Линклар

АҚШ Молия вазири санкциялардан ортиқча фойдаланиш иқтисодга зарар етказишидан огоҳлантирди


АҚШ Молия вазири Жек Лью.

АҚШ Молия вазири Жек Лью.

АҚШ Молия вазири Жек Лью санкциялардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш Америка иқтисодига зарар етказиши ҳамда бошқа мамлакатларни доллардан воз кечишга мажбурлаши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Обама маълмурияти Эрон, Россия, Шимолий Корея каби ҳукуматлар¸ қолаверса турли террорчилик ва наркотиклар контрабандасига алоқадор гуруҳларни жазолаш учун санкция режимидан фойдаланиб келади.

Бундай чораларнинг самарадорлигига шубҳа билдирган АҚШ Молия вазири Жек Лью санкцияларни жорий қилиш масаласи борасида узоқ мулоҳаза қилиб, стратегик истиқболни кўзда тутган ҳолда қарор бериш кераклигини таъкидлади.

“Биз санкциялардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш глобал иқтисоддаги етакчи позициямиз ҳамда санкцияларимизнинг самарадорлигига путур етказишини англаб етишимиз керак”, деди Лью Карнеги халқаро тинчлик жамғармасида қилган чиқишида.

Льюнинг таъкидича¸ санкциялардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш хориж ширкатларини АҚШ ва унинг молия тизимини четлаб ўтиш йўлларини қидиришга мажбурлаши, бу эса АҚШ доллари таъсири ҳамда унинг дунëдаги асосий заҳира валютаси мақомини емиришини қўшимча қилди.

“Агар хориж ҳукуматлари ва ширкатлари бизни етарлича асоссиз ёки ноўрин сабабларга кўра санкция, айниқса, иккинчи даражали санкциялар жорий қилади, деб ўйласа, улар АҚШда ёки АҚШ доллари билан иш олиб боришни четлаб ўтиш йўлларини излашса, ҳайрон бўлмаслигимиз керак”, деди у.

“Доллар ва молия тизимимиздан фойдаланишни АҚШ ташқи сиёсатига қанча кўп боғласак¸ яқин келажакда бошқа валюта ва молиявий тизимларга ўтиш хавфи шунча кўп ошади”, дея сўзини давом эттирди котиб.

“Дунё иқтисодидаги муҳим ролимизни қадрлашимиз керак. Америка долларининг энг муҳим резерв валютаси сифатида тутган ўрнини эгаллай оладиган бошқа альтернативаларнинг жаҳон молия тизимида тутган ўрни янада ошса, санкциялардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш бизнес фаолиятни АҚШ молия тизимидан бошқа йўналишга буриши хавфи ҳам ошади”.

Лью Эрон ядровий фаолияти учун жорий қилинган давомли санкциялар каби иккинчи даражали оғир санкциялар камдан-кам ҳолларда қўлланилиши кераклигини, чунки улар ҳатто АҚШ фуқароси бўлмаган шахсларнинг жазоланаётган ширкат ёки шахслар билан ишлашига тўсқинлик қилишини айтди.

Январь ойида Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида узоқ йиллар давом этган музокаралар ортидан Теҳронга қарши халқаро санкциялар бекор қилинган, эвазига Эрон ўз ядровий дастурини қисқартириш мажбуриятини зиммасига олган эди.

Шунингдек¸ АҚШ Молия вазири Россия 2014 йил баҳорида Қрим ярим оролини аннексия қилгани ортидан индивидуал россияликлар ва ширкатларга қарши жорий қилинган санкциялар Россия иқтисодини чўктиришга қаратилмаганини ҳам таъкидлаб ўтди.

XS
SM
MD
LG