Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:35

Тошкент Америка компаниялари билан ҳамкорликни кучайтирмоқчи


Ўзбекистон ҳукумати вакиллари АҚШ фирмалари билан фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилиш эҳтимолларига қаратилган таклифларини киритди.

Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан ўтган ҳафтада уюштирилган Америка-Ўзбекистон бизнес форуми – давра суҳбати якунлари тўғрисидаги хабарномасида маълум қилди.

АҚШ элчихонаси хабарида айтилишича, ўтган ҳафтада ўтказилган бизнес форумда Ўзбекистон билан савдо қилишга, бу мамлакатга сармоя ётқизишга қизиқиш билдираётган 13 йирик Америка компаниясининг 30 дан зиёд вакили Ўзбекистон ҳукумати ҳамда бизнес доиралари вакиллари билан сўзлашувлар ўтказди. Анжуманда маҳаллий компаниялар ҳамда Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси аъзолари иштирок этди, бизнес форумда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен нутқ сўзлади, дейилади хабарда.

Америка бизнеси вакилларининг Ўзбекистонга сафарини Ўзбекистон ҳукумати АҚШ элчилиги, АҚШ Савдо вазирлиги, Америка савдо палатаси ҳамда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда уюштирилган.

Бизнес форум – Давра суҳбати бошланишидан икки кун олдин АҚШ Савдо вазирлиги 7 компания вакилларидан иборат делегацияни Ўзбекистондаги бизнес муҳитини ўрганиш учун жўнатгани, Давра суҳбати давомида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда ҳукумат танлаган приоритетлар тўғрисида маълумот бергани хабар қилинди.

Айтилишича, америкалик тадбиркорлар Ўзбекистонда бизнес юритишга оид саволларини берган, компаниялараро ҳамда америкалик бизнесменлар ва Ўзбекистон вазирликлари ҳамда давлат компаниялари вакиллари ўртасида ўзаро юзма-юз мулоқотлар бўлиб ўтган.

Элчихона хабарномасида айтилишича, “Давра суҳбати ва бошқа тадбирлар уларнинг иштирокчиларига Ўзбекистондаги бизнес муҳити тўғрисида ҳамда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро алоқа қилишнинг қимматли имкониятлари тўғрисида аниқ тасаввур шакллантиришга ёрдам берди. Баъзи компаниялар бундай тадбирларда иштирок этиш савдо соҳасида ҳамда сармоя ётқизишга доир конкрет шартномалар тузилишига йўл очиши мумкин, деган оптимистик фикр билдирдилар, деб хабар қилди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, ҳозирда Астанадаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи Сапарбой Жубаевдан Тошкентда бўлиб ўтган Америка-Ўзбекистон бизнес форумининг аҳамияти тўғрисида сўрадик.

- Бизнесменларнинг учрашувлари ҳар доим муҳим, албатта. Хусусан, Ўзбекистонда Америка бизнесменларининг фармацевтика соҳасида қизиқишларини қондирадиган хом ашёлар бор. Масалан, Қорақумда, Қизилқумда бўладиган лакрица илдизи фармацевтика саноати учун жуда керак хом ашё. Биз бир вақтлар уни экспорт қилар эдик, деди Сапарбой Жубаев.

Суҳбатдошимиздан Ўзбекистоннинг АҚШ бизнесменлари учун қанчалик жозибали эканлигини сўрадик.

- Бу масалада жуда кўп гапирсак бўлади. Лекин гапнинг пўсткалласини айтсак, бугунги кунда Ўзбекистонда бу масалада муаммо бор. Бир қарашда Ўзбекистонда сармоядорлар учун иқлим яхшидай: халқ тинч яшайди, иш кучи арзон, лекин ўзларининг топган фойдасини олиб чиқиб кетиш ёки инвестицияни реэкспорт қилиш масаласида муаммо борки бу конвертация билан боғлиқ. Буни ҳамма билади. Балки ДЭУ автозаводига яратилгандай алоҳида шароит яратиб беришар америкаликларга? Шу ўринда мен бир рақам келтирай: Марказий Осиё мамлакатларига келадиган инвестицияларнинг 80-82 фоизи Қозоғистонга ётқизилади. Чунки бу мамлакатда инвестицион муҳит эркин. Ҳар йили инвесторлар Қозоғистондан 20-25 млрд долларлик фойдани олиб чиқиб кетади. Ўзбекистонда эса, бу масала жуда мураккаб, деди Сапарбой Жубаев.

Суҳбатдошимизга мана бу саволни ҳам бердик: Тасаввур қилинг, Сиз университет домласи эмас, миллиардерсиз. Сиз Ўзбекистонга сармоя киритармидингиз?

Сапарбой Жубаевнинг жавоби ўта қисқа бўлди:

- Йўқ.

XS
SM
MD
LG