Линклар

logo-print

Порошенко Ғарбни Россияга нисбатан санкцияларни кучда қолдиришга чақирди


Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко ўз мамлакати хавфсизлигини таъминлаш учун Ғарб Россияга нисбатан жорий қилган санкцияларни бекор қилмасликка чақирди.

Вашингтондаги халқаро хавфсизлик тадбирида Порошенко Украина шарқида тинчлик ўрнатилиб¸ Қрим Украинага қайтарилмагунча¸ санкциялар кучда қолиши лозимлигини таъкидлади.

Порошенкога кўра¸ 2014 йил апрелидан бери Украина шарқида россияпараст сепаратчилар ва украин армияси ўртасида бораëтган жанглар оқибатида 10 мингга яқин одам ўлган ва улардан 2700 дан кўпроғи украин аскарларидир.

Айни шу вақт давомида бир миллион 800 мингга яқин одам Донецк ва Луганскдаги уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Порошенко Вашингтондаги чиқишида халқаро ҳамжамиятнинг Украинага жанговар қурол-яроғ беришни истамаëтгани хусусида таажжуб билдирди.

АҚШ президенти Обама мезбонлик қилаëтган Ядровий хавфсизлик саммитида қатнашаëтган Порошенко бугун вице-президент Жо Байден билан учрашади.

XS
SM
MD
LG