоийҳалар керакми, керак эмасми, улар нақадар эффектив бўлаётганига эътибор қаратилди. Бу ҳақда ёнимда ўтирган бизнес вакили гапириб берди. Кейин Гёте институтининг ёшлар ўртасида ўткизаётган лойиҳалари ҳақида гапирилди. Шундан кейин менга фуқаролик жамиятининг муаммолари ҳақида савол берилди. Мен бугунги кунда асосий мақсадимиз фуқаролик жамияти ва ҳукумат ўртасида диалог ўрнатишга қаратилаётгани, бу диалог бўлмас экан, фуқаролик жамиятининг иши самарасиз бўлиб қолиши ҳақида айтиб бердим, - деди Шуҳрат Ғаниев.

"Халқаро ташкилотларда Ўзбекистондаги вазият ўзгармайди деган кўникма пайдо бўлди"

Тошкентлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдурахмон Ташанов кейинги пайтда Ўзбекистонга келган юқори даражали хориж расмийлари билан учрашувларга фуқаролик жамиятининг вакиллари жуда оз таклиф қилина бошлагани тенденцияга айланганини айтди:

-Мен бир тенденцияни айтмоқчи эдим. Мана кейинги пайтларда Жон Керри келди, сўнгги марта Клинтон келганида ва бошқа юқори даражали меҳмонлар келганида ҳам халқаро ташкилотларнинг Тошкентдаги ваколатхоналари фуқаролик жамияти вакиллари орасидан кескин танқид қилувчиларни эмас, анча мулозаматли одамларни танлаб олиб, учрашувларга таклиф қилаяпти. Демокчи бўлганим, Ўзбекистондаги вазиятга халқаро ҳамжамият ва халқаро ташкилотлар анча кўникиб қолди. Штайнмайерга ўхшаган юқори даражали меҳмонлар Тошкентга келиб, инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга чақириқ қилгани билан ҳеч нарса ўзгармайди, деган бир кўникма бор, -деди Абдурахмон Ташанов.

Штайнмайер Тошкентда Туркия ҳукуматини Европа қадриятларини ҳурмат қилишга чақирди

ЎзАнинг билдиришича, учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон-Германия сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқаларини ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилган.

Хабарларда айтилишича, сўнги 15 йил ичида Германия Ўзбекистон иқтисодига 784 миллион доллар сармоя ётқизган. Ўзбекистонда Германия сармоядорлари иштирокида 113 корхона фаолият кўрсатмоқда.

Тошкентда ўтган расмий учрашувлардан сўнг журналистларга суҳбат берган Штайнмайер Туркияни ҳам сўз эркинлигини ҳурмат қилишга чақирган.

“Мен Европа Иттифоқи билан тиғиз муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилаётган ҳамкор давлатдан Европа қадриятларини ҳурмат қилишни кутишга ҳақлимиз, деб ҳисоблайман. Бу нарса сўз эркинлиги ва фикр эркинлигига ҳам таалуқлидир”, деди Штайнмайер.

Немис расмийси Германиянинг бу нуқтаи назари Анқарага дипломатик каналлар орқали еткизилганини айтди. Гап шундаки, 22 март куни немис телеканаллларидан бирида Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон танқид қилинган қўшиқ эфирга узатилган эди. Бунга Анқара норозилик билдириб, Туркиядаги немис элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирган.

Штайнмайер Марказий Осиёни стратегик муҳим минтақа, деб атади

Франк Вальтер Штайнмайер 30 мартдан Марказий Осиё сафарини бошлаган эди. У Тошкент сафарини якунлагач, Қирғизистон ва Тожикистонга сафар қилади. 31 март куни немис расмийсини Бишкекда кутиб олишди

Штайнмайер Марказий Осиё сафарини бошлашдан олдин немис нашрларига берган суҳбатида “Марказий Осиё Европа учун стратегик жиҳатдан муҳим минтақа” эканини билдирган эди.

Штайнмайернинг айтишича:“Марказий Осиё катта иқтисодий имкониятларга эга” ва айни пайтда “бу минтақада барқарорликка дарз кеткизиши мумкин бўлган чақириқлар борки, бу ҳолат Берлинни бефарқ қолдира олмайди”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG