Линклар

logo-print

Журналистга солинган жарима унинг қариндошларидан ундирилди


Ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова.

2011- 2013 йиллар давомида уч марта судланиб, 15 миллион сўмга яқин жарима солинган журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқуловадан ушбу жаримани ундиришга қарор қилган суд ижрочилари¸ журналистга кўра¸ қизи ва куëви мол-мулкини ноқонуний тарзда мусодара қилган.

Эшонқулованинг айтишича, бундай ҳақсизликларнинг сўнггиси 30 март куни содир бўлган.

Чоршанба куни ўзини суд ижрочилари деб таништирган, лекин ҳеч қанақа ҳужжат кўрсатмаган 10 киши Малоҳат Эшонқулованинг куёви уйига кириб келганлар ва “давлатдан бўлган қарзингиз эвазига уйдаги нарсаларни олиб кетамиз”, дейишган. Улар ҳатто уй эгаси бўлган куёвнинг келишини ҳам кутиб ўтирмаганлар:

- Биласизми, олдин ҳам менинг уйимда мусодара бўлган, лекин бундай тарзда бўлмаган. Масалан, 10 киши кириб келган бўлса, ҳали далолатнома тузмасдан туриб, уйнинг эгаси келмасдан туриб, биринчи бўлиб компьютеримни олиб чиқиб кетaяпти, кейин фотоаппарат билан телефонларни биттаси олиб чиқиб кетди, биттаси телевизорларни олиб чиқиб кетaяпти, биттаси нарсаларни олиб чиқиб кетaяпти.

Мен: “Тушунмадим сизларни, олдин буларнинг яроқли-яроқсизлигини текшириб, маркаларини ёзиб, далолатнома тузиб, бир нусхасини менга бериб, кейин олиб кетмайсизларми? Нима сизлар битта-битта ташияпсизлар қароқчиларга ўхшаб? Куппа-кундуз куни уйни талон-тарож қилaяпсизларми, тушунмадим?” десам, “Тепада ўзимиз ёзаверамиз, булар олиб бориб қўяверсин”, деди.

Шу пайтда куёвим келиб қолди. Куёвим: “Менинг уйимда нима қилaяпсизлар? Кимдан рухсат сўраб келдинглар? Огоҳлантириш бердингларми бир оғиз? Нима учун уйимдаги нарсаларни мусодара қилaяпсизлар? Тегманглар нарсаларга”, деди.

Шу пайтда эшикнинг олдида телевизорни олиб чиқиб кетаётганди. “Жойига қўйиб қўйинг” деб, олдини тўсиб чиқувди, иккитаси қўлидан ушлаб куёвимнинг қўлидан тортди. [Суд ижрочилари билан бирга келган] участка нозири: “Мен тинчликни сақлаш учун келиб ўтирибман. Қаршилик кўрсатманг. Қанақа даъвоингиз бўлса, судга мурожаат қиласиз”, деди.

Куёвим: “Нимага мен судма-суд саргардон бўлиб юришим керак, ҳозир ишимни ташлаб келишга мажбур бўлиб ўтирибман, сабаб нима?” деганди, “Бу аёлнинг қарзлари бор”, деди. Куёвим: “Хўп, қарзлари бўлса, ўзидан ундиринглар, нега менинг уйимдан урдиришларинг керак?” деганди, шу уйда яшаганидан кейин ундирамиз-да”, деди, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Журналист аёл суд ижрочиларига далолатнома туздиришга муваффақ бўлганини, бироқ ҳужжат нусхасини улардан ололмаганини қўшимча қилади.

Эшонқулованинг айтишича, у ҳодиса чоғида милициянинг 02 рақамига қўнғироқ қилган, жавоб бўлавермагач, Бош прокуратуранинг ишонч телефонига қўнғироқ қилган, прокуратура вакиллари гўшакни суд ижрочилари кетиб бўлганидан сўнг кўтарган ва журналистнинг шикоятини эшитгач, “Вақтида жаримани тўлашингиз керак эди” дейиш билан чекланган.

Журналист ва ҳуқуқбон Малоҳат Эшонқулова Ўзбекистондаги қонунсизликларга қарши тургани, норозилик намойишлари, очлик акциялари ўтказгани туфайли 2011- 2013 йиллар давомида суд томонидан уч бор ноқонуний тарзда судланиб, 15 миллион сўмга яқин жарима билан жазолангани, суд ижрочилари шу жаримани ундириш баҳонасида келганларини айтади.

Адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, суд ижрочилари бирор кишига солинган жаримани унинг ўзидангина ундиришга ҳақли, жарима солинган одам бирор уйда вақтинча яшаб турган бўлса, бу уйнинг эгасига тегишли ашёларни мусодара қилишга ҳақли эмаслар.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, у сўнгги олти йил давомида ҳақ истаб расмий идораларга саноқсиз мурожаат ва шикоят аризалари ёзган, Ўзбекистондаги адолатсизликларга оид долзарб мақолалар ёзган, ҳатто пикет ва намойишларга чиқиб кўрган. Бироқ бу ишлар ортидан ҳақсизлик барҳам топмай, аксинча, унга нисбатан тазйиқ, босим ва таҳқирлар тобора кучайиб борган:

- Ўзбекистон ҳукуматининг адолатсизлиги бўғзимга келди. Энди ўзим қолиб болаларимга ҳужум қилиши мени ўз жонимга қасд қилиш даражасига етказди. Булардан ўлиб қутулмасам, болаларим ҳам, мен ҳам қутулмаслигимни тушуниб етдим, – деган Малоҳат Эшонқулова Президент девони олдида жонига қасд қилиш ўйида юрганини қўшимча қилди.

Журналист аёл 31 март куни далолатнома нусхасини олиш учун суд ижрочилари олдига боргани, уларни ўз ниятидан хабардор қилгани, лекин улар киноя қилиш билан кифояланганларини айтади:

- “Вой, ўзингизни-ўзингиз... жонингиздан тўйганмисиз?” дейди. “Жонимдан тўйдирдинглар сизлар, мажбур қиляпсизлар, боламга ҳам таҳдид қилaяпсизлар” десам, “Вой, камера билан бориб турар эканмиз-да, битта томоша бўлар экан-да”, дейди, - деди Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида 21 йил ишлаганидан сўнг "бу ерда коррупция гуллаб-яшнагани ва инсон ҳақлари оёқости қилинаётгани" ҳақидаги иддаолари ортидан компаниядан ишдан ҳайдалган Малоҳат Эшонқулова 2010 йилдан буён мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG