Линклар

Россияда пала-партиш жинсий алоқа билан шуғулланиш оқибатида Одам иммун тақчиллиги вируси (ОИТВ) юқтирган 33 яшар муҳожир¸ умидсизлик ва тушкунлик гирдобида қолгани¸ Россиядан ҳайдалиши¸ айни пайтда¸ Ўзбекистонга қайтса¸ камситишларга юз тутишидан қўрқувда эканини айтади.

Москва яқинидаги қурилишлардан бирида 33 яшар ишловчи наманганлик меҳнат муҳожирининг Озодликка ҳикоя қилишича¸ (исми унинг илтимосига кўра сир тутилмоқда) ўтган ҳафта тиббий кўрикдан ўтганида шифокорлар ўзида ОИТВ инфекцияси борлигини айтишган.

Бундай вирус билан у Россияда яшаш ва ишлашга рухсат ололмаслиги, Ўзбекистонга қайтса¸ камситишларга юз тутиши мумкинлигидан қўрқаётганини айтади:

- Мен ҳозир икки ўт орасида қолдим. Россияда ҳозир ОИТВга чалинганларни ватанига бадарға қилаяпти. Ўзбекистонга қайтсам¸ у ерда Россиядан келганларни мажбурий тиббий текширувдан ўтказишар экан. ОИТВ билан мени ва оиламни тинч қўйишмайди. Ўзбекистонда ҳеч ким ишга олмайди. Бу ерда қолишимга ҳам рухсат беришмайди. Ҳаёт мен учун тугагандай бўлаяпти, - дейди икки фарзанднинг ота бўлган ўзбекистонлик муҳожир.

Россия ва бошқа мамлакатларда меҳнат қилаётган муҳожирлар орасида пала-партиш жинсий алоқада бўлиш оқибатида турли юқумли касалликлар, жумладан, ОИТВга чалиниш ҳолатлари кўпайган.

ОИТВ вирусини юқтирган ўзбек муҳожири ҳам ўзининг ҳимояланмаган секс туфайли шу дардга чалинганини айтади:

- Бу ерда кўпчилик оиласидан узоқда, ҳар хил аёллар билан муносабатда бўлишга тўғри келади. Аксар ҳолларда презерватив қўлламасдан қиламиз. Мен ҳозир шу ерда юрган барча юртдошларимга презервативсиз аёлга яқинлашмасликни қаттиқ тавсия қиламан. Чунки, ҳозир ўзимни бошимдан ўтганини ўзим билаяпман, - дейди ОИТВга чалинган ўзбек муҳожири.

ОИТВ, сифилис ва сил касалига чалинган муҳожирлар Россиядан депортация қилинмоқда.

Ўзбекистонда эса ватанига қайтган ҳар бир меҳнат муҳожири мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Тошкентдаги Республика ОИТС маркази шифокорларидан бири Ўзбекистонга қайтиб келган муҳожирлар тиббий жиҳатдан текширилаётгани, уларда ОИТВ аниқланса¸ бу қаттиқ сир тутилиши, ҳамма қатори ҳаёт кечириши мумкинлигини айтади:

- Тўғри, ҳозир бизда Россиядан қайтиб келганлар мажбурий кўрикдан ўтказилмоқда. Бу профилактика мақсадида қилинмоқда, уларни четлаб қўйиш учун эмас. ОИТВни юқтирган бу бемор зудликда Ўзбекистонга қайтиб, бизга мурожаат этиши ва доимий рўйхатга туриши керак. Акс ҳолда¸ касалликни оиласига, яқинларига юқтириши мумкин. Бундай касаллар диспансер ҳисобига олиниб, доимий кузатувда бўлиши керак. Бу инфекциянинг ОИТС касаллигига айланиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Дори-дармонларни вақтида олиб, шифокорлар назоратидан четда қолмаса, организмидаги вирус кучсизланади ва улар тўлақонли ҳаёт кечиради. Бизда уларни ҳеч ким камситмайди. Бемалол ишлаб, нормал ҳаёт кечириши мумкин, ишлаши ва бошқа мамлакатларга ҳам чиқиши мумкин, - дейди ОИТС маркази шифокори.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, дунё бўйича одам иммун тақчиллиги вирусини юқтирган беш миллиондан ортиқ киши қайд этилган.

Ҳар йили ушбу хасталикка чалинганларнинг 1,5 миллион нафари ҳаëтдан кўз юммоқда.

Ўзбекистонда 21 мингдан ортиқ ОИТВ инфекциясини юқтирган одам борлиги айтилади.

Кейинги йилларда ташқи миграция туфайли ушбу хасталикнинг Ўзбекистонда кўпайиши кузатилмоқда.

Ўтган йилда Россия ҳудудида меҳнат қилаётган 1 миллион ортиқ муҳожири текшириб кўрилганда¸ уларнинг 1500 дан ортиғида ОИТВ аниқланган.

Расмий маълумотларга кўра¸ ОИТВ юқтирган муҳожирларнинг энг кўпи Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG